Устозлар доимо ардоғимизда

Узтозларни ҳурмат-эҳтиром қилиш азал-азалдан бизларга мерос бўлиб келган тушунчадир. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бунга ёрқин мисоллар жуда кўплигининг шоҳиди бўламиз. Ҳатто Искандар Зулқарнайн, Соҳибқирон Амир Темур сингари буюк салтанатга эга бўлган подшоҳлар ҳам устоз ҳурмати, устоз хизматига катта эътибор берганларини кўришимиз мумкин.

Улуғ саҳобий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли куёвлари Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларидан юксак ибрат олишимиз мумкин:

“Менга илмдан бир ҳарф ўргатганнинг қулиман: хоҳласа сотиб юборади, хоҳласа озод қилади, хоҳласа қул ҳолимда қолдиради”.

"Вақф" хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан бири, илм тарғиботчиси бўлган устозларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашдан иборат. 

1-октябрь – Устозлар ва мураббийлар куни муносабати билан, фонднинг Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ва бошқа ҳудудий филиаллари томонидан диний таълим муассасаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, толиби илмларга билим ва маърифат улашиб келган устозлар, шунингдек, айни дамда зиё масканларида ёш авлодга таҳсил беришда давом этаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларга байрам совғалари улашилди. 

Жумладан "Кўкалдош" ўрта махсус Ислом таълим муассасасининг 42 нафар устоз ва мураббийларига  жами 84 миллион сўмлик пул маблағи ҳамда ташаккурномалар байрам совғаси сифатида берилди. Мукофотларни ҳурматли ўқитувчиларга фонд раҳбари Зиёвуддин домла Мирсодиқов тақдим этди. 

"ВАҚФ" ХЖФ Матбуот хизмати

Устозлар доимо ардоғимизда
1 Oktyabr, 2023 yil | 160