Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг (ҳажга доир) шиорларини, “Ҳаром ой” (ҳаж ойлари)ни ҳалол деб ҳисобламангиз...!” (Моида сураси 2-оят). Яна бир ояти каримада: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32-оят), – деб хитоб қилган.
Бу ҳақда кейинги вақтларда олиму зиёлиларимиз турли сабаблар билан кўп ва хўб ёзишга, Аллоҳ таолонинг ушбу амрини бот-бот бизларга эслатиб туришга мажбур бўляптилар.
Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади.
Масалан, Қуръони карим, унинг тиловати, азон;
Аллоҳ таоло фарз қилган намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз устуни бўлган ибодатлар;
шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари, динимиз хизматчилари;
Каъбатуллоҳ, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Мино, Арафот, Қуддуси шариф каби жойлар, масжидлар;
муҳим саналар – жума куни, Рамазон ойи, икки ийд, муқаддас ойлар;
қолаверса, ибодат буюмлари бўлмиш тасбеҳ, салла, жойнамоз, қурбонлик жонлиғи ва ҳоказо.
Биз бугун ахборот технологиялари ривожланган асрда яшаяпмиз. Бугун савоб қозониш имконияти қанчалик кенг бўлса, гуноҳга ботиш йўллари ҳам шунчалик кўп. Мўмин-мусулмон киши ҳар доим эҳтиёт бўлиши, бўлар-бўлмас гапларни айтавермаслиги, тилини тийиши ва ҳар ким ҳақида яхши гумонда бўлиши зарур. Акс ҳолда, кимнинг қай аҳволда Парвардигори оламнинг ҳузурига боришни ҳеч ким билмайди. Бунга тарихда мисоллар кўп.
Биринчи мисол:
Тасаввуфнинг йирик муршидларидан Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари бир куни ваъз қилаётганларида жамоа орасидан ҳофизи каломуллоҳлиги билан танилган, 16 йил давомида Рамазон ойида таровиҳ намозларида Қуръони каримни бирор луқмасиз хатм қилган бир киши савол берибди. Шайх ҳазратлари унга: “Сизнинг саволингиздан дўзахнинг ҳиди келяпти”, – дебдилар. Ҳақиқатан, ўша одам кўп вақт ўтмай, диндан қайтиб, имонсиз ўлган экан. Аллоҳ асрасин!
Иккинчи мисол:
Ҳаммамиз ҳар куни намозларимизда такрорлайдиган бир сура бор. 111-чи сура – Масад сураси. Бу сурада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакиларидан бири, ашаддий кофир Абу Лаҳаб ва унинг бетавфиқ хотини Умму Жамилнинг жазоланиши, ҳар икки дунёдаги тортадиган азоб-уқубатлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Абу Лаҳабнинг асл номи Абдул Уззо бўлиб, “Уззо бутининг қули” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло ўз қулини “бут қули” деб атамади, балки уни “Абу Лаҳаб” – алангали, деб лақаблади. Бу ердаги аланга икки нарсага далолат қилади. Бири унинг юзи доимо қизариб турганидан шу лақаб берилган бўлса, иккинчидан, охиратда дўзах алангасида ёниши муқаррар эканига далолатдир.
Абу Лаҳаб билан унинг хотини Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга энг кўп азият етказган кофирлардан ҳисобланади. У(Абу Лаҳаб) тўғрисида “Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)!” – деди Худои таоло. Ва “Ҳалок бўлди ҳам. Яқинда (у) алангали оловда куяжак!” – деб Аллоҳ таоло бизларга хабар бермоқда. Бетавфиқ хотини эса тиканли ўтинларни териб келиб, Расулуллоҳ алайҳиссалом юрадиган йўлларига ташлар экан. Сурада унинг бўйнида ўтин боғлаб юрган арқони боғлиқ ҳолда эри билан бирга жаҳаннамга тушажаги тўғрисида баён этилган.
Эътибор беринг-а, Аллоҳ таоло айнан Абу Лаҳаб ҳақида алоҳида, беш оятдангина иборат сура нозил қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Абу Лаҳаб ҳикоясини Қуръони каримнинг бирор узун сураси ичига жойласа ҳам бўлар эди. Лекин ундай бўлмади. Балки... ҳар бир банда тириклик пайтида қилган ишларини ҳисоб-китоб қиладиган кун – Қиёмат кунигача 7 ёшдан 70 ёшгача инсонларга эслатма бўлиб туриши учун, ақл-идрокли, зеҳн-заковатли, фаҳм-фаросатли бандалари бундан ибрат олишлари учун энг қисқа суралардан қилиб, ёдлашга ҳам осон қилиб қўйди.
Учинчи мисол:
Учинчи мисолни эса... ҳар биримиз ён атрофимизга диққат билан назар солсак ҳам кўрамиз, ёшлари улуғларни тингласак ҳам эшитамиз, ота-онамиздан сўрасак ҳам биламиз, ақл-заковат, фаҳм-фаросат номли Худо бандасига берадиган беқиёс улуғ неъматларини ишга солсак ҳам англаймиз! Чунки бундай мисоллар ўтмишда ҳам, ҳозирги ҳаётимизда ҳам жуда-жуда кўп! Уларни кўриш учун ва тушуниб етиш учун катта-катта олийгоҳларда ўқишлик шарт эмас! Мадрасаларда ё ислом академияларида таҳсил олишлик шарт эмас! Институт-университетларда, Арабистонларда ё чет элларда илм ўрганиш шарт эмас! Мутлақо шарт эмас! Асло!
Балки Худо берган ақлимиз билан фикрласак, қалб кўзимиз билан назар солсак, ҳақиқий ўзбек табиатига хос ва чин мўмин-мусулмон тушунчасига мос ўйласак, бу дунёнинг ишлари фақатгина калькулятор орқали ё математика формулалари билангина эмас, балки ҳаёт қонунлари, одоб аксиомалари, ахлоқ қоидалари билан ечими топилиши бор ва аччиқ ҳақиқатлигига иқрор (!) бўламиз... Зеро бу ёруғ дунёнинг ишлари ҳаммаси ҳам кўз билан кўринавермас экан, балки инсон нафақат ўз кўзи билан, ҳатто микроскоп кўзи билан, компьютер кўзи билан ҳам кўришга ожиз эканлигини ҳис этади одам... Бу дунёда инсон кўра олмайдиган, ақли ожизлик қиладиган, Парвардигори оламнинг қанча-қанча сир-асрорлари билан муҳрланган, Ўзининг бетакрор ва беқиёс ҳикматлари билан нақшланган беҳисоб-беҳисоб саноатлари мавжудлигига тан беради инсон...
Башариятнинг энг хайрлиси, Коинот султони Ҳазрат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Абу Лаҳаб жуда кўп озор берди. Бежиздан бежизга Қуръони каримда Парвардигори олам Абу Лаҳабнинг оқибатида хусусида: “Яқинда (у) алангали оловда куяжак!” дегани йўқ!
Биринчидан, Жаноби Пайғамбаримизга тош отиш учун оёғи билан юриб борди.
Иккинчидан, қўли билан тошни кўтариб, Пайғамбаримизга отмоқчи ҳам бўлди.
Учинчидан, Жаноби Пайғамбаримизга тили билан азият етказди.
Тўртинчидан, Пайғамбаримизни қалби билан ёмон кўрди.
Бугун мана шундай улуғ Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлмиш уламоларимизга, имом-хатибларимизга, диний соҳа вакилларига тош отаётган, уларга маломат ёғдириб, таъна қилаётган ғаламислар тарихнинг аччиқ ҳақиқатларидан, Аллоҳнинг Каломидан хулоса чиқаришса, ёмон бўлмас эди. Юқорида зикр этилган Юсуф Ҳамадоний ҳазратларига беодоблик қилган ва унинг беодоблигини такрорлаётганлар ҳамда Абу Лаҳаб қилган тўрт хил ҳаракатни қилиб кўрганлар ёки бирортасини қилаётганлар Аллоҳ таолонинг Ўзи уларнинг “ишларини тўғрилаб қўйиши”ни ҳаёлларига ҳам келтира олмайдилар. Сабаби – ундай кимсалар узоқни кўраолмайдилар. Чунки улар “оқ” билан “қора”ни, “оғир” билан “енгил”ни, “паст” билан “баланд”ни, “узоқ” билан “яқин”ни, “аччиқ” билан “ширин”ни, “ўнг” билан “чап”ни, “савоб” билан “гуноҳ”ни, “тўғри” билан “нотўғри”ни, “дўст” билан ”душман”ни фарқига бормайдилар, бир-биридан ажрата олмайдилар. Минг афсуски, Худоим таоло шунақа ақл бермаган.
Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:
1) ота;
2) она;
3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);
4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);
5) Қуръони каримдан хабардор киши;
6) мўйсафид одам;
7) адолатли раҳбар.
Кимки мазкур етти хил инсонларни ҳурматларини жойига қўймас экан, ундайларга Юсуф Ҳамадоний Ҳазратларига “ақлли”лик қилганнинг ё Жаноби Пайғамбаримизга “доно”лик қилган Абу Лаҳабнинг ҳолатларини Худоим таоло тайёрлаб қўйган! Буни тушуниб етиш унча қийин эмас. Шунинг учун ҳам 111-чи сура Масад сурасини Аллоҳ таоло 7 ёшдан 70 ёшгача инсонларга эслатма бўлиб туриши учун, ақл-идрокли, зеҳн-заковатли, фаҳм-фаросатли бандалари Қиёмат кунигача бундан ибрат олишлари учун энг қисқа суралардан қилиб, 5 оятдангина иборат қилиб, ёдлашга ҳам осон қилиб қўйган.
Тилим бор экан деб ҳар хил нарсаларни сайравериш ҳам ақлли инсоннинг иши эмас экан. Яна бир жиҳат, сўз эркинлиги дегани – исталган нарсани ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтиш, ёзиш, тарқатиш дегани эмас. Балки ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир.
Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши,
Олдига келганни емоқ – ҳайвоннинг иши,
деб бежиз Алишер Навоий бобомиз ёзмаган.
Ҳар бир инсон айтаётган гапи, турли гаджетлар орқалими ё жонли ҳаётдами тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам жавобгардир! Бу меъёр дунёвий қонун-қоидаларда ҳам, диний таълимотимизда ҳам қатъий белгилаб қўйилган!
Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Одамларга раҳбар (бошлиқ), маъмур (шу ишга буюрилган киши) ёки риёкор (иккиюзламачи, мутакаббир) сўзлайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг, Худо сақласин, кофир бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: “Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”.
Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар – cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Динимиз уламолари ўзларининг фатволарида бундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир”).
Ота-боболаримиз Ислом одобига жиддий эътибор берганидан хабаримиз бор ва уларнинг одоб-ахлоқи билан баъзи-баъзида мақтаниб ҳам қўямиз.
Ота-оналаримиз нафақат динимиз пешволарига, нафақат олиму уламоларимизга, балки шариатимиздаги мустаҳаб ва одоб амалларига ҳам қаттиқ эътиборли бўлганлар. Улар одоблари гўзаллигидан илм аҳллари билан нимовоз билан, ўзларини паст тутиб сўзлашишган, бетгачопарлик қилишмаган, бирор нарсани билишса ҳам ўзларини билмаган кишидай кўрсатишган, хулқлари чиройлилигидан тасбеҳлари кўксиларидан пастга тушмаган. Жойнамозларини ҳам эҳтиёткорона, оёқ остида қолдирмасдан, меҳр билан алоҳида баланд жойларга қўйганлар. Масжид атрофидан меҳр билан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда меҳр билан беҳуда сўз айтмаганлар. Араб ёзувидаги матнлар битилган ашёларни меҳр билан эҳтиётлаб сақлаганлар. Нима сабабдан? Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир инсонга, ҳар бир нарсага АЛОҲИДА ОДОБ билан муомала қилганлар! Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир одамга, ҳар бир нарсага ЎЗГАЧА МЕҲР билан муносабат қилганлар! У одоб – БЕТАКРОР ОДОБ!!! У меҳр – БЕҚИЁС МЕҲР!!!
Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун – жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун – жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса – жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” .
Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар шундай чиройли ишларга, жаҳон мамлакатлари ва ўзга диёрлар ичинда “ўзбек халқининг ноёб ва гўзал одоблари” деб тан олинган одобларига беписанд бўлиб, “ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги гапларни айтиб, ота-оналаримиз бетакрор ва беқиёс меҳр билан бажариб келган бетакрор ва беқиёс динимизнинг бетакрор ва беқиёс одобларини йўққа чиқаришга уринмоқдалар. Ваҳоланки, шайтон мусулмон кишининг биринчи бўлиб имонига ҳужум қилмайди, балки биринчи бўлиб мусулмон кишини мустаҳаб ва одоб бўлган амалларга беэътибор қилишга уринади. Агар ғолиб чиқса, дастлаб суннатга, кейин вожибга, сўнг фарз амалларга бепарво қарашга уринади. Агар мусулмон кимсани фарз амалга ҳам эътиборсиз қилишга эришса, алалоқибат, Аллоҳ сақласин, имонига ҳам ҳужум қилиб, натижада имондан ажратади!!!
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”, деганлар.
Шундай экан, ҳар биримиз ота-боболаримизнинг йўналишларини маҳкам ушлаб, барча мустаҳаб ва одоб амалларга тўла амал қилиш ҳамда динимиз шиорларига одоб ва ахлоқ билан муомала қилишимиз – бетакрор динимиз талабидир!!!
Бирор қариндошингиз, дўстингиз ёки яқинингизни зиёрат қилиш учун отландингиз. Бироқ йўл-йўлакай борар манзилингиздан адашиб қолдингиз. Шу аснода дуч келган инсондан: писта ва қурут сотувчидан, пиёдалардан, хуллас, йўлингиздан ким чиқса, ўшандан манзилни сўрайсиз. У нима деса, яъни ўнгга деса – ўнгга, чапга деса – чапга, ортга қайтинг деса – ортга қайтасиз. Унинг сўзларига (гарчи алдаётган бўлса ҳам) сўзсиз итоат этасиз. Шундай эмасми?..
Бугун ҳаммамиз автомобиль минамиз. Лекин уни таъмирлашни барчамиз билмаймиз-ку. Кўпчилик метродан фойдаланади. Лекин бу транспорт воситасини ҳамма ҳам таъмирлай олмайди-ку. Худди шундай самолётга учишни яхши кўрамиз. Лекин уни бошқаришни, таъмирлашни билмаймиз-ку.
Тишимиз оғриса, тикувчига бормаймиз. Стоматологга борамиз. Нега? Чунки тишимизни тикувчи эмас, тиш дўхтири даволайди. Юрагимиз оғриса, кардиологга борамиз. Мутахассис шифокорларнинг айтганларига сўзсиз риоя қиламиз.
Халқимизда бир мақол бор: “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”. Ҳақ гап! Бугун олимликни даъво қилаётган, диний уламолар ҳақларида турли хил гапларни гапираётган айрим нокаслар шуни яхши билишлари лозимки, дин илми ўйинчоқ эмас! Бу динга Холиқимиз Аллоҳ таоло Ўзининг ҳукмларини боқий қилиб қўйган! Демак, ким дини мубинимизнинг устидан кулса, уламоларимизни, муфтий ҳазратларини, имом-домлаларимизни, динимиз ходимларини мазах қилса, Аллоҳни масхара қилган бўлади.
...Йўлимиздан адашсак, пистачининг кўрсатмасига риоя қиламиз-у, тишимиз оғриса, тиш дўхтирига итоат этамиз-у, кардиолог маслаҳатларини тинглаймиз-у, лекин сизу бизга Аллоҳнинг каломидан, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларидан, уламоларнинг кўрсатмаларидан, азиз авлиёларнинг кароматларидан сўзлайдиган аҳли илмларни писанд этмаймиз. Нега??! Ёки шунчалик аллома бўлиб кетдикми? Илм-билимларимиз бошимизга сиғмасдан интернетдан жой излаяпмизми?
Пайғамбаримизнинг чизиб берган чизиқларини бузиб ўтишга қайси ноинсофнинг хадди сиғади? “Уламолар – пайғамбарлар меросхўрларидирлар” деган Он Ҳазратлари саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларига қайси юзимиз билан қараймизу, олдиларида қайси бетимиз билан турамиз? Ношуд бўлиб қолмасмиканмиз?
Хулоса сифатида:
“Яхшига қилсанг яхшилик, ҳам айтади, ҳам қайтади.
Ёмонга қилсанг яхшилик, на айтади, на қайтади”.
Муҳтарам азизлар! Умримиз – саноқли. Вақт-соати етиб, албатта, Аллоҳ таолога омонатимизни топширамиз. Келинг, шу тўрт кунлик ҳаётимизни бировларга маломат тошларини отиш, таъна қилиш, ғийбат, бўҳтон, туҳматлар тўқиш, фитналар уюштириш ўрнига эзгу ишларга сарфлайлик. Шояд қилган яхшиликларимиз охиратимизга захира бўлса!
Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!