ХОЖА АҲРОР ВАЛИЙ ЖОМЕ МАСЖИДИ

 (15-аср) (Шайхонтоҳур тумани, «Гулзор» маҳалласи, Ҳақиқат кўчаси, 22) – меъморий ёдгорлик. Хожа Аҳрор қурдирган, шаҳарнинг бош жоме масжиди бўлган, Усмон Қуръони шу ерга келтирилган эди. 1875 йил чор маъмурлари томонидан бузиб ташланган. Усмон Қуръони Самарқандга олиб кетилган. 1886 йил маҳаллий аҳоли норозилигидан хавфсираган чор маъмурияти масжид биносини қайта қуриб берган. 1999 йил масжид пойдеворини бузиш пайтида уни шу йили қурилгани ҳақидаги ёзув топилган. Аммо руслар томонидан бунёд этилган бу иншоот масжид бўлмай, келгусида черковга мўлжалланган бўлган. Масжид биноси ичида меҳроб ўрнига икона ўрнатадиган хоччалар қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 26 январьдаги фармойишига асосан масжид қайта тикланган ва 1998 йил 16 июльда рўйхатга олиниб ишга туширилган. Масжид биноси 3000 намозхонга мўлжалланган. Асосан «Гулзор» маҳалласи, Чорсу бозоридаги сотувчиларга хизмат кўрсатади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

1 Июнь, 2018 йил | 1342