Қирғизистон билан чегарада можаро келиб чиқди. ДХХ вазият бўйича ахборот берди

31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиқди.

 

ОАВ маълумотига кўра, Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ, Фарғона вилояти таркибидаги Сўх туманида жойлашган Чашма қишлоғида сув учун катта жанжал рўй берган. Икки қишлоқ аҳолиси булоқ ўзига тегишли эканини даъво қила бошлаган.

Интернетда тарқалган видеоларда томонлар бир-бирини тошбўрон қилгани, чегара симтўсиқларини кўчириб олишга уринганини кўриш мумкин.

ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати ушбу ҳодиса бўйича муносабат билдирди.

Қайд этилишича, юзага келган вазиятни бартараф этиш учун Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий маъмуриятларининг масъул раҳбарлари воқеа жойида учрашган.

«Ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган. Можаронинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда», дейилади ДХХ Чегара қўшинлари хабарида.

Чашма қишлоғининг бир қисми Қирғизистоннинг Қадамжой тумани ҳудудида жойлашган
1 Июнь, 2020 йил | 1098