Ислом ноҳақ қон тўкишни қоралайди

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Ислом дини пайдо бўлибдики унга туҳмат тоши отувчилар бор. Ана шундай туҳматлардан бири Исломда одамларни, хусусан, аёлларни ўлдиришга буюрилади, деган гапдир.

Аслида муқаддас динимизда бегуноҳ инсонни қонини тўкиш, жонига қасд қилиш, ҳатто, ўз жонига қасд қилиш ҳам гуноҳи кабира саналади. Исломда битта одамни ноҳақ ўлдириш ҳамма одамларни ўлдириш билан баробардир. Қуръони каримда шундай дейилади:

مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا

яъни: “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси 32-оят).

 Айниқса, кексалар, аёллар ва болаларни ҳаётига тажаввуз қилишга ҳаттоки жангларда ҳам рухсат берилмайди. Бу ҳақда бир қанча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Қуйида шундай ҳадислардан баъзиларини ўрганиб чиқамиз. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо шундай дейдилар:

وجدت امرأة مقتولة في بعض مغازي رسول الله صلى الله عليه وسلم فنهى رسول الله صلى الله عليه وسلم عن قتل النساء والصبيان

(رواه الامام البخاري و الامام مسلم عن ابن عمر رضي الله عنهما)

яъни: “Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазот (Расулуллоҳ ўзлари қатнашган жанг)ларининг бирида бехосдан ўлдирилган аёл топилди ва шундан кейин Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ва болаларни ўлдиришдан қайтардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қўшинни кузата туриб шундай деганлар:

انطلقوا باسم الله وبالله وعلى ملة رسول الله ولا تقتلوا شيخا فانيا ولا طفلا ولا صغيرا ولا امرأة

(رواه الامام أبو داود عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳнинг исми ила, Расулуллоҳ миллати (уммати, дини, одати)га кўра ҳаракат қилинг ва ёши улуғ кексаларни, ўсмирларни, ғўдаклар ва аёлларни ўлдирманглар”(Имом Абу Довуд ривоятлари).

       Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом 14 аср аввал урушдаги асосий қоидалардан бирини умматларига буюрмоқдалар. Бу инсонпарвар қоида: агарчи душманларнинг ёш болалари, қариялари ва аёллари бўлса ҳам, урушга алоқаси бўлмаса, уларни ўлдирилмайди, уларнинг жони дахлсиз қолади. Агар ҳозирда дунёда бўлаётган уруш ҳаракатларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни биргина мана шу буйруқларига амал қилинса, юз минглаб болалар ва аёлларнинг жони сақлаб қолинган бўларди.

Бундай ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо, соғлом ақл, соф ақида ва теран фикрли инсон учун мана шу ривоятларнинг ўзи ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон аёлларни, болаларни ва ожиз кексаларни ўлдиришга буюрмаганликларини англаб етади.

 

Ислом динимизга нисбатан қалбида душманлиги бўлган ғаразли кимсалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга туҳмат ўлароқ қуйидаги ҳадисни келтирадилар, ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича:

قال ابن إسحاق : وحدثني شعبة بن الحجاج عن عبد الملك بن عمير ، عن عطية القرظي ، قال كان رسول الله صلى الله عليه وسلم قد أمر أن يقتل من بني قريظة كل من أنبت منهم وكنت غـــلاماً ، فوجدوني لم أنبت فخلوا سبيلي .

яъни: “Ибн Исҳоқ раҳимаҳуллоҳ: “Шуъба ибн ал Ҳажжож менга Абдул Малик ибн Умайрдан, у киши эса Атия ал Қурозий разияллоҳу анҳудан бир ҳадис айтиб берди. Унда жумладан: “Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (Ҳандақ жангидан кейин) Бану Қурайза (Мадинада яшайдиган, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинчлик битимини тузган, аммо, кейинчалик аҳдларига вафо қилмай, Пайғамбаримиз ва мусулмонларга хиёнат қилган яҳудий қавм)дан ҳар бир вояга етган кишиларни ўлдиришни буюрдилар. Мен ёш бола эдим, мени қўйиб юборишди”, – дейилади.

Бу ҳолат Ислом тарихида “Хандақ ғазоти” номи билан машҳур бўлган жангдан кейин содир бўлади. Жанг жуда оғир шароитда кечган, бутун мушриклар бирлашиб, мусулмонларни охиригача қириб юборишга аҳд қилишади, Мадина шаҳрини қамал қилишади. Мусулмонлар билан тинчлик битими тузиб, қўшни бўлиб яшаётган яҳудий қавмлар хиёнатга қўл уриб, орқа томондан ҳужум қила бошлайдилар. Шунда Аллоҳнинг нусрати ва марҳамати ила қаттиқ шамол, изғирин совуқ ва мушрикларнинг ўзаро бир-бирларига ишончсизликлари сабаб душман келган жойига қуруқ қўл билан қайтиб кетади. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали Аллоҳ таолодан буйруқ бўлади ва бу хиёнаткор яҳудий қавм ўз хиёнатлари сабабли жазоланадилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَأَنْزَلَ الَّذِينَ ظَاهَرُوهُمْ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ مِنْ صَيَاصِيهِمْ وَقَذَفَ فِي قُلُوبِهِمُ الرُّعْبَ فَرِيقًا تَقْتُلُونَ وَتَأْسِرُونَ فَرِيقًا  

 (سورة الاحزاب الاية – 27)  

яъни: “У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқув солди. (Улардан) бир гуруҳни ўлдирурсиз, бир гуруҳни асир олурсиз ( Аҳзоб сураси 27 – оят).

Расул алайҳиссалом Хандақ жангидан қайтиб, Фотима разияллоҳу анҳо ҳузурида турганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, Бани Қурайза кофирларига қарши жангга чиқишлари тўғрисида Аллоҳнинг амрини етказади. Уларга мадад бериш учун осмондан тушган фаришталар ҳам уруш қуролларини ечмай мунтазир бўлиб туришгани ҳақида ҳам хабар беради. Расул алайҳиссалом дарҳол мусулмонларга тезлик билан Бани Қурайза сари равона бўлишга, то у ерга етиб бормагунларича аср намозини ўқимасликка буюрадилар. Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу байроқни кўтариб, олдинда боради. Бани Қурайзага Шом вақти кирганда етиб борадилар. Баъзи саҳобалар кун ботишдан олдинроқ, яъни йўлда аср намозини ўқийдилар. Бошқалари ҳадиснинг зоҳирига амал қилиб, Бани Қурайзага етиб боргач, шомдан кейин қазо қилиб ўқийдилар. Кейин бу ҳақда Расул алайҳиссаломдан сўрашганда ҳар икки тоифа ҳам тўғри қилибдилар, деб жавоб берадилар. Шу гапларидан келиб чиқиб, мужтаҳид ўз ижтиҳодида хато қилса ҳам ажр олаверади, дейилган[1] Бани Қурайза кофирлари ўз қалъаларида йигирма беш кун қамалда турганларидан кейин таслим бўлиб, Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳунинг ҳакам бўлишига рози бўлишади. Унинг ҳукмига асосан ёвнинг 600 аскари қириб ташланиб, аёл ва болалари асирга олинади ва бойликлари ўлжа сифатида мусулмонларга тақсим қилиб берилади[2] . (Қуръони карим маънолари таржимаси. Шайх Абдулазиз Мансур Тошкент. 2001.)

Демак, Бани Қурайза қавмига юриш қилиш Аллоҳ таолонинг буйруғи билан бўлган ва урушда ғолиб бўлганларидан кейин ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом юксак инсоний фазилатни намоён этдилар. Қуллари устун бўлиб турганда яҳудийларга охирги имкониятни бериб, сизлар тўғрингизда ким ҳукм чиқаришини хоҳлайсиз, деб сўрадилар. Ана шунда улар ҳеч қандай босимсиз ўзининг аввалги битимдоши бўлган Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳунинг ҳакам бўлишига рози бўлишади.Улар бу билан ўзларига енгиллик бўлишини умид қилишганди. Энг қизиғи Пайғамбаримиз алайҳиссалом Саъд разияллоҳу анҳуга қандай ҳукм қилиш тўғрисида бирор кўрсатма бермадилар, нима деса, шу бўлишини айтдилар, холос. Уруш пайтида оғир хиёнат қилган қавмнинг ўлимига Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳу ҳукм чиқардилар.

Хулоса шуки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон аёлларни ноҳақ ўлдиришга буюрмаганлар. Ахир, ўз номи билан тинчлик дини бўлган Ислом динимиз нафақат аёллар, балки, бирор инсонни, ҳатто, у бошқа дин вакили бўлса ҳам, уни ноҳақ ўлдиришга буюрмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тош отаётганлар эса, аслида муқаддас динимизга бўҳтон уюштирмоқдалар ва билмайдиларки, Аллоҳ таолонинг нурини ўчиришга уларнинг ҳеч ҳам кучлари етмайди. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

يُرِيدُونَ لِيُطْفِئُوا نُورَ اللَّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ  وَاللَّهُ مُتِمُّ نُورِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ

(سورة الصف الاية - 8)

яъни: “Улар Аллоҳнинг нурини (Исломни) оғизлари (беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир”, – деб марҳамат қилган (Саф сураси 8 - оят).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати

 

[1] (Баҳрул-улум тафсири. Муфассир: Абул-лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий (вафоти 375 ҳ.й.). Байрут нашри. 1993 й.)

[2] («Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» номли тафсир. Муфассир: Абул-баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий ал-Ҳанафий (вафоти 701 ҳ.й.). Истанбул нашри. 1324  ҳ.й.) 

17 Июнь, 2020 йил | 1064