Ҳаж мавсуми 4 июндан бошланади

Ўзбекистонда ҳаж мавсуми 2023 йил 4 июндан бошланади. Мамлакатимиздан Саудия Арабистонига шу йил 2023 йил 4 июндан 19 июнга қадар ҳар куни 4 та авиақатнов амалга оширилади.

Ўтган йилларда зиёратчиларимиз Республикамизнинг 7 та ҳудудий аэропортларидан кузатилган бўлса, бу йил янада қулайлик яратиш мақсадида, ўлкамизнинг 10 та ҳудудий аэропортларидан – Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Фарғона-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Термиз-Мадина Урганч-Мадина, Нукус-Мадина ва Навоий-Мадина йўналишлари бўйича зиёратчилар ҳаж сафарига кузатилади.

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика Жамоатчилик кенгаши “Ҳаж – 2023” мавсумига тайёргарлик ишларини турли йўналишларда амалга оширилмоқда. Жумладан, зиёратчиларни гуруҳларга ажратиш, элликбошилар бириктириш, уларнинг малакасини ошириш, шифокорлаш ажратиш, ошпазларни жалб этиш ишлари якунига етказилди. Саудия Арабистонида дастлабки ишчи гуруҳ мавсумга тайёргарликни олиб бормоқда.

Тажрибали уламолар томонидан элликбошилар билан зиёратчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан сафар олди ўқув машғулотлари ўтилди. Айни кунларда элликбошилар эса зиёратчилар билан сафар олди ўқув машғулотларини бошлади. Ҳаж амалининг фазилати, рукнлари, сафарга тайёргарлик кўришда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги масалалар баён этилмоқда. Шунингдек, ҳаж ибодатининг одоблари ва тартиб-қоидалари ҳам тушунтирилмоқда.

Зиёратчиларга ҳаж рисоласи ҳам тақдим этилди. Ушбу қўлланма икки қисмдан иборат бўлиб, ҳаж ибодатининг инсон руҳиятига таъсири ва сафарда ўқиладиган дуолар жамланган.

Бундан ташқари, сайт ва ижтимоий тармоқларда ҳаж ибодати ҳақидаги туркум суҳбатлар, тавсиялар, мақолалар, шаръий савол-жавоблар бериб борилмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳаж мавсуми 4 июндан бошланади
28 May, 2023 yil | 337