Ватанга хизмат фақат жангда бўладими?

Тарихий манбаларда келтирилишича улуғ бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг марказлашган салтанат барпо этишида дўстлари ва яқинларининг, айниқса шижоатли, ватанпарвар саркардаларининг ўрни беқиёс бўлган.

Жумладан, ҳазрат Соҳибқирон билан сиёсат саҳнасига чиққан вақтдан умрининг сўнгги онларигача унга садоқат ва вафо билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлган амир Сулаймон барлос, амир Жаку барлос, амир Ҳожи Сайфуддин нукуз, амир Аббос баҳодир қипчоқ, амир Довуд дуғлат, амир Шайх Али баҳодир сардорлар, лашкарбошиларни, шунингдек дўстлари, ўғиллари ва яқинларини мисол келтириш мумкин.

Ўша даврларда Соҳибқирон қўшинида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг орзуси бўлган. Шу сабаб аскарлар доимо ўзларида фахр ва ифтихор туйғуларини ҳис этиб ватанига хизмат қилган.

Ривоятларга кўра ҳазрат Темур бобомиз вақти-вақти билан мусофир, саёҳатчи ёхуд савдогар қиёфасида шаҳар ва қишлоқларни айланиб, оддий инсонлар билан мулоқот қилар экан. Шу орқали халқнинг дард-у истаклари, ўй-хаёллари ва фикрлари билан ошно бўлар экан.

Навбатдаги ташрифларнинг бирида ҳунарманд, темирчи, косиб ва толиби илмлар истиқомат қиладиган даҳага борибди. Кўпчилик билан суҳбатлашиб охирида этик чандитиш баҳонасида бир косибнинг гапини олибди. Косиб унга гўзал муомала қилиб, ҳаётидан, турмушидан, ҳунаридан мамнун эканлигини билдирибди. Бироқ, бироз ҳомуш кўриниб, ҳазрат Соҳибқирон сабабини сўраса, Амир Темур лашкари сафида хизмат қила олмаётганидан, мулозимлар уни аскарликка олмаганидан хафалигини, ватанига, Амир ҳазратларига хизмат қилишни жуда ҳам хоҳлашини айтиб хўрсинибди. Темур бобомиз бироз сукутдан сўнг унга шундай жавоб қайтарибди: Эй косиб йигит, сен улуғ ният устидасан ва ниятинга яраша икки дунё ажр-у мукофот олурсан. Аммо, ўйламаки ватанга хизмат фақатгина аскарлик, жанг-у жадалда иштирок этиш билан белгиланмайди. Сенингча ватанга хизмат фақат жангда бўладими? Асло. Тўғри қилич кўтариб от чоптираётган аскар ватани озодлиги ва ободлиги учун курашади. Аммо, ватаннинг қадри, қиймати ва энг катта бойлиги бу халқ яни сизлар ҳисобланасизлар. Халқсиз, миллатсиз ватан қуруқ тупроқдан бўлак ҳеч нарса эмас. Билингки, сиз каби косиб, темирчи, дурадгор, илм бераётган олим ва уни олаётган толиби илм, деҳқон, боғбон ва наинки аскарликдан бошқа, ҳалол ва сидқидилдан хизмат қилаётган барча инсонлар, элининг ҳаққига дуо қилаётган кексалар, боласига Ҳақни танитаётган оталар ва ҳатто чақалоғига алла айтиб бешик тебратаётган оналар ҳам ватанига улкан хизмат қилмоқда. Унутманг, сизларнинг ҳарбларда қон кечиб жон бераётган лашкардан кўра хизматингиз ортиқ бўлса ортиқ, заррача кам эмас. Чунки, бу ватан сизлар билан гуллаб яшнайди, сизлаб билан обод бўлади. Шунинг учун ортиқ ғам чекма. Сен ҳам то ҳалол ва самимият ила халқнинг  хизматида экансан демак Темурнинг лашкари сафидасан. Сенга айтадиганларим, ҳеч қачон одамларнинг кўнглига озор берма, ўткинчи дунё ишларини деб, кишиларни дилини оғритма. Ўзингни ўзгалардан устун кўрма, атрофингдагилар ва қўл остингдагиларга ширин сўзли ва тўғри кўнгилли бўл. Сени доимо кузатиб турувчи борлигини унутма. Агар эшитганларингга амал қилсанг, Инша Аллоҳ мартабанг икки дунёда улуғ бўлади.

Дарҳақиқат, бугун ҳам чегарада турган ёки ўз хизмат бурчини сидқидилдан, халқ учун ватан учун адо этаётганларнинг ҳар бири эътирофга лойиқ. Айниқса шу кунларда, мусибат чоғларида уларнинг масъулиятли вазифалари янада ортган. Аммо, улар билан баробар, халқнинг оғир кунларида, эҳтиёжларини қондириш учун фаолият олиб бораётган ҳар бир касб ва ҳунар эгаси Ватан хизматидадир. Фақатгина ҳалол, холис ва самимийлик билан ишлаш энг асосий мезон бўлиши лозим.

Шунда, юртбошимиз таъкидлаганларидек “Худо хоҳласа ҳар қандай тўсиқни, муаммони, мусибатни жонажон ва меҳнаткаш халқимиз билан биргаликда енгиб ўтамиз!”

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

31 Май, 2020 йил | 788