Эътиқодимизни мустаҳкамлайлик

Ҳозирги кунда халқимиз, айниқса, ёшлар ҳаёти ва тарбиясига катта хавф солаётган турли ақидапараст оқимлар, тоифалар кўпайиб бормоқда. Улар динни ўзларига ниқоб қилиб олиб, ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, кишилар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. 

Уламоларимиз китобларида ақидада адашган тоифаларга раддиялар берганлар. Жумладан, Монэъ ибн Ҳаммод Жуҳаний «Ал-мавсуъатул муяссара фил-адян ал-мазаҳиб вал-маҳзаб ал-муъасира» номли китобида ана шундай фирқалардан бири бўлмиш «Аҳмадия» жамоасининг фикр ва эътиқоди хусусида тўхталиб, қуйидагиларни ёзганлар:

«Улар ўзларини мустақил дин, мустақил шариат эгаси ва Мирзо Ғулом Аҳмаднинг йўлдошларини эса саҳобалар деб эътиқод қилишади; Улар учун «Қодиён» (Мирзо Ғулом Аҳмаднинг туғилган қишлоғи) ҳарам ҳисобланади. Уларнинг эътиқодига кўра хамр, афюн ва бошқа маст қилувчи моддаларни истеъмол қилиши ё чекиши ихтиёрийдир; Аҳмадийлар Исо (а.с.) осмонга кўтарилганини рад этади ва узоқ умр кўриб, вафот этгани ҳамда Кашмирдаги Сринагаре қабристонида кўмилганини таъкидлашади; Уларнинг ақидасига кўра, Исо 13 ёшида Ватанини тарк этиб, Ҳиндистонга келган ва таълимотини ёйган. Лаҳорийлар эса қодиёнийлардан фарқли равишда Исо (а.с.)нинг отаси Юсуф Нажжор (христианлик таълимотига кўра, биби Марямнинг қаллиғи) бўлган, деб ҳисоблашади».

Динимиз бу каби одамларни тўғри йўлдан чалғитувчи ишлардан қайтаради. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” (Бақара, 60-оят). Айрим кимсалар Аллоҳ қайтарган ишлар, хусусан, бузғунчиликдан қайтмаяпти. Улар Аллоҳнинг буйруғига қарши чиқаётган ислом душманларидир.

Динимизда мусулмон киши бошқа бировга заррача бўлса ҳам, озор бермасликка тарғиб қилади. “Чин” мусулмонликни даъво қилаётган ғаламислар ёшларни ота-онаси, Ватани ва халқига қарши қурол кўтаришга чақиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”, деганлар.

Исломда ҳаддан ошиш, тажовузкорлик, зўравонлик қаттиқ қораланади.  Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо сураси 93-ояти). Оятда ноҳақ одам ўлдиришни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги қатъий ҳукм баён этилмоқда.

Ислом олами уюшмаси ислом фиқҳи кенгаши баёнотида террорчилик қуйидагича таърифланади: “Террорчилик – бу кишилар ёки гуруҳларнинг инсон дини, жони, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишидир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, ноҳақ қон тўкиш, мол-мулкини тортиб олиш, йўл тўсарлик қилиш, зўравонлик каби таҳдиднинг барча турлари билан жиноий режани амалга ошириш киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасига қўрқув, таҳлика солиш, азият бериб қўрқитиш ёки ҳаётлари, эркинликлари, омонликлари, мол-мулкларини хавф-хатарга қўйишдир. Атроф-муҳитга зарар етказиш, хусусий ёки жамоа мулкини, юртини ва табиий бойликларни хавф-хатарга қўйиш ҳам шундай жиноятлар жумласидандир”.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қосос сураси, 77-оят); “Фитна ўлдиришдан қаттиқроқдир...” (Бақара сураси, 217-оят). Ушбу оятда фитнанинг нақадар ёмонлиги, хаттоки бировни ноҳақ ўлдиришдан ҳам каттароқ иш эканлиги баён этилмоқда.

Аллоҳ таоло бизларни тўғри йўлда собитқадам қилсин, бузғунчиларга Ўзи кифоя қилсин!

ЎМИ Кутубхонаси мутахассиси Абдувосиев Муҳаммадносирхон

30 Сентябрь, 2020 йил | 764