Қутлуғ ойнинг гўзал фазилатлари

Аллоҳ таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозосига кўра ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир - биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратди. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйди. Бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг бандаларига марҳаматли зот эканлигидандир. У кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилади. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган кунлардир. Булар Аллоҳ томонидан бандаларга ато этилган раҳмат шаббодаларидир. Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша ҳақиқий бахтиёр кишидир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бир умр яхшилик қилинг ва Аллоҳнинг раҳмат шаббодаларига йўлиқинглар! Албатта Оллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шаббодалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади".

 Рамазон ойи шундай раҳмат шаббодалари эсадиган қутлуғ ой саналади.  Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади.

Бу ойда Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Ҳадиси шарифларда айтилишича, бошқа пайғамбарларга ҳам айнан шу муборак кунларда муқаддас китоблар ва саҳифалар нозил қилинган экан. Бу ой тавба ва мағфират ойидир. Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичик гуноҳлари ўз - ўзидан кечириб юборилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: “Кимки, рамазонни (унинг фарзлигига) ишониб ва савоб умидида тутса, аввалги гуноҳлари кечирилади” (Имом Аҳмад ва Сунан соҳиблари ривоят қилишган).

Бу ой дўзахдан озод бўлиш ойидир. Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган. Яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган баъзи бандалар Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинадилар. 

Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ - маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади.

Бу ойда итоатсиз жин - шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл - оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайдилар.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти). Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).                                

 

Тошкент шаҳар, Олмазор тумани

“Абу Бакр Қаффол шоший” жоме масжиди

имом хатиби Қурбонали ТУРСУНОВ

22 Апрель, 2020 йил | 725