Вақф давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк ҳисобланади. Масалан, уй-жой, масжид, мадраса, шифохона, мактаб, кўприк ва бошқа шу кабилар вақф мулки бўлиши мумкин. Манбаларда мадраса, масжид, мактаб,шифохоналар вақф мол-мулклари сифатида ажратилгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши ҳам мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошқа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туришлари ҳам жоиз бўлади.
“Вақф” арабча сўз бўлиб, “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларини англатади. Вақф – нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
Вақф кўчмас мулк – бинолар, боғлар ва шу кабилар ҳамда кўчар мулк – фойдаланилгандан сўнг асли қолувчи ашёлар, масалан, ишлаб чиқариш дастгоҳлари кабиларни ўз ичига олади. Вақф ишлари Исломда мустаҳаб амаллардан саналади. Фойдаланилгандан сўнг асли қолмайдиган нарсалар – пул маблағи ёки таомлар вақф бўлмайди. Улар садақа ҳисобланади.
Динимизда қуйидаги оят ва ҳадислар вақфнинг шаръий жорий қилинганига далолат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз!” (Бақара, 267).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Мадина шаҳрида ансорийлар ичида мол-мулки энг кўп киши эди. Мол-мулки ичида “Байруҳо” боғи энг маҳбуби эди. Бу боғ масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боғга кириб, ундаги ширин сувдан ичар эдилар. Ўша кунларда “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз”, деган мазмундаги ояти карима нозил бўлганда, Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло: «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» деб баён қилди. Мол-мулким ичида мен учун энг маҳбуби “Байруҳо”дир. Уни Аллоҳ учун садақа қилдим, Аллоҳнинг ҳузуридаги яхшилиги ва савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, Сиз уни ўзингиз хоҳлаган жойга ишлатинг”, деди. Шунда У зот: “Яхши, бу фойда берувчи мол, бу фойда берувчи мол. Бу боғ ҳақида нима деяётганингни тушундим. Мен уни қариндошларингга ишлатсанг дейман”, дедилар. Абу Толҳа розияллоҳу анҳу: “Ҳудди шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. Кейин уни Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қариндошлари ва амакисининг ўғилларига тақсимлаб берди.
Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган вақтларида дирҳам ҳам, динор ҳам, қул ҳам, чўри ҳам, қўй ҳам қолдирмадилар. Фақат оқ хачири, силоҳлари ва садақа қилган ерлари қолди”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин қолган нарса бор-йўғи урушда ишлатадиган силоҳ ва битта хачир бўлган. Фатҳ қилинган ерлардан кўплар қатори теккан улушларини садақа, вақф қилиб қўйган эдилар.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: садақаи жориядан, манфаатли илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, дедилар.
Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади. Киромул котибин фаришталар унинг номаи аъмолига зарра миқдорича яхшилиги бўлса ҳам, ўшанга яраша савобини ёзиб туради. Агар бемор бўлиб, узр ила одатдаги яхшилик амалини қила олмай қолса ҳам фаришталар унга худди ўша амални қилгандек савоб ёзади. Вақти соати келиб инсон вафот этса, яхши амалларини тамоман қилаолмай қолади. Бундан кейин қилишдан ҳам умид узилади. Энди ундан ҳаётлигидаги амаллари – қиладиган ибодат ва яхшиликларига ёзиладиган савоблар ҳам кесилади. Намоз ўқиганда, рўза тутганда, тиловат, зикр қилганда ва бошқа яхши амалларидан ёзиладиган савоблар тўхтайди. Чунки энди у вафот этди. Ибодат қилишдан, амали солиҳ қилишдан тўхтади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда тирик чоғида солиҳ амални кўп қилиб қолишга уринмоғи лозим. Шу билан бирга, мўмин кишига тириклик чоғида охиратни ўйлаб, вафотидан кейин ҳам савоби бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисларида одам боласи вафотидан сўнг амали кесилишини айтиш билан бирга, ундан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар учта эканини таъкидламоқдалар. Улардан бири “Садақаи жория” деганда, мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Масалан, кўпчилик фойдаланиши учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир. Бу нарсалардан мўмин-мусулмонлар фойда олиб турсалар, ўша ишларни қилган одамга унинг вафотидан кейин ҳам савоби етиб туради.
Мусулмонлар бу тоифа ишларни қадимдан ихлос билан қилиб келишган. Ислом оламининг турли жойларида кўплаб вақфлар ташкил қилганлар. Бева-бечораларга,толиби илмларга, мусофирларга, ҳожиларга, қарияларга, ҳатто эгасиз, адашиб қолган ҳайвонларга аталган вақфлар ҳам бўлган. Ўша вақфлар орқали мазкур тоифалар доимий равишда манфаат олиб турган. Табиийки, улардан ҳосил бўлган савоблар эгаларига уларнинг вафотидан кейин ҳам бориб турган. Агар садақаи жориялари қиёматгача мусулмонларга фойда бериб турса, уларга қиёматгача савоб қўшилиб тураверади.
Яна бир ҳадиси шарифда Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилади: “Ҳазрати Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг Ҳайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз?” деди. У зот: “Аслини ушлаб тургин-да, тушган фойдани садақа қилиб тур”, дедилар.
Вақф қилишдан хайрия ишларга бел боғлаб, Аллоҳнинг амрига буйсуниш, Ислом уммати бир-бирини қўллаб-қувватлаш, жамиятда тенглик, ўзаро биродарликни уйғотиш, киши жамият олдида ижтимоий-иқтисодий мақсадларини амалга ошириши, силаи раҳм ва ҳожатманд инсонлар эҳтиёжини таъминлаш кабилар асосий мақсад қилинган.
Инсонлар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлашда вақфнинг ўрни жуда катта экани маълум. Вақф сабабли эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ва бева-бечораларнинг моддий таъминоти яхшилади. Шунингдек, жамиятнинг илмий тараққиёти учун аҳли илмларнинг таъминоти кафолатланади. Вақф ёрдамида масжид ва мадрасалар каби омма учун манфаатли бўлган турли иншоотлар бино қилинади. Вақф сабабли инсон улкан ажр-савобни қўлга киритади, банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилгани учун бу амал мустаҳаб амали ҳисобланади.
Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни қўллаб-қувватлаш ҳамда диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашади. Энг муҳими, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлайди.
Кўнгилларга хурсандчилик улашадиган мана шундай амалларни адо этиш орқали ўз маблағларини динимиз манбаларида белгиланган кишиларга етказишни истаган мўмин-мусулмонлар Вақф хайрия жамоат фондининг ҳисоб рақамига закот ва фитр садақаларини ўтказишлари мумкин.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати