Ақалли битта ёмон одатимиздан воз кечайлик

Болалигимдан онгимга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг хоҳиш-истаги билан амалга ошиши сингиб кетган. Албатта, бугун барчамизни хавотирга солиб турган вазиятни ҳам биримизнинг айбимизга яраша, бошқамизнинг сабримизга яраша синов, деб тушунаман. Аммо...

Шундоққина йўлакнинг чеккасига ташлаб кетилган “целлофан” пакетда ярмидан кўпи нон бўлакларидан иборат чиқинди (аслида унда нон борлиги учун шундай дегим келмаяпти)га кўзим тушдию тонгдаги яхши кайфиятим ҳам чиқиндига қоришиб кетгандек бўлди.

Тўғри, бу атрофимиздаги баъзи одамлар томонидан бугун қилинаётган ягона ҳолат эмас. Бироқ нега ҳамон ўша беодобликларимиз ҳақида айнан ҳозир ўйлаб кўриб, ўзимизни тўғирламаяпмиз?!

Нега ҳар биримиз ўзимизни тафтиш қилиб, хатоларимиз ҳақида ўйлаб, балки бу балоларнинг даф бўлиши инсонийликка қайтишимизга боғлиқ, дея яхши хулқларни касб қилишга интилмаяпмиз? Ахир мана шундай йўл тутиш ҳар қандай вирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакцинадан кўра афзалроқ, самаралироқ эмасми?!

Айтмоқчиманки, энг аввало, ҳар биримиз ўзимиздаги ақалли битта ёмон одат, иллатни бартараф этишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳалол қилиб берган ризқимизни хор қилмайлик. Барчасини тушунишга ақлимиз ноқислик қиладиган даражадаги неъматларни қадрлайлик!

Абдуҳошим ЗИЁДОВ

20 Август, 2020 йил | 713