"Меҳр" карвони Сирдарёда

2020 йилнинг 6 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ташаббуси билан Сирдарё вилояти “Сардоба” сув омборидаги тошқинда талофат кўрган юртдошларимизга “МЕҲР” карвони Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ҳамда Боёвут туманига етказилди. Ушбу инсонпарварлик ёрдами бевосита вилоятнинг туман ва шаҳарларида хизмат қилаётган диний соҳа ходимлари томонидан ташкил этилди. Унда уй жиҳозлари ва техника воситалари, мебел, кўрпа-тўшак ва ётоқ тўпламлари, жуда кўп миқдорда аптисептик ва шахсий гигиена воситалари, эркаклар ва аёллар, болалар учун кийим-кечаклар, шунингдек, бирламчи эҳтиёждаги озиқ-овқат маҳсулотлари – жами 900 миллион сўмдан ортиқроқ моддий ёрдам – ўрин эгаллаган.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ҳамда вакиллик ходимлари, имом-хатиблар тошқиндан талофат кўрган, бошпанасиз қолганлар билан улар жойлаштирилган масканларга бориб учрашдилар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қалбларига таскин улашиш мақсадида маърифий суҳбатлар ўтказдилар. Муборак Рамазон ойи билан қутлаб, бу синовлар ўтиб кетишини таъкидлаб далда бердилар. Сабр билан бу кунларни енгишлари, матонат ва иродалари янада мустаҳкам бўлишига ишонч билдирдилар. Яқин кунларда улар учун барпо этиладиган янги қишлоқ, янги шаҳарча ва қўрғонларда яна учрашишликка умид қилиб, Аллоҳ таолога хайрли дуою фотиҳалар қилдилар. Ўз навбатида сирдарёликлар ҳам бутун халқимизга ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси 271-оят).

Қилинган эзгу ишлар, эҳсонларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритишдан мақсадимиз шуки, мўмин-мусулмонлар доимо қийинчилик онларида, мушкул дамларда биродарларига ёрдам қўлини чўзишни ўзларининг бурчи деб билишларини, шунингдек, юртдошларимизнинг ҳар қандай синовли кунларни бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб енгишга уринишлари, бир-бирини қўллаб-қувватлашга, кўмаклашишга ошиқишларини кўрсатишдир. Мамлакатимизнинг қайси ҳудудига, қай ташкилотига назар солманг, ҳамма Сирдарё аҳолисига кўмакка ошиққан, ҳаттоки кичкинтойларнинг ҳам ўз жажжи биродарларини ҳушнуд этиш учун ўзларининг севимли ўйинчоқларини бераётганлари таҳсинга лойиқ, десак муболаға бўлмайди. Нуроний отахонлар, муштипар онахонлар, қўйингки, барча-барчанинг дуолари оғир кунларда синовга учраган юртдошларимизга аталган. Бугунги кунда ҳар бир кишининг асосий мақсади қийинчилик вақтида биродарларига озгина бўлсада қувонч улашиш, дилларга хурсандчилик олиб киришдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа қилишга шошилинг, чунки балолар(офатлар) садақа томонга қадам қўя олмайди ва яна садақа қилишга шошилинг, чунки садақа балони қайтаради ва балонинг (ерга) тушишини тўхтатади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Амалга оширилаётган хайрли ишлар, чин дилдан улашилаётган совғаю эҳсонлар, ихлосла қилинаётган эзгу дуолар сабаб Аллоҳ таоло бу синовли кунларни тез орада ортда қолдирсин, юртимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларимизга қут барака, офият ато қилсин!

 

fitrat.uz

8 Май, 2020 йил | 12