ВАҚФ сўзи нимани англатади ?

"ВАҚФ"

“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди. 

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида вақф ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган:

“Вақф” сўзи арабчадан олинган бўлиб — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк. Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганлигини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошқа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади. Бу тартиб Шарқнинг баъзи мамлакатларида ҳозир ҳам амалда. 

Вақф қуйидаги икки ишнинг бири билан ҳосил бўлади:

  1.  «Шу жойни вақф қилдим ё уни масжид қилдим» деганга ўхшаш вақфга далолат қилувчи сўз билан.
  2. Одамларнинг урфида вақфга далолат қилувчи иш-феъл билан. Масалан, ҳовлисини масжид қилиб қўйиб, унда ҳаммага намоз ўқишга изн берганга ўхшаш ёки ер-мулкини қабристон қилиб, унга ҳамманинг дафн қилинишига изн берганга ўхшаш.

 

Вақф қилиш ҳақидаги лафзлар икки қисмга бўлинади: 

Биринчи қисм: Очиқ лафзлар. Вақф қилдим, вақфга ушладим, фойдасини ҳаммага қилдим, (вақф деб) атадим каби. Булар очиқ лафзлар бўлиб, одатда вақфдан бошқа маънога далолат қилмайди. Шу лафзлардан бирини айтган бўлса, шу билан вақф бўлиб қолаверади ва яна қўшимча бошқа ишга ҳожат қолмайди.

Иккинчи қисм: Киноя (яъни, вақф маъноси тушуниладиган) лафзлар. Масалан, садақа қилдим, (ўзимга) ҳаром қилдим, абадийликка қолдирдим деганга ўхшаш сўзлар. Бу каби сўзларни киноя деб аталади. Чунки, улардан вақф маъноси ҳам, бошқа маъно ҳам тушунилиши мумкин. Ушбу лафзлардан биронтасини айтса, у билан вақфни ният қилган бўлиши ҳам шарт қилинади. Ёки у билан бирга очиқ вақфни ифода этувчи лафзлардан биронтасини қўшиб айтиши ёки киноя лафзларидан яна биронтасини қўшиши шарт қилинади. Масалан: «Шунча нарсани вақф қилинган садақа қилдим ё (ўзимга) ҳаром қилинган садақа қилдим ё абадийликка қолувчи садақа қилдим», деганга ўхшаш ёки «Шунча нарсани сотилмайдиган ва мерос қўйилмайдиган садақа қилдим» деганга ўхшаш.

"ВАҚФ"хайрия жамоат фонди.

30 Сентябрь, 2020 йил | 2955