Тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини яна-да ривожлантириш Вақф хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бугунгача фондга бириктирилган зиёратгоҳ ва тарихий обидаларда, фонд ҳисобидан кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 13 март санасида фонд раҳбари Зиёвуддин домла Мирсодиқов, раҳбарининг биринчи ўринбосари Музаффар Саломов ҳамда фонд бўлим бошлиғи Илҳом Нуруллаевлар Қорақалпоғистон республикаси Элликқалъа туманидаги «Абдуллоҳ Норинжоний» масжиди ҳамда Беруний туманидаги «Султон Увайс бобо» зиёратгоҳларига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.
Дастлаб мутасаддилар 11 асрга тегишли «Абдуллоҳ Норинжоний» масжидида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, у ердаги шароитларни кўздан кечирди.
Ташрифнинг иккинчи манзили Беруний туманидаги хоразмшоҳлар даврида бунёд этилган «Султон Увайс бобо» мақбараси бўлди. Такидлаш жоизки, ўтган 1 йил давомида ушбу қадамжони обод этиш мақсадида фонд томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Қилинган ишлар билан яқиндан танишган З.Мирсодиқов ҳар иккала манзилда ҳам зиёратчилар учун янада қулайликлар яратиш бўйича керакли кўрсатмаларни бериб ўтди.
Вақф фонди Матбуот хизмати