Қарз олди-бердисидаги закот ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз(с.а.в.)га мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Бир кишининг нисобга етадиган маблағи бўлса, лекин қарзи ҳам бўлса, закот берадими?

Жавоб: Қарзидан ортган моли нисобга етса, ундан закот чиқаради. Қарзлар икки қисмга бўлинади: Аллоҳ таоло томонидан талаб қилинган қарзлар; бандалар томонидан талаб қилинадиган қарзлар.

Бир кишининг зиммасида назр, каффорат, садақаи фитр, таматтуъ ҳажининг қурбонликлари, қурбон ҳайитининг қурбонлиги каби қарзи бор бўлса ва закот нисобига етадиган маблағи ҳам бўлса, аввал закотини адо қилади, чунки бу қарзлар банданинг ҳаққи эмас.

Бировдан олинган қарз, сотиб олинган мол эвазига берилиши керак бўлган маблағ, етказилган зарар ёки жароҳатнинг жаримаси ёки товони, адо қилинмаган нақд маҳр, келишилган, лекин берилмаган нафақа, бировнинг қарзига кафил бўлиш билан қарздорга айланиш, адо қилинмаган закот кабилар бандалар томонидан талаб қилинадиган қарз бўлгани учун нисоб миқдоридан чиқариб юборилади, яъни мавжуд маблағдан аввал ушбулар адо қилинади ва қолган маблағ нисобга етса, шундан кейингина ундан закот берилади.

Шу ўринда бир нуқтага эътибор қаратиш лозим. Агар бир кишига закот бериши вожиб бўлганидан кейин закотини адо қилмай, кечиктирган бўлса ва кейин юқоридаги қарзлардан бирортасига дуч келса, аввал закотининг қарзини адо қилади, кейин қолган қарзларини беради. Чунки закот вожиб бўлганидан кейин бу қарзларга дучор бўлиш закотни соқит қилмайди. Аксинча бўлса, аввал закотни соқит қилади.

Савол: Қарзга берилган маблағларнинг закоти кимга вожиб бўлади?

Жавоб: Усулий қоида шуки, берилган қарзнинг закоти қарз берувчининг зиммасига лозим бўлади, қарз олувчига эмас. Қарзлар нисобга етиб, бир йил тўлса, қарзлардан закот бериш вожиб бўлади. Лекин дарҳол эмас, балки қарз ёки тижорат молининг бадали каби қарзларнинг камида қирқ дирҳами қўлига текканда шундан бир дирҳам закот беради. Қачон қирқ дирҳам олса, ундан бир дирҳам закот чиқариб бораверади. Қўлига тегмаган қарзларидан то қўлига тегмагунича закот бермай турса бўлади. Қўлига теккач, ўтган йилларнинг закотини беради.

Савол: Қарзи бор киши закотини қандай адо қилади?

Жавоб: Агар унинг қарзи қўлидаги молидан кўп бўлса, қўлидаги моли ўзиники бўлмай, балки ҳақдорларники саналиб, ундан закот бериши вожиб бўлмайди. Агар қўлидаги моли қарзидан кўп бўлиб, қарзини чиқарганидан кейин қолган мол нисобга етса, қолган молдан закот беради. 

Савол: Закот беришда узоқ муддатли қарзлар чиқариб юбориладими? Масалан: беш йилда узиб юборишга келишиб, йигирма миллионга уй олса ва қўлида ўн-ўн беш миллион пули бўлса, у кишига закот вожиб бўладими?

Жавоб: Қарз икки турга бўлинади: муъажжал, яъни нақд берилиши керак бўлган қарз ва муажжал, яъни кейинчалик беришга келишилган қарз. Саволдаги қарз муажжал (кейинчалик берилиши вожиб бўлган) қарзга киради ва закот беришга монелик қилмайди. Абу Ҳанифадан қилинган ривоятда: «Кейинчалик беришга келишилган қарз закотни ман қилмайди», дейилган.

Савол: Қандай қарзлар закотни вожиб қилмайди?

Жавоб: Бир кишининг маълум миқдорда маблағи бўлиб, қарзи ҳам бўлса, ўша маблағ ҳожати аслияга машғул бўлиб қолади ва улардан закот бериш вожиб бўлмайди.

Савол: Бировга қарз берган киши берган қарзидан закот чиқарадими?

Жавоб: Қарз берган одам берган нарсасидан буткул умидини узган бўлса, ундан закот чиқармайди. Мабодо умидини узган қарзи кейинчалик қайтиб келса, қўлига теккан йили учун закот чиқаради. Агар умидини узмаган бўлса, ундан закот чиқаради. Лекин қўлига теккунича закотни кечиктириши мумкин. Қўлига теккач, ўтган йиллари учун ҳам закот чиқаради. Қарз олган киши инкор қилса, қарз берувчида ҳужжат бўлса, Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг наздида бундай молдан закот вожиб бўлмайди, шуниси саҳиҳроқ. Раҳматий бунга (закот бермасликка) мойил бўлиб, «Замонамизда қарздор қарзига ҳам, маблағига ҳам, маблағи борлигига ҳам иқрор бўлади. Лекин ҳақдор ундан қарзини ундириб олишга қодир бўлмайди. Шунда ўша мол йўқнинг ҳукмидадир. Ашраф Алий Таҳонавий «Имдодул фатаво» асарида шундай фатво берган.

Савол: Бир киши яшаш учун ўн тўрт миллионга уй сотиб олиб, ярим нархини тўлади. Қолган ярмини ҳали тўламагани учун уй унинг ихтиёрига ўтмади. Бундай ҳолатда харидор сотувчига берган етти миллион пулидан закот берадими?

Жавоб: Сотувчи билан харидор ўртасида «олдим-сотдим» сўзлари айтилганидан кейин ҳали уй харидорнинг номига ўтмаган бўлса ҳам, байъ мукаммал бўлади ва у сотувчига берилган маблағдан ҳам, зиммасидаги қарздан ҳам закот бермайди.

Савол: Тақсит (нархини бўлиб тўлаш йўли) билан қилинган савдода қайси томон закот беради?

Жавоб: Қоида шуки, закот ҳамма вақт сотувчининг зиммасига вожиб бўлади.

Савол: Бир киши уловини ҳар йили уч миллиондан тўлаб туриш шарти билан уч йилга тўққиз миллионга сотса, сотувчи ҳар йили қўлига тегадиган уч миллиондан закот берадими ёки ҳали қўлига тегмаган тўққиз миллионданми?

Жавоб: Сотувчи уловни тўққиз миллионга сотганида харидор тўққиз миллион қарздор бўлди. Қарзга берилган молдан закот чиқарилади. Шунинг учун ҳар йили ҳақнинг ҳаммасидан закот чиқаради, яъни бир кишининг олдида беш юз минг пули бўлса, ундан ташқари одамларда тўққиз миллион пули бўлса, у киши закотга эга инсон саналади ва унинг зиммасига тўққиз ярим миллион пулидан закот чиқариш вожиб бўлади.

Савол: Вафот этган кишининг қарзини бошқа одам ўз закотидан адо қилиши жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас, чунки бунда закот маййитга мулк қилиб берилмайди. Маййитнинг қарзи закот билан тўланмайди, чунки унда закотнинг рукни бўлган «мулк қилиб бериш» йўқдир. Закот маблағи билан масжид ҳам қурилмайди, ўлик ҳам кафанланмайди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)

25 Сентябрь, 2020 йил | 2070