Айниқса, Рамазон ойида бажарилган эзгу амал, яхшиликлар, қилинган хайр-эҳсон ва садақалар бошқа ойдагига нисбатан бир неча баробар фазилатли ва савоби улуғдир. Садақа боисидан ҳатто эгасига келиши муқаррар бўлган бало ва мусибатлар ҳам арийди. Хўш, хайр-эҳсонлар қай тарзда, қандай молдан берилади?
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки ҳалол касбидан ихлос билан хурмо қийматича садақа қилса, Аллоҳ таоло уни рози бўлиб қабул қилади. Аллоҳ фақатгина ҳалолни қабул қилур. Сўнг уни соҳиби учун худди бирингиз тойчоқни ўстиргани каби ўстиради, ҳаттоки у тоғ каби бўлади”, дедилар.
Набий (с.а.в.) ушбу сўзлари билан биз умматни садақалар қабул бўлиши ва унга савоб берилишидаги асосга йўлламоқдалар. Ана ўша садақа ҳалол касбдан бўлиши, унда бирор шубҳа аралашмаслиги лозим. Чунки, Аллоҳ Ўзи пок бўлиб, фақат покнигина қабул қилади. Баён қилишларича, бир хурмо миқдори ҳалолдан садақа қилинса, албатта Аллоҳ уни чиройли қабул қилиб, унга яраша ошириб мукофот беради. Худди бир киши тойчоғини ёшлигидан парваришлаб, сутидан чиқариб, онасидан ажратиб улғайтиргани каби Аллоҳ ҳам хурмо миқдорида берилган садақани Ўзини ҳузурида кўпайтириб то тоғ каби бўлгунча ўстиради. Аслида, бу нарсани Аллоҳга ҳеч қанақа қийинчилиги йўқ, чунки Аллоҳ фазли улуғ бўлган Зотдир.
Икримадан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага: “Садақа қил, эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради”, дедилар”.
Ҳамма нарсани куйдириб кетаётган оловни сув ўчиради. Инсонни икки дунёсини куйдириб кетаётган гуноҳларини эса садақа ўчиради. Бас, билиб-билмай қилган гуноҳларим-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга ва муҳтожларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадга эришади. Садақа фақат маълум катта ҳажмда бўлиши шарт эмас. Бир дона хурмо бўлса ҳам садақа бўлаверади. Садақа оч қилган инсоннинг қорнини тўйдиради. Садақа уни қилган одамнинг хатосини ўчиради.
Ҳаким ибн Ҳизомдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Пастдаги (олувчи) қўлдан юқоридаги (берувчи) қўл яхшидир. Садақани ўз оилангдан бошла! Садақанинг афзали бойлик орқасидан қилинганидир. Ким иффат қилса, Аллоҳ унга иффатни беради ва ким беҳожатликни талаб қилса Аллоҳ уни беҳожат қилади”, дедилар.
Киши инфоқни ўз ҳожатидан бошлаши, кейин болалари ва хотинлари кейин ундан узоқроғи қариндошларидан бошлаши керак. Албатта, қиладиган эҳсонини ўз қўли билан топган бўлиши, ўзи ва оиласидан орттириб ихлос билан адо этган бўлиши даркор. Шундагина Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши осонлашади. Набий (с.а.в.) бойларнинг маблағларидан инфоқ қилишга чақириб, шу пайтни ўзида камбағалларни иффатли бўлиб, одамлардан тиланчилик қилмасликка ундайдилар. Ким Аллоҳдан иффат талаб қилса унинг учун савоблари билан ризқлантириб қўяди. Ким одамлардан беҳожат бўлишини сўраб, ўша нарсага йўл қидирса, Аллоҳ унинг учун раҳмат эшикларини очиб, беҳожатлик, иффат ва каромат сабабларига муваффақ қилиб қўяди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради”, дедилар”. Демак, банданинг садақаси қабул бўлиб қолса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмон ўлимни даф бўлиши бор нарса экан. “Садақа – радди бало” деган ҳикмат шундан келиб чиққан. Шунинг учун ҳар бир банда яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, балки кичик бир амал билан ҳам улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши, тушуниши ва шунга яраша амал қилиши керак экан. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, садақа нима?” дедим. “Кўпайгандан кўпаядиган. Аллоҳнинг ҳузурида зиёдаси бор”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг Расули, садақанинг қай бири афзал?” дедим.“Камбағалнинг қийналиб бергани, фақирга ўтади”, дедилар”.
Ўзида йўқ бўлиб туриб, буни берсам, ўзимга нима қолар экан, деб турса ҳам, ўзидан заифроқ одамни топиб берилган садақа афзал ҳисобланади. Чунки, моли оз одам садақа қилса ўз ҳавойи нафасини енгиб, ўзидан бошқани устун қўйиб садақа қилган бўлади.
Ислом динида садақанинг фазилати жуда улуғ ҳисобланади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.
Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Қуръони каримда: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти, фақат Эҳсон (эзгулик)дир.(Ар-Роҳман сураси, 60-оят)”, -дея баён этилади. Яъни, киши ҳаётини гўзаллик билан буркашни истаса, аввало, ўзи бировларга яхшилик кўрсатиши лозим бўлади. Ер юзида ҳаёт бошланганидан буён амалда бўлган бу тамойилга шу кунларда халқимиз янада эътиборли бўлмоқда, десак сира муболаға бўлмайди.
Ҳозирги вақтда бутун дунёда кузатилаётгани каби юртимизда ҳам ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши қайд этилган. Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу ҳақда 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.
Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
Эҳсон қилиш борасида, динимизда алоҳида кўрсатмалар бериб ўтилган. Яъни, эҳсонни унга лойиқ кишиларгагина бериш лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай амр этади:
“Сиздан (эй, Муҳаммад!)қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир (Бақара сураси, 215-оят)“.
Аллоҳнинг ушбу амрига эътибор билан турли хил кўнгли ўксик, ногирон, бетоб бўлган ва кам таъминланган хонадон соҳибларини озгина бўлса ҳам беғараз хайр-эҳсонимиз билан йўқлаб қўйсак, жамият ичида мурувват, меҳр-муҳаббат уруғини сочган бўлардик.
Бундай хайрли тадбирларни нафақат Рамазон ойи давомида, балки доимий тарзда савоб умид қилган ҳолда кўпайтириб, барча элдошларимизга шукроналик ҳиссини ва байрам кайфияти улашишни мақсад қилмоғимиз нур устига аъло нур бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: “(Эй инсонлар)... Бас, сизлардан имон келтирган ва эҳсон қилган зотлар учун катта мукофот бордир.(Ҳадид, 7)” дея, биз бандаларига хайр-саховат қилишнинг улкан ажридан хабар беради. Аллоҳ таоло саховат соҳибларини ана шундай мукофотларга ноил этсин.
Хайрулло Абдуллаев
Хоразм вилояти бош имом-хатиби
ЎзА