Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг аломатлари (1-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлалигича итоат этиш; У зот келтирган барча нарсани лозим тутиб, у зот қайтарган ишлардан четланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга  итоат этиш - у зотга бўлган муҳаббатнинг асосидир. 

Севикли Расулимиз сoллaллоҳу алайҳи васаллам ва ҳаниф динимизни бор имконият ила муҳофаза қилиш;

Дунёдаги энг катта армонингиз Муҳаммад алайҳиссаломни кўролмай қолганингиз бўлса ва у зот алайҳиссаломни кўришни завқу шавқ ила орзу қилсангиз...

Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  билан яшаган саҳобалардан ибрат олиш; Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга  бўлган муҳаббатларига ҳавас қилиш...

Қиёмат куни у зот алайҳиссалом ва саҳобалар розияллоҳу анҳум билан жамланишни чин дилдан сўраш; Мусулмон одам Муҳаммад алайҳиссаломнинг улуғликларини ҳис эта олса, қалбидаги муҳаббати зиёда бўлади. Бунинг учун у зотни танишимиз лозим. (У зотни таниш учун нима қилдик?)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга  кечаю кундуз чиройли саловатларни кўпайтириш ва кўп эслаш қалбдаги муҳаббатимизни зиёда қилади. У зот алайҳиссалом бизга яқин эканларини ҳис этиш. У зот алайҳиссалом бизни яхши кўрганларини ва барча яхшиликларни бизга илинганларини тафаккур қилиш...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларини яхши кўришимиз, у зот алайҳиссалом яхши кўрган жойлар, сўзлар, таомлар, либослар ва у зот суйган энг кичик нарсаларга ҳам муҳаббатли бўлишимиз...

Ҳаётимизнинг ҳар бир ҳолатида севикли Расулимизнинг суннатларига эргашиш ва муборак ҳаётларини тадаббур билан чуқур ўрганиш...

Аллоҳ таоло бизларга ота-онамиздан кўра меҳрибонроқ бўлган зот Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақиқий яхши кўришимизни насиб этсин! У зот алайҳиссалом марҳамат қилганларидек:

إن المرأ يحشر مع من أحب

 “Киши (Қиёмат кунида) ўзи суйгани билан бирга жам қилинади“... Ё Расулаллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз ва саҳобаларингизни яхши кўрамиз!

(давоми бор)

Абул Юср

2 Ноябрь, 2020 йил | 666