Ислом цивилизацияси маркази шарқона нақшли италян ойнаси ва биллур буюмлари билан безатилади

Ўзбекистондаги ислом цвилизацияси марказини барпо этиш жараёнида илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси мазкур соҳага кенг билим, амалий тажриба ва техник имкониятларга эга етакчи Италия компанияларини лойиҳада иштирок этишга жалб қилиш бўйича иш олиб борди.

Жумладан, Италия ва Европанинг “iDogi” (венеция шиша ва биллурларидан йирик маҳсулотларни ишлаб чиқариш), “Margraf” (табиий мармар ишлаб чиқариш ва ўрнатиш), “Lasvit” (шиша ва ёритиш буюмлари), GTArchitects (архитектура ва интерьер дизайни) ва Novello Giardini (ландшафт дизайни) каби компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борилади. Уларнинг вакиллари бир неча маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрган ва дунёда ўхшаши бўлмаган ИЦМ комплексини яратишга қаратилган эксклюзив таклифларни тақдим этишган.

Карантин чекловларини инобатга олган ҳолда ва ушбу лойиҳа бўйича мулоқотни давом эттириш учун мамлакатимизнинг Римдаги дипломатик ваколатхонаси Италиянинг “iDogi” компанияси билан Ўзбекистон қурилиш вазирлиги, Тошкент шаҳар маъмурияти, ИЦМ дирекцияси ва “Trest 12” қурилиш компанияси раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида видеоанжуман ўтказилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Анжуман давомида “iDogi” бош директори Доменико Каминити ва махсус лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича менежер Сильвия Форментин компаниянинг батафсил тақдимотини тайёр маҳсулотларнинг энг яхши намуналари галереясида виртуал ташриф буюриш билан бир қаторда компаниянинг ИЦМ бўйича таклифларини тақдим этдилар.

“iDogi” асл Усмон Қуръонини, шунингдек, марказий заллардаги авизоларни жойлаштириш учун ИЦМ да биллур павильон яратишни таклиф қилмоқда. Павильон ва авизалар эксклюзив дизайни бўйича худди шу услубда биллурдан, шарқона нақшли венеция ойнасидан, малахит ва лапис лазули билан безатилади.

“iDogi” раҳбари Д. Каминити 2019 йил октябрь ойида Ўзбекистонга келган. Унинг сўзларига кўра, Венеция ва Ўзбекистон узоқ тарихий алоқаларга эга. Каминити таъкидлаганидек, XIII асрда таниқли венециялик савдогар ва сайёҳ Марк Поло ўзининг “Дунёнинг ранг-баранглиги тўғрисида” номли китобида ўзбек шаҳарлари ва одамлари ҳақидаги таассуротларини баён этган.

Марк Поло ва бошқа венециялик савдогарларнинг юклари Буюк Ипак йўли бўйлаб ташилган. “Биз ўзбек халқининг маданий меросига катта ҳурмат билан қараймиз. Бу бизни улуғвор тарихий лойиҳада иштирок этишга руҳлантирди”, деди Д. Каминити.
Ўз навбатида ИЦМ дирекцияси вакиллари "iDogi" дизайнерлари ва меъморларида катта таассурот қолдирган Марказнинг тузилиши ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил тақдимот қилдилар.

Конференцияда иштирок этган Халқаро алоқаларни ривожлантириш институтининг илмий маслаҳатчиси, академик Турсунали Қўзиев бундай деди: “Ўзбекистон ислом дини дунёсида шон-шараф келтирган кўплаб олимлар ва диншуносларнинг ватани ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш миллий ғоясини асосоли равишда илгари сурди. Марказ ўзининг улуғворлиги, гўзаллиги ва мазмуни билан ўзбек халқи ва бутун ислом оламининг фахрига айланади. Шуниси ишонарлики, Италиянинг етакчи компаниялари кўп асрлик маданий анъаналарни сақлаб қолиш ва уларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштиришда етакчи бўлган лойиҳада иштирок этишга зўр қизиқиш билдирмоқда.”

Онлайн учрашув иштирокчилари Тошкентда барпо этилаётган ИЦМ учун “iDogi” маҳсулотларининг бадиий услуби, ранглари ва параметрларини биргаликда кўриб чиқиш ва келишиш учун маълумот ва материаллар алмашишни келишиб олдилар. Ўзбекистон ва Италияда карантин чекловлари олиб ташланганидан сўнг республикага жалб қилинган ташкилотлар ва италия компанияси вакиллари делегацияларининг ташрифлари алмашинуви бўлиб ўтади, деб ёзади “Дунё” ахборот агентлиги.

Маълумот учун, “IDogi” 1968 йилда Венеция (Италия) шаҳрида ташкил этилган. У бадиий қандиллар, фавворалар, балустрадлар, қўлда ишланган Мурано(Венеция) ойнасидан стол ва стуллар, шунингдек, қадимий анъаналарга мувофиқ, биллур ишлаб чиқаради.

Суюқ ойнага солинган ва ярим қимматбаҳо тошлар билан қопланган олтин баргли маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ноёб усулларидан фойдаланади. Компания АҚШ, Буюк Британия, Қувайт, БАА, Қатар, КСА ва Россияни ўз ичига олган дунёдаги кўплаб таниқли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

14 Август, 2020 йил | 758