Хайр-эҳсон қилиб туриш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз(с.а.в.)га мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савдогарларнинг одобларидан бири савдо молидан хайр-эҳсон қилиб туришдир.

عَنْ قَيْسِ بْنِ أَبِي غَرْزَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كُنَّا فِي عَهْدِ رَسُولِ اللهِ ﷺ نُسَمَّى السَّمَاسِرَةَ، فَمَرَّ بِنَا النَّبِيُّ ﷺ، فَسَمَّانَا بِاسْمٍ هُوَ أَحْسَنُ مِنْهُ، فَقَالَ: «يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ، إِنَّ الْبَيْعَ يَحْضُرُهُ اللَّغْوُ وَالْحَلِفُ، فَشُوبُوهُ بِالصَّدَقَةِ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Қайс ибн Абу Ғарза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида даллол деб номланар эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар«Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади. Бас, уни садақа ила аралаштиринглар», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Тожирлар иш давомида билиб-билмай турли беҳуда гап-сўзларни айтиб ёки ишларни қилиб қўйишлари, ҳатто қасам ичишлари ҳам мумкин. Шунинг учун улар тез-тез садақа бериб туришлари, яъни бу ишларини ювиб туришлари керак.

Яхшилаб эслаб қолиш керакки, мазкур садақа фақатгина беҳуда гап-сўз ва қасамлар эътиборидан, холос. Тожирнинг қилган садақаси унинг алдамчилигини, ҳаромхўрлигини ювиб юбормайди. Бу ҳақиқатни ҳар бир тожир яхши англаб етмоғи зарур.

«Бозор ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

30 Сентябрь, 2020 йил | 706