2021 йил 16 ноябрь куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “ЮСУФ” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Вақф хайрия жамоат фонди томонидан ҳомийлар билан ҳамкорликда қайтадан қуриб битказилган мазкур масжидни очиб бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, Вақф фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов, вилоят мутасаддилари ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришди.
“ЮСУФ” масжиди 1993 йилда ҳашар йўли билан қурилган ва ўтган давр мобайнида унинг биноси эскирган бўлиб, ўтган йилги Сардоба сув омбори тошқини сабаб буткул вайрона ҳолатга келган эди.
Жоме масжиди биносини қайта қуриш ишлари 2020 йилнинг июнь ойидан Вақф хайрия жамоат фонди томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда бошланган эди. Айни дамда масжид тўлиқ янгиланди. Масжиднинг катта хонақоҳида 750 киши, айвон қисмида эса 1000 киши ибодат қилиши мумкин. Бинонинг узунлиги 24 метр, эни эса 18 метрни ташкил этади. Масжидга 19 метрлик гумбаз ҳам ўрнатилган.
Масжидга ёндош қилиб замонавий, барча қулайликларга эга таҳоратхона, фуқароларни қабул қилиш хонаси, имом хатиб ва ноиб имомлар учун ҳам алоҳида хоналар бунёд этилди. Масжид ҳудуди ободонлаштирилиб, мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар экилиб ўзгача руҳдаги мажмуага айланди.
Ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган, далолат қилган ва дуо қилган барча инсонларни Аллоҳ таоло жаннатдаги қасрлар билан мукофотласин!
Вақф хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати