Вақф саҳиҳ бўлиши учун бир неча шартлар мавжуд.

Улар қуйидагилар:

  1.  Вақф қўювчи киши юқорида айтилганидек, тасарруфга лаёқатли киши бўлиши.
  2. Вақф қўйилаётган нарса асли сақланиб қолгани ҳолда фойдаси давомий бўлиб турадиган нарса бўлиши. Фойдаланиш билан тамом бўлиб қоладиган нарсани, масалан, таомни вақф қилиш дуруст бўлмайди.
  3. Вақф қўйилаётган нарса муайян нарса бўлиши лозим. Муайян бўлмаган (ноаниқ) нарсани вақф қилиш дуруст бўлмайди. Яъни, масалан: «Қулларимдан бирини ёки уйларимдан бирини вақф қилдим» деса, дуруст бўлмайди.
  4. Вақф яхшилик ишлари учун бўлиши. Чунки, ундан мурод – Аллоҳ таолога қурбат (яқинлик) ҳосил қилишдир. Масжидлар, кўприклар қилиш, ичишга сув чиқариб қўйиш, илмий китоблар, мискинлар, қариндошларга сарфлаш каби. Яхшилик бўлмаган ишларга вақф қилиш дуруст бўлмайди. Бутхоналар, куфр китоблари, мозорларга чироқ ва шамлар ёқишга ёки шу ишларни қилувчи хизматчиларига (шайхларига) вақф қилиш каби. Чунки, бу ишлар маъсият, ширк ва куфрга ёрдам бериш бўлади.
  5. Муайян кишига вақфнинг яроқли бўлиши учун ўша муайян шахс бирон мулкка эгадорликка лаёқатли шахс бўлиши шарт қилинади. Чунки, вақф дегани мулк қилиб беришдир. Мулкка эга бўлишга яроқсиз бўлган маййитга ёки ҳайвонга вақф қилиш дуруст бўлмайди.
  6. Вақф яроқли бўлиши учун у ниҳоий нарса бўлиши шартдир. Вақтинчалик ёки муаллақ нарсани вақф қилиш жоиз эмас. Фақат ўлимига боғлиқ қилса ва: «Мен ўлганимдан сўнг уйим камбағалларга вақф бўлсин», деса, дуруст бўлади. Чунки, Умар розияллоҳу анҳу агар ўзига бирон кори-ҳол бўлса, Самғ (яъни, унга қарашли бир ер) садақа бўлишига васият қилганлар (Абу Довуд (2879) ривояти). Унинг шу ишни қилгани машҳур бўлган ва ҳеч ким тарафидан инкор қилинмаган. Демак, бу ижмоъ бўлди. Ўлимга боғлиқ қилинган вақф молнинг учдан бирига чекланган бўлади. Чунки, бу васият ҳукмида бўлади.

 

Вақфга доир ҳукмлардан яна бири шуки, вақф қўювчининг шартига – агар шариатга хилоф бўлмаса – амал қилиниши лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар қилган шартлари устидадир, ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган шарт бундан мустасно», деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Чунки, Умар розияллоҳу анҳу вақф қилганлар ва бунда шарт қўйганлар, агар шартига риоя қилиш фарз бўлмаса эди, шарт қўйишининг фойдаси бўлмас эди. Агар шарти вақфининг бир миқдорига чекланган бўлса ёки баъзи ҳақдорларни бошқа баъзиларидан муқаддам қилишни шарт қилган бўлса ёки ҳақдор бўлувчида бир сифатнинг бўлишини шарт қилган бўлса ёки аксинча, бир сифатнинг бўлмаслигини шарт қилган бўлса, ёки вақфга назоратчиликни шарт қилган бўлса ва ҳоказо шартларни қилган бўлса, модомики, Китобу Суннатга хилоф шарт бўлмаса, унга амал қилиш лозим бўлади.

Агар ҳеч нарсани шарт қилмаган бўлса, унга ҳақдор бўлишда бой ҳам, камбағал ҳам, эркак ҳам, аёл ҳам баробар бўлади.

Агар вақфга бир нозирни (қараб турувчи, назоратчи) тайин қилмаган бўлса, ёки бирон кишини тайин қилган бўлса-ю, у вафот этиб кетса, вақфга ҳақли киши муайян шахс бўлса, назоратчилик унинг зиммасида бўлади. Борди-ю, вақф масжидлар каби бирон жиҳатга бўлган бўлса ёки муайян саноқда бўлмаган мискинларга бўлган бўлса, вақфга назоратчилик ҳокимнинг зиммасида бўлади ёки ҳоким тарафидан бирон киши унга ноиб бўлади.

Нозир Аллоҳдан тақво қилиши ва вақфни чиройли бошқариши лозим. Чунки, бу унинг зиммасига юкланган омонатдир.

Агар болаларига вақф қилган бўлса, унга ўғил-қизлар барчаси бирдек ҳақли бўладилар. Чунки, уларни унга шерик қилиб қолдирди. Мутлақ шериклик эса унда барча баробар ҳақли бўлишни тақозо қилади. Шунингдек, бирон нарсани болаларига, улардан сўнг ўзининг кейинги пуштларига деб вақф қилса, вақф ўғилларининг фарзандларига ўтади, қизларининг фарзандларига эмас. Чунки, улар бошқа бир эркакнинг пуштларидир ва ўз оталарига нисбатланадилар, улар Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли ме­рос) ҳақида... амр қилур (Нисо: 11) ояти остига кирмайдилар. Баъзи уламолар улар ҳам фарзандлар қаторига киришини айтганлар, чунки қизлар ҳам унинг авлодлари, қизларининг болалари ҳам унинг авлодлари бўлади, деганлар. Валлоҳу аълам.

Агар: «Болаларимга – ёки фалончининг болаларига – вақф» деган бўлса, вақф ўғил фарзандларга хос бўлади. Чунки, болалар (بنين) деганда ўғил болалар тушунилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй мушрик­лар), балки қизлар (البنات) У зотники-ю, ўғиллар (البنون) сизларникидир?!»(Ват-тур: 39). Аммо, агар вақфга эга бўлувчилар бир қабила бўлса, Бану Ҳошим (Ҳошим болалари), Бану Тамим (Тамим болалари) каби, аёллар ҳам улар ичига киради. Чунки, қабила исми унинг ичидаги эркаклару аёлларни ўз ичига олади.

Лекин, агар саноғи чекли бир жамоатга вақф қилган бўлса, уларнинг ҳаммасини унга баробар шерик қилиш лозим бўлади. Агар саноғи чекли бўлмаса, Бану Ҳошим, Бану Тамим каби, уларнинг барчасини баробар ҳақли қилиш фарз бўлмайди, балки уни баъзиларига чеклаш ва баъзиларини баъзиларидан лойиқроқ қилиш жоиз бўлади.

Вақф лафзнинг ўзи биланоқ лозим бўлувчи ақддир, уни бузиш жоиз бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг асли сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос қолдирилмайди», деганлар (Бухорий (2764) ва Муслим (1632) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Имом Термизий сўзларига кўра, аҳли илмлар наздида, амал мана шу ҳадисгадир, уни бузиш жоиз эмас, чунки у абадий вақфдир.

Сотилмайди, ўрнидан кўчирилмайди, фақат буткул фойдаланиб бўлмас даражага етган бўлса, яъни, масалан, ҳовли-жой вайрон бўлиб, вақфнинг фойдасидан уни тузатиш имкони бўлмаса, ёки экин майдони қуриб, ўлик ҳолга келиб қолган бўлса ва вақфнинг фойдасидан уни обод қилиш имкони бўлмаса, у ҳолда вақфни сотилади ва пулини унинг мислига (яъни, айни ўзига ўхшаган бир нарсани сотиб олишга) ишлатилади. Чунки, шу нарса вақф қўювчининг мақсадига яқин иш бўлади. Агар тўлалигича ўзига ўхшаш нарса бўлиши имконсиз бўлса, мислининг бир қисмига ишлатиш ҳам жоиз. У ҳолда ўша ўрнига сотиб олинган нарса сотиб олинганидан бошлаб вақф бўлиб қолади.

Агар вақф масжид бўлса-ю, ишламаётган ва ўз ўрнида фойдаланилмаётган бўлса, яъни, масалан, масжид жойлашган маҳалла бузилган бўлса, уни сотилиб, пулини бошқа масжидга ишлатилади. Агар бир масжиднинг вақфидан тушган фойдаси ўз ҳожатларидан ортиқча бўлса, ортиқчасини бошқа масжидга ишлатиш жоиздир. Чунки, бу уни вақф қўйилган мақсадда ишлатиш бўлади. Бир масжиднинг вақфидан келган фойданинг ортиқчасини мискинларга садақа қилиш ҳам жоиз бўлади.

Агар бир муайян шахсга вақф қўйган бўлса, масалан: «Бу Зайдга вақфдир, ундан Зайдга ҳар йили юзта (...) бериб турилади», деган бўлса, вақфнинг фойдасидан юзтадан ортганини сақлаб қўйилади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ сўзларига кўра, фойдаси доим ортиқча бўлиши аниқ бўлса, уни сарф қилинади (Ал-фатавал-кубро: 4/514).

Агар масжидга вақф қилган бўлса-ю, масжид бузилиб кетиб, унга вақфдан сарфлаш мумкин бўлмай қолса, уни ўзига ўхшаган бошқа масжидларга ишлатилади.

"ВАҚФ"хайрия жамоат фонди.

30 Сентябрь, 2020 йил | 1224