«Вақф» хайрия жамоат фондига Payme тўлов тизими орқали пул ўтказиш имконияти яратилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фондига Payme тўлов тизими орқали пул ўтказиш имконияти яратилди. Бу ҳақда KUN.UZ’ga фонд матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Вақф» хайрия жамоат фонди халқимизга қулайлик яратиш мақсадида, Payme тўлов тизими орқали хайрия қилиш имконини тақдим қилади. Сиз Payme орқали хайрия, закот фитр, ушр ёки вақф учун маблағ ўтказишингиз мумкин. Шуни алоҳида қайд этишни истардик-ки, юқорида зикр қилинган хайрия турларининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ҳисоб-рақам очилган бўлиб, келиб тушган маблағлар шариат кўрсатмасида айтилган ўринларга етказилиши таъминланади.

Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади.

Пул ўтказмасини амалга ошириш учун Payme иловасидан «Хизматга тўлов» тугмаси босилади.

Сўнгра «Хайрия» бўлимидан «Вақф» хайрия жамоат фонди белгиланади.

Тўлов турларидан бири танланади

Керакли сумма киритилади

«Олдинга» тугмасини босиш орқали тўлов тасдиқланади

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, фондга ҳозирги кунда «Новза» масжидининг имом-хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов раҳбарлик қилади.

11 Июнь, 2018 йил | 1583