Тақводорларга ҳушхабарлар

Аллоҳ кимларни яхши кўради?

“Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради”. (Оли Имрон,76)

“Албатта Аллоҳ тақводорларни севадир”. (Тавба,7)

 

Аллоҳ кимлар билан биргадир?

“Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Бақара, 194)

“Ва билингки, албатта Аллоҳ тақводорлар биландир”. (Тавба-36, 123))

“Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир”. (Наҳл-128)

 

Аллоҳ кимлардан қабул қилади?

“Албатта Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади”. (Моида,27)

 

Аллоҳ кимларни яхши танийди?

“Аллоҳ тақводорларни яхши билувчи Зотдир”. (Оли Имрон-115, Тавба-44))

 

Аллоҳ кимларнинг дўстидир?

“Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир”. (Жосия-19)

 

Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматли кишилар ким?

“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”. (Ҳужурот-13)

 

Аллоҳ кимларга баракот ёғдиради?

“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик”. (Аъроф-96)

 

Аллоҳнинг Каломидаги хушхабар, насиҳат ва эслатмалардан ким ибрат олади?

“Бас, албатта, тақводорларга хушхабар беришинг ва у билан саркаш қавмларни огоҳлантиришинг учун у (Қуръон)ни тилингга осон қилдик”. (Марям-97)

“Батаҳқиқ, Биз Мусо ва Ҳорунга Фурқонни тақводорлар учун зиё ва эслатма қилиб бердик”. (Анбиё-48)

“Батаҳқиқ, Биз сизларга очиқ-ойдин оятларни, сиздан олдин ўтганлардан мисолни ва тақводорлар учун ваъзни нозил қилдик”. (Нур-34)

“Ва албатта, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир”. (Ал-Ҳаққа-48) 

 

Хайрли оқибатлар ким учун?

“Ва оқибат тақводорларникидир”. (Аъроф-128, Қасос-83)

“Бас, сабр қил, албатта оқибат тақводорларникидир”. (Ҳуд-49)

“Охират эса, Роббинг наздида тақводорлар учундир”. (Зухруф-35)

 

Жаннат кимлар учун яқиндир?

“Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди”. (Шуаро-90)

“Ва жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди”. (Қоф-31)

 

Хақиқий дўстлар кимлар?

“Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир”. (Зухруф-67)

Тақводорларнинг мукофоти ҳамма каби бўладими?

“Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!” (Сод-28)

 

Тақводорларнинг сифатлари қандай?

“Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”. (Бақара-2-3)

 “Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсани олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва мол мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир”. (Зорият-15-19)

 

Уларнинг мукофоти қандай?

“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир”. (Ҳижр-46)

“Ва тақво қилганларга: “Роббингиз нимани нозил қилди?” дейилди. Улар: “Яхшиликни”, дедилар. Чиройли амаллар қилганлар учун бу дунёда чиройли (мукофот) бордир. Албатта, охират диёри яхшироқдир. Роббиларининг диёри нақадар яхшидир. У адн жаннатидир. Унга кирганларида остидан анҳорлар оқиб турар, улар учун у ерда истаган нарсалари бор. Аллоҳ тақводорларни ана шундай мукофотлар”. (Наҳл-30,31)

 “Бу эслатмадир. Албатта, тақводорлар учун гўзал оқибат. Улар учун эшиклари очиқ адн жаннатлари бордир. У ерда ёнбошлаган ҳолларида ундаги кўплаб мевалар ва шароблардан чақирарлар. Уларнинг ҳузурида кўзларини (номаҳрамдан) тийган тенгдош (ҳур)лар бор. Бу сизга ҳисоб куни учун ваъда этилган нарсалардир.”. (Сод-49,50,51,52,53)

 “Албатта, тақводорлар омонлик жойида, боғу роғлар ва булоқларда бўлурлар. Улар шойи ипак киюрлар, бир-бирларига юзма-юз ҳолда (ўлтирурлар). Ана шундай! Ва Биз уларни ҳури ийнларга уйлантирдик. Улар у ерда омонлик ҳолларида турли меваларни чақирурлар. Улар у ерда биринчи ўлимдан бошқа ўлимни тотмаслар. У зот уларни жаҳийм азобидан сақлар. Бу Роббингдан бўлган фазлдир. Ана шу улкан ютуқдир”. (Духон-51-57)

“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва нозу неъматлар ичидадирлар. Роббилари уларга берган нарсалардан лаззатдадирлар. Роббилари уларни жаҳаннам азобидан сақлар”. (Тур-17-18)

“Албатта, тақводорлар жаннату анҳорларда. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадирлар”. (Қамар-54-55)

“Албатта тақводорлар учун Роббилари ҳузурида наъийм жаннатлари бордир”. (Қалам-34)

 “Албатта, тақводорлар соялар ва булоқлардадир. Ва ўзлари хоҳлаган мевалардадир. Енглар ва ичинглар, ош бўлсин. Қилган амалларингиз сабабидандир. Албатта, Биз муҳсинларни шундай мукофотлармиз”. (Мурсалат-41-44)

“Албатта, тақводорларга ютуқ бордир: боғ-роғлар, узумзорлар бордир. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир. У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар. Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир”. (Набаъ-31,32,33,34,35,36)

 

Тақво қилганларга яна қандай мукофотлар бор?

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур”. (Талоқ-2-3)

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб берадир”. (Талоқ-4)

“Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур”. (Талоқ-5)

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

2 Январь