Ҳаёлотларим ёхуд афсусдан аввал огоҳликка чақириқ

Ҳозир барчамиз коронавирус ҳақида кўп ва ҳўп гапларни эшитиб турибмиз. Фикримиз илмий асосга эга бўлмасада, бироқ мақсадимиз битта, кўрсатмаларга беэътибор бўлиб, карантин қоидаларига амал  қилмаётганларни афсусдан аввал огоҳликка чақириб қўйишдир.

Коронавирус, таъбир жоиз бўлса, эшикни беркитсангиз тешикдан бўлса ҳам ичингизга киришга ҳаракат қиладиган хавфли душман экан. Унинг мақсади битта, ҳаётимиз хизматчилари бўлган ички аъзоларимизни бирин-кетин фаолиятини яроқсиз ҳолга келтириш.

Аллоҳ аъзоларимизни жуда гўзал яратган. Коронавирус биринчи қайси аъзомизга айёрлик билан хужум қилса, у бошқа аъзоларга вазиятни сездирар экан. Кўнглимиз айниб, ичимиз бузилиб, ё иссиғимиз чиқиб: “Ҳой, инсон ичинга душман кирди. Ҳаракат қил, огоҳ бўл! Биз Аллоҳ берган имкониятларни ишга соляпмиз, иммунитетлар қарши курашяпти, лекин кучимиз етмайди, бизга ёрдам кучларини жўнат», дея хабар бераркан. Аллоҳнинг тавфиқи билан танамиз айтганларига “қулоқ солиб”, қўшимча дори-дармон кучларини юборганлар ўз ҳаётини сақлаб қоларкан. Бефарқлар ўзларига жабр қиларкан.

Қизиғи, дори ичингизга тушиши билан душман коронавирус билан қизғин, шафқатсиз жанг бошланаркан.

Азиз биродарим, бу жанг сизнинг ҳаётингиз устида, ҳа айнан сизнинг жонингиз учун бўларкан. Дори-дармон сақлаб қоламан, – деса, коронавирус мен ҳаётини поёнига етказиш учун кирганман, дер экан.

Энг қизиғи, ўша жанг сизни ичингизда, уни жанговор овозини қорнингиз қулдираши, алғов-далғов овозлар орқали, ожизгина тинглаб, дунёдаги ҳамма нарсаларни Яратгувчиси, фақат Ўзи хоҳлаган ишни қилувчи, Хокими мутлақ Аллоҳга таваккал қилиб, Ўзидан умид қилиб, ҳақиқатни тан олиб беҳол ётаркансиз.

Муддат-муддати билан безовта бўлиб хожатга борасиз. Ичингиздан бавл билан жангда қурбон бўлган қоп-қора чиқиндилар тушиб кетади. Хайратланасиз.

Жойингизга келиб, умидла ҳаёл сурасиз. Бу тушиб кетаётганлар шифо бўлсин деб, қабул қилган доривор сувларим, дори-дармонларим, ҳалок қилган вируслар чиқиндиси бўлсинда, дейсиз. Озгина ҳотиржам бўлиб, кайфиятингиз кўтарилади.

Афсуски, бироздан сўнг яна жанг бошланаркан, иссиқ чиқиб, иштаҳа бўғилиб, ғала-ғовур овозли жанга гувоҳ бўлиб ётаркансиз. Ҳаёлиздан: «И-е бояги чиқиб кетган, вируслар билан жангда ожиз қолиб, қурбон бўлган, шифо бўлсин деб ичган дори-дармон, ва таомларим эканмикин, наҳотки, вирус ғолиб келяпти, коронавирус сабаб ўлаётган инсонлар сафида кетиб қолсам-а”, деб тушкунликка тушиб қоларкансиз.

Бу жараён неча кун давом этишини ва натижа қайси томонни ғалабаси билан тугашини эса сиз ҳам, шифокор ҳам билмайди. Уни фақат Аллоҳ биларкан….

Азизлар, сизга хамир учидан патир қилиб, ҳаёлотдаги кечинмаларимни айтиб ўтдим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каъба зиёратига келиб,туясини боғламай Аллоҳга таваккал деб, кейин бебош туяни йўқотган шикоятчи бадавийга: “Аввал туянгни боғлагинда, кейин Аллоҳга таваккал қил!” дея бежиз айтмаганликларини унутмайлик.

Аввал карантин қоидаларига амал қилиб, бемор бўлсак шифокорга мурожаат қилиб, зарур дори-дармонларни ўз вақтида олиб, Аллоҳга таваккал қилсак, тўғри йўл тутган бўламиз. Чунки Аллоҳни иродаси сабаблар билан юзага чиқади. Йўқса қуруқ таваккал билан, юқоридаги бадавийга ўхшаб қоламиз. Аллоҳ асрасин!

Аллоҳ ҳамма беморларимизга Ўзи шифои комил берсин, уларга туну-кун хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари, соғлиқ-саломатлик, илмий муваффақиятлар, оилавий бахт ато этсин! Бу дардга чалинмаганларга эса дарддан омонлик берсин!

Бизни ёзишдан умидимиз, Яратган дуоиларингизда бизни ҳам ёдингизга солсин. Амин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Миршавкат Музаффар,

Паркент тумани «Бешкаппа» жоме

масжиди имом-хатиби

2 Октябрь, 2020 йил | 601