Вақф – аслни ушлаб қолиб, фойдани кўпчилик фойдаланиши учун чиқариб қўйишдир. Аслдан мурод – таг-туги қолиши билан фойдаланиш мумкин бўлган нарсадир. Ҳовли-жойлар, дўконлар, мевали боғлар ва ҳоказолар каби. Фойдадан мурод – ўша аслдан келиб чиққан фойда-даромаддир. Мева-чева, ижара ҳақи, уй-жойда яшаш ва шу кабилар.
Вақфнинг ҳукми – у Исломда мустаҳаб бўлган қурбат, яъни ибодатдир. Бунга далил саҳиҳ суннатдир:
- «Саҳиҳайн»да ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, Менга Хайбардан бир ер тегди, мен ҳеч қачон ундан кўра яхшироқ молга эга бўлган эмасман. Буюринг, уни нима қилай?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар истасангиз, аслини сақлаб қолиб, (фойдасини) садақа қилинг», дедилар. Шундан сўнг Умар уни: сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос қолдирилмайди, деб садақа қилдилар. Умар уни фақирларга, қариндошларига, қулларни озод қилишга, Аллоҳ йўлидагиларга, мусофирларга, меҳмонларга деб садақа қилдилар (Бухорий (2737) ва Муслим (1632) ривоятлари).
- Имом Муслим «Саҳиҳ»ида ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан (Муслим (1631) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти).
- Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан қай бир киши қурби етган бўлса, албатта вақф қилганди» (Ал-муғний: 5/348).
- Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имомлар ўртасида кўприклар ва масжидларни (вақф қилиб) ушлаш тўғрисида хилоф йўқдир, бундан бошқа нарсаларда ихтилоф қилганлар» (Кашфул-қиноъ: 4/240).
Вақф қилувчи киши тасарруф қилишга лаёқатли, яъни, оқил, болиғ, озод одам бўлиши шарт қилинади, ёш бола, ақлсиз киши ва қулнинг вақфи яроқли бўлмайди.
"ВАҚФ"хайрия жамоат фонди.