Меҳрга ташна кўнгилларга шодлик улашилди

Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар билан диний-маърифий тадбирлар илк бор ўтган йили Диний идора ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бошланган эди. Кейинчалик Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳам шундай тадбирлар давом эттирилди.

Жорий йилнинг 20 январь куни Самарқанд вилоятида “СИЗ БИЗГА КЕРАКСИЗ!” мавзусида диний-маърифий суҳбат ўтказилди ва маърузаларнинг сурдо таржимаси олиб борилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди мутахассислари ва Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари иштирок этди. Самарқанд вилояти «Хўжа Исҳоқи Вали» жоме масжидида ўтказилган тадбирга вилоятда яшовчи 350 нафар эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахслар таклиф қилинди.

Тадбирда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар эътиборга, эҳтиромга ҳақли экани, меҳр-оқибат кўрсатиш, қалбларга илиқлик улашиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканига алоҳида урғу берилди. 

Сўзга чиққан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов томонидан инсон мукаррам зот экани, барча башарият бир ота-онадан тарқалгани ҳамда инсонлар яхшилик, эзгу ишларга буюрилгани ҳақидаги панду насиҳатларни келтирди. Бундан ташқари, нотиқлар томонидан илм-маърифат олишга бошқалар сингари эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг ҳам ҳаққи борлиги, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва муаммоларини ечишда ҳар қандай ёрдамни аямасликка алоҳида урғу қаратилди. Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Ушбу тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди.

Ташриф буюрганлар ичида тўғри йўлдан адашиб, кейин ҳидоят топган кишилар ҳам иштирок этди. Шу нуқтаи назардан, Ислом динининг мазмун-моҳияти, инсонпарварлик ғоялари ва меҳр-мурувватга доим буюриши тўғрисида ҳам сўз юритилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Зоҳиджон Тўраев томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган хайрия ишлари, саховат тадбирлари ҳақида маълумот берилди ҳамда мана шундай инсонлар доимо Фонднинг кўмагида экани айтиб ўтилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова ушбу йўналишда Диний идора ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахсларга совғалар топширилди. Тадбирдан кейин вилоятдаги кўр, кар, соқов бўлган, жисмоний нуқсони бўлган ногирон кишиларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Келгусида шундай диний-маърифий тадбирлар Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларида манзилли ўтказилишига келишиб олинди.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

21 Январь, 2019 йил | 1301