Бир савол сўрасам: Қарзини узмаган зарар кўради-ми?

— Мен маҳаллаларда уйма-уй юриб, кийим-кечак, майда-чуйда буюмлар сотиб, оила тебратаман. Кўпинча одамлар насияга олади, кейин пулларни йиғишга борганимда баъзилар имкони бўлса ҳам, қарзини тўламайди ёки орқага суради. Динимизда бундай ҳолатнинг хукми қандай?

— Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялиниб-ёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш даражасигача етиб бормоқдалар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради. Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарсалар ҳам мавжуд.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳйи қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у Зотга рўбарў бўлишидир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак. Қарзни узишга қодир бўлатуриб, бермай юриш, ҳадиси шарифда айтилганидек, ҳақ эгасига зулм қилишдир. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

7 Октябрь, 2020 йил | 710