Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!

عن جندب بن عبدالله رضي الله عنه قال: قال رسول الله ﷺ: قال رجل: والله لا يغفر الله لفلان، فقال الله: من ذا الذي يتألى عليَّ أن لا أغفر لفلان؟ إني قد غفرت له، وأحبطت عملك” رواه مسلم.

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир киши - Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, фалончини Аллоҳ таоло кечирмайди, деди. Шунда Аллоҳ таоло: Ким у Менинг номимдан фалончини кечирмаслигимга қасам ичаётган. Билиб қўйки, Мен уни кечирди ва сенинг амалларингни бекор қилдим, деб айтди” (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиснинг маъносидан бир нечта муҳим масалалар келиб чиқади:
Биринчи: Мусулмон киши ҳеч қачон бирор кимсага гарчи ҳазиллашиб бўлсада, Аллоҳ сени ҳеч қачон кечирмайди, Аллоҳ сени жаннатга киргизмайди, Аллоҳ сени дўзахга солади, деб қатъий қасам ичиб айтиши жоиз эмас. Чунки, бундай дейиш Аллоҳнинг номидан, ўзига маълум бўлмаган гапларни гапириш ҳисобланади. Бизнинг ҳеч қачон бирор кимсани Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилишга, Унинг марҳаматидан тўсишга ҳаққимиз йўқ. Шунингдек, бирор кимсани жаннатга кириши ёки дўзахга тушиши ҳақида қатъий гапира олмаймиз. Фақат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга кириши ҳақида башорат берган кишилар бундан мустаснодирлар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Абус Соиб Усмон ибн Мазъун разияллоҳу анҳу вафот этганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. Ёнида Уммул Ало разияллоҳу анҳу ўтирган экан. Шунда у: Эй Абус Соиб, Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Мен сизга гувоҳман, Аллоҳ таоло сизни икром қилади, деди. Бу гапни эшитган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Сен қаердан билдинг, Аллоҳ таоло уни икром қилганини, - дедилар. Ота-онам сизга фидо бўлсин, Ё Расулаллоҳ, билмадим, деди Уммул Ало. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Усмонга ажали келди, Аллоҳга қасам, мен унга яхшиликни умид қиламан. Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳнинг расули бўлатуриб ҳолим нима бўлишини олдиндан билолмайман, дедилар. Шундан кейин Уммул Ало: Аллоҳ номига қасам ичиб, бундан кейин абадул абад бирорта кимса ҳақида бундай демайман, деди. Уйқусида Усмонни кўрди, у томонга чашма оқиб борар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб кўрган тушини айтиб берган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: сен кўрганинг унинг амалидир, дедилар.
Иккинчи: Солиҳ киши ҳеч қачон гуноҳкор одамга нисбатан таҳқир назари билан, ўзига эса, мағрурланиб қарамаслиги керак. Бу ҳалокатга элтадиган энг ёмон ҳолатдир. Эҳтимол, бу обид банда у осий бандага нисбатан паст назар билан боқиб, уни таҳқирлаш орқали ўзининг солиҳ амаллари билан мағрурланиб, ужб ва кибрга берилиб кетади. Шунинг учун ҳам ҳикматда шундай дейилган: хорлик ва синиқликни келтирган маъсият, ужб ва кибрни пайдо қилган тоатдан яхшироқдир.
Учинчи: Одамларни Аллоҳнинг тоатига чақиришни истаган мусулмон киши улар билан муносабатда чиройли услубни қўллаши лозим. Яъни, мақсади уларнинг қалбларидан ўрин олиш бўлмоғи керак. Зинҳор, уларнинг пешвосига айланишни мақсад қилмаслиги керак.
Тўртинчи: Мусулмон киши зинҳор ҳеч бир инсонни бутун борлиқни қамраб олган Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаслиги керак. Чунки, осий банда қачонки тавба ва раҳмат эшиги унинг учун ёпиқ деб, тушкунликка берилиб қолса, аламидан яна гуноҳ қилишда давом этади. Балки, аввалгидан ҳам кўпроқ ва каттароқ жиноятларни қилишдан қайтмайди. Бу борада қуйидаги ривоят бизларга ибрат намунасидир. Тўқсон тўққизта жонни ноҳақ ўлдирган шахс тавба қилишни истаб дин илмидан хабари йўқ бир обиднинг олдига боради. Ундан тавба қилса тавбаси қабул бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида сўрайди. Табиийки, жоҳил обид унинг қилган гуноҳларини катта санаб, тавбаси қабул бўлмаслигини айтади. Бу гапни эшитган қотил обидни ҳам ўлдиради ва ҳисобни юзтага етказади.
Валлоҳу аълам биссавоб.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

18 Июнь, 2020 йил | 938