Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Спорт – тинчлик элчиси” шиори остида “Имом Мотуридий кубоги” спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров қатнашиб, иштирокчиларни табриклаш баробарида улуғ аллома бобомиз номи остида ўтказилаётган мусобақанинг аҳамияти, таълим-тарбияга берилаётган эътибор тўғрисида нутқ сўзлашди.
Тадбир иштирокчиларига ҳаж сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Макка шаҳридан видеотабрик йўллаб, иштирокчиларни қутлаш баробарида динимиз кишиларни спорт билан шуғулланишга буюрганини таъкидлаб ўтди.
Илк маротаба ташкил этилаётган ушбу спорт мусобақасида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Академия қошидаги академик лицей, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва Термиз ислом институти талабалари мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби спорт турлари бўйича беллашиш баробарида миллий ўйинлар – кураш, арқон тортиш, тош кўтариш каби баҳсларда иштирок этишди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан мукофотланди. Хусусан, мусобақада биринчи ўринни олган иштирокчилар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган ноутбуклар билан тақдирланди.