Илмнинг дунёдаги фазли

Имом Абу Юсуф бу воқеа содир бўлгунича ўта фақир киши бўлганлар. Кунларнинг бирида Ҳорун ар-Рашид бир кишига бундай савол берди: “Бир аёл эрига сиз дўзаҳ аҳлидансиз, деди. Эри эса агар мен дўзаҳ аҳлидан бўлсам, сен талоқсан, деди. Бунинг масаласи нима бўлади?”. У Боғдоддаги фақиҳлардан бу масалани сўраб чиқди. Бироқ улардан жавоб бўлмади. Шунда Абу Юсуфдан сўралганда: “У киши Роббисидан қўрқиб ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарадими, дедилар. Савол берувчи ҳа, деди. Унда унинг қасами бекор, талоғи тушмайди, дедилар. Нима учун? деб сўради. Чунки Аллоҳ таоло:

وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَىٰ فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَىٰ
“Ва аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир”, деган дедилар (Назиъаат сураси, 40-41 оятлар).Савол берувчи: “Ҳа, Аллоҳ тўғри айтди ва сиз ҳам”, деди.

Ҳорун хурсанд бўлганидан имомни дуру-жавҳарлар билан сийлади ва ўзига яқин олиб, мамлакатдаги қозиларнинг қозиси этиб тайинлади. Шунингдек, сафарларининг аксарида имомни ўзи билан олиб кетар, ҳатто ҳажга борганида ҳам бир маркабнинг тахтиравонида бирга, ёнма-ён олиб кетар эди.
Буларнинг барчаси илмнинг баракаси, фазли ва шарафидандир. Зотан, фиқҳ илми илмларнинг энг шарафлисидир. Чунки фиқҳ диннинг асосидир.

“Ал-Жамъу байнал фатва ваттақва” асаридан
Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби
Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли таржимаси

Илмнинг дунёдаги фазли
25 Июль, 2022 йил | 448