Қисқа муддатдаги катта ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг
5-йўналиши: «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат» деб номланиб, мана шу асосда юртимизда кейинги йиллари бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил
19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқди. Резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан аҳамиятлидир. БМТ томонидан 2018 йил 12 декабрь куни «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинди ва дунёнинг етакчи давлат ва халқаро ташкилотлари томонидан тан олинди.

Тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш
ва уларни соғлом турмушга қайтариш мақсадида бу шахслар билан кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда тушунтириш-профилактика ишларини тизимли ташкил этиш, уларни махсус рўйхатдан чиқариш бўйича механизм яратилди. Бу механизмнинг самараси ўлароқ адашган ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларнинг ички ишлар органларининг рўйхатидан чиқарилиши жамиятда катта натижа берди.

Шунингдек, билиб-билмай диний экстремистик ва террористик ташкилотлар сафига кириб, Сурия, Ироқ сингари юртдарда қуролли ҳаракатларга қатнашган шахсларнинг аёллари ва фарзандлари «Меҳр-1», «Меҳр-2» тадбирлари доирасида юртимизга қайтарилиши оламшумул воқеа бўлди.

2020 йил 11 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши ва Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” мадрасасининг фаолияти йўлга қўйилаётгани диний таълим ва илмий тадқиқот фаолиятини янги босқияга олиб чиқиш йўлидаги улкан аҳамиятга эга иш бўлди.

Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон диёрида ҳам халқнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, жоме масжидларимизнинг сони кўпайди. Олдингилари қайта реконструкция қилиниб, намозхонлар учун барча шароитлар яратилди. Ҳаттоки, узоқ қишлоқлардаги масжидлар ҳам кўрганда кўзни қувонтадиган даражада қайта таъмирланиб,  ободонлаштирилди. Айниқса, сўнги йиллари юртимизнинг қайсидур бурчагида жоме масжиди қуриб, фойдаланишга топширилди, деган мазмундаги хушхабарларнинг тез-тез гувоҳи бўляпмизки, бу барча мўмин-мусулмонларимизни бирдек шод этмоқда.

Юртимизда 10 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият юритаётган бўлса, шулар қаторида Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти ўзига яраша обрў-эътиборга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг минтақавий филиаллари фаолият бошлади, унда имом-хатиблар, диний соҳа ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий ва ўрта махсус таълим тизимининг соҳага оид педагог кадрлари малака оширмоқда.

Мўмин-мусулмонларнинг диний саволларига ўз вақтида тезкор жавоб бериш мақсадида, call-марказ, телеграм бот ва алоҳида fatvo.uz сайти йўлга қўйилиши ҳамда қўшимча равишда маҳаллий фуқароларимиз учун қорақалпоқ тилидаги pazıylet.uz, nasiyat.uz ва alberuniy.uz сайтлари ва уларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналларининг фаолият бошлаганини эътироф этиш керак.

Диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ишлар бутун дунё жамоатчилиги томонидан юқори даражада тан олинди. Айниқса, БМТ, АҚШ давлат департаменти ва бошқа ташкилотлар юқори баҳо бермоқда.

Маълумки, дунё цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг асарларини ўрганиш ва шу асосда улар ёзиб қолдирган бой бебаҳо меросни келажак авлодга етказиш – бугунги куннинг давр талаби.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга бўлган ташрифи давомида Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида бўлиб, бу ерда нуронийлар ва имом-хатиблар билан учрашув пайтида ҳам имом-хатибларимизга, биринчи галда, ота-боболаримиздан қолган бебаҳо мерос бўлган эски қўлёзмаларни ўрганган ҳолда ўқув қўлланмалар ва асарлар ёзиш бўйича бир қатор топшириқлар берган эди. Мана шу асосда,  халқимизга соф ислом динининг мазмун-моҳиятини очиб берадиган бир қанча китоблар устида кўп йиллардан буён меҳнат қилаётган эдик. Ҳозирги кунга келиб, халқимизнинг диний адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қорақалпоқ тилида “Ислам нуры” газетаси ва “Ҳидаят”  журнали фаолият юритмоқда. Шунингдек, қорақалпоқ тилида бир неча китоблар, жумладан, “Кәмил инсан”, “Саламат ана ҳәм бала – жәмийет гиреўи”, “Ораза пазыйлети”, “Намаз оқыў қағыйдалары”, “Марҳумларға азар бермейик”, “Қурбанлық китабы”,  “Сарф сабақлығы”, “Қураны кәрийм мәнилериниң қарақалпақ тилиндеги аўдармасы ҳәм тәфсири”, “Шамаили Муҳаммадия”, “Ибадати Исламия”, “Ислам мәрипаты: негиз ҳәм түсиник”, “Ислам динине улыўма тәрийп”, “Ҳаж ҳәм умра қолланбасы”, “ИШИМ фитнасы”, “Интернетке ин қурған өрмекшилер”, “Ийман”, “Муҳаммад алайҳиссалам (қысқаша өмир тарийхы)”, “Тәжўийд қағыйдалары” каби китоблар нашр қилиниб, халқимизга тақдим этилди. Мана яқинда ҳазрати шайх Муҳаммад Содиқ  Муҳаммад Юсуфнинг 37 жуздан иборат Ҳадис ва ҳаёт китобининг 3 жузи чоп этилди. Қолган жузлари эса нашрга тайёрланмоқда.

Албатта, ушбу қорақалпоқ тилидаги илк нашрларнинг чоп этилиши ҳам юртимиздаги диний соҳада олиб борилаётган хайрли ишлардан ҳисобланади. Айниқса, Қураны кәрийм мәнилериниң қарақалпақ тилиндеги аўдармасы ҳәм тәфсирини халқимиз катта қувонч билан кутиб олди.

«Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!» шиори остида нишонланаётган бу йилги мустақиллик байрами пандемия билан боғлиқ вазият туфайли, карантин қоидаларига амал қилинишини таъминлаш мақсадида хонадонларда, оила аъзолари билан биргаликда нишонлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Мамлакатимизда карантин қоидалари жорий этилган вақтдан бошлаб ўтган давр мобайнида халқимиз инфекцияга қарши кураш бўйича ўзига яраша тажриба тўплади.

Тинч ва обод юртга доимо байрамлар, қувончли кунлар ярашади. Барчамизга мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муборак бўлсин! Аллоҳ таоло юртимизни ҳар хил бало-офатлардан омон сақлаб, халқимизнинг тинчлик-хотиржамлигини мангу, ризқ-рўзини мўл-кўл айласин!     

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси

ШАМСУДДИН БАҲОУДДИНОВ

30 Август, 2020 йил | 852