ВАҚФ ВА УНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Эзгу ва хайрли ишларга шошилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг соф эътиқоди ва юксак ахлоқ-одоби тақозо қиладиган бир хусусиятдир. Мусулмонлар бир-бирларига меҳр-оқибатли, бир-бирларини дўст тутадиган, ўзларига раво кўрган барча яхшиликларни диндош биродарларига ҳам илинадиган зотлар бўлиши Аллоҳ таоло буюрган ишлардан ҳисобланади. Улар яшайдиган жамиятда имконияти чекланмаган инсонлар меҳнат қилиш ҳуқуқига, чекланганлари эса яхши ҳаёт кечиришлари учун барча шарт-шароитлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Агар бу жамиятда бирор киши очликдан вафот этадиган бўлса, унинг гуноҳи бутун бир маҳалланинг зиммасига ёзилиши фиқҳий адабиётларда яққол кўрсатиб ўтилган.

Мусулмонлар жамияти аслида ана шу кўринишда бўлиши лозим. Ислом фақат маърака-маросимлар дини эмас. Қалбга ёки ҳаётга ўзининг таъсирини ўтказа олмайдиган тоат-ибодатлар, қуруқдан-қуруқ шиорлар дини эмас. Бу Ислом, шубҳасиз, инсонлар қалбига барқарор ўрнашиб қоладиган бўлса, фақат эзгу амалларга ундайдиган, ҳаётнинг гуллаб-яшнашига хизмат қиладиган бир диндир.

Хайрли ва эзгу ишлар ҳамда тараққиёт юзасидан ўзаро ҳамкорлик ва тенглик асосида ҳаёт кечириш инсонларга ҳам, Ватанга ҳам улкан манфаатлар олиб келади. Чунки бу ишлар қалбнинг тозалиги, нафснинг поклиги аломатидир. Бундай хислат эгалари бошқаларга ҳам манфаат ва кўмак бериш ҳаракатида бўладилар. Ўзгаларни дўст ва биродар тутадиган зотлар бўладилар. Улар билан бир жамиятда ҳаёт кечирадиган ҳар битта инсон ўзини ана ўша жамиятнинг тўлақонли бир аъзоси сифатида кўради. Қарабсизки, ўртадаги алоқалар мустаҳкамлашган, ўзаро ишонч ортган, бир-бирларига фақат меҳр-оқибат билан ёндашадиган инсонлар яшайдиган бир жамият вужудга келган бўлади.

Аллоҳ таолонинг мана бу оятини бир мулоҳаза қилиб кўринг-а: “Уларнинг мол-мулкларида маълум ҳақ бордир. Сўровчи ва бечоралар учундир”[1].Уламолар мазкур оятда зикр қилинган “маълум ҳақ”дан мурод айнан закот ва миқдори маълум бўлган садақалардир, деганлар. Биз бу оятларни яна ҳам кенгроқ тушунадиган бўлсак, қуйидаги маънолар келиб чиқади: мўминларнинг мол-мулкларида ҳар доим маълум бир улуш ажратиб қўйилган бўлади. Улар уни сўровчилар ва имконияти чекланган инсонларнинг ҳақи деб билганлари учун ажратиб қўйган бўладилар. Бу ишнинг замирида бахиллик ва зиқналикдан иборат салбий иллатлардан қутилиш, мол-дунёга бўлган очкўзлик устидан ғолибликни қўлга киритиш, шунингдек, жамият олдидаги масъулиятни ҳис қилиб яшаш бордир.

Аллоҳнинг розилиги учун ҳар қандай кўринишда хайр-эҳсонлар қилишнинг майдони жуда ҳам кенг бўлиб, маълум бир доиралар билан чегараланиб қолмайди. Динимиз мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида улкан имкониятларни яратиб берганки, улар орқали жамиятдаги камбағалликни камайтириш, ҳатто йўқотишга ҳам муваффақ бўлиш мумкин. Кейинги пайтда замонамизнинг атоқли уламолари дунё миқёсида йўқсиллик ва камбағалликка қарши энг самарали кураш воситаси сифатида исломий молия тизимини илгари суришаётгани бежизга эмас, албатта.

Ҳар бир мўмин банда ўзига муносиб бўлган ибодат турини яхши билиб олиши ва шунга мувофиқ амал қилиши унинг ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам манфаатли бўлади. Бадавлат мўминлар эҳтиёжманд ва кам таъминланган диндош биродарларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бу орқали икки дунё саодатини қўлга киритишни мақсад қилган ҳолда кўпроқ мол-давлат орттириш ҳаракатида бўлиши унинг манфаати фақат ўзи билан чекланиб қоладиган (фарз ибодатлардан бошқа) тоат-ибодатга берилиб кетишидан кўра кўп яхши иш ҳисобланади. Бишр Ҳофий раҳимаҳуллоҳга “Фалончи бой кўп рўза тутади, кўп-кўп намоз ўқийди”, дейилганида у: “Бечора! У ўзининг ҳолатини тарк қилиб ўзгаларнинг ҳолатига ўтиб олибди. Унинг ҳолати очларга таом едириш, камбағалларга хайр-саховат кўрсатишдир, холос. Унинг ана шундай йўл тутиши камбағалларга бермасдан мол-дунёни тўплаб олиши, очлик билан ўзини қийнаши, ўзи учун намоз ўқишидан кўра кўп яхшироқ эди”, деганида ана шуни назарда тутган. Ҳатто Аллоҳнинг йўлида хайр-саховат қилиш нафл ибодатлардан олдин турадиган пайтлар ҳам бўлади.

Бир киши ҳажга кетиш олдидан Бишр ибн Ҳорис билан хайрлашиш учун унинг олдига келиб: “Мен ҳаж қилишга қарор қилдим. Мени нимага буюрасиз?” деганида у: “Ҳаж қилиш учун қанча маблағ тайёрладинг?” деди. “Икки минг дирҳам”, деди ҳалиги киши. “Ҳаж қилишдан мақсадинг нима? Зоҳидлик қилишми, Байтуллоҳга бўлган соғинчингми ёхуд Аллоҳнинг розилиги?” сўради Бишр. У: “Аллоҳнинг розилигини топиш”, деб жавоб берди. Шунда Бишр: “Агар ўша икки минг дирҳамни садақа қилиб, уйингда туриб ҳам Аллоҳнинг розилигини топадиган ва Унинг розилигини топганингга амин бўладиган бўлсанг, шу ишни қилармидинг?” деганида у: “Ҳа!” деди. Бишр унга шундай деди: “Бориб, ўша маблағингни ўнта жонга бер: қарзини уза олмай турган қарздорга. Эҳтиёжини таъминлай олмаётган камбағалга. Аҳли оиласини боқишга қийналиб турган оилабошига. Етимнинг қалбига шодлик солишни истаб турган қаровчисига. Агар улардан фақат биттасига беришга чидай олсанг, шу ишни қил. Чунки бир мусулмоннинг қалбига шодлик солмоғинг, қийналиб турган инсонга ёрдам бермоғинг, заифларни қўллаб-қувватлаб, улардан зарарни кеткизмоғинг бир марта ҳаж қилганингдан кейинги юзта ҳаждан кўра афзалроқдир”.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Замон охирлашганда сабабсиз ҳаж қиладиганлар кўпайиб қолади. Уларнинг сафарлари осон кечади. Ризқ-рўзлари мўл-кўл бўлади. Савобдан маҳрум бўлган ҳолларида ҳаждан ортга қайтадилар. Ҳолбуки, ёнгинасида турган камбағал қўшнидан кўнгил сўрай демайди”.

Юқорида ўтганлардан аён бўладики, мўмин банда ўзига қандай амал муносиб эканини аҳли илмлар билан маслаҳатлашган ҳолда белгилаб олиши мақсадга мувофиқдир. Кимдир кўпроқ рўза тутишга қодир бўлса, кимлардир тунлари бедор бўлиб ибодат қилишга қодир бўлади. Яна кимлардир ўзларининг мол-давлатларидан хайр-саховатлар қилиш орқали ҳам моддий, ҳам маънавий кўринишдаги ибодатларни қилиш имконига эга бўлади.

Қуръони каримда бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган хайрли ва савобли амаллар қилишга ҳамда озми-кўпми садақалар бериб туришга тарғиб этадиган оятлар кўплаб топилади. “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсиз”[2],“Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир”[3]“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга  (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз”[4] каби ояти карималар шулар жумласидандир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинганки, улар вақфнинг қанчалик аҳамиятли эканини ифодалайди. Жумладан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи вафот этса, унинг амал дафтари ёпилади. Уч нарса бундан мустаснодир. Улар садақаи жория, фойда олинадиган илм ва дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”[5], деганлар. Шунингдек, Нофиъ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у киши шундай деган: “Умар розияллоҳу анҳу Хайбар воқеаси бўлган куни бир ерни қўлга киритди. Бу ҳақда маслаҳат қилиш учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мен Хайбарда бир ерни қўлга киритдим. Мен ўзим учун ундан кўра нафисроқ бирор мол-мулкни кўрмаганман”, деди. Шундай у зот алайҳиссалом Умарга: “Агар хоҳласанг, унинг аслини ўзингга олиб қолиб, садақа қилиб юбор”, дедилар”.

Уламолар садақаи жорияга таъриф берар эканлар у вақфдир, чунки ундан бошқа садақалар жорий яъни доимий равишда савоби келиб турадиган эмасдир, деганлар. Ибн Можа ривоят қилган қуйидаги ҳадисга назар соладиган бўлсак, киши вафот этганидан сўнг ҳам савоби доим етиб турадиган ишлар санаб ўтилганининг шоҳиди бўламиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин кишига вафот этганидан кейин орқасидан бориб турадиган, унга етиб турадиган яхшиликлари у ўргатадиган ё тарқатадиган илмдир ё қолдирадиган солиҳ фарзанддир ё бўлмаса ўзидан кейин мерос қилиб қолдирган мусҳаф (яъни, Қуръон)дир ёки ўзи бино қилган масжиддир ё бўлмаса мусофирлар учун қурган бир уйидир ёки оқизиб қўйган бир дарёдир ёки ўзи ҳаётда соғлом бўлган вақтида молидан чиқарган садақасидир. Буларнинг барчаси вафотидан кейин эгасига бориб туради”.

Ислом динида вақф қилинган илк садақа бу, яҳудийлардан бўлган Мухайриқ ибн Назирнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари асосида вақф қилинган ерларидир. Мухайриқ розияллоҳу анҳу Уҳуд жангги куни мусулмон бўлиб, яҳудийларни у зот алайҳиссаломга ёрдам беришга чорлаган, агар вафот этадиган бўлса, мол-мулки Пайғамбар алайҳиссаломники бўлишини васият қилган бўлган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида “Мухайриқ яҳудийларнинг энг хайрлисидир”[6], деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким савобига умид боғлаган ва имон келтирган ҳолда Аллоҳнинг йўлида бир отни вақф қиладиган бўлса, унинг емиши, тезаги ва пешоби қиёмат куни ўша банданинг тарозисида савобли амаллар қаторида ёзилган бўлади”[7].

Вақф сингари садақаи жориянинг савобидан баҳраманд бўлиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб саҳобалари бу борада бир-бирлари билан беллашишгача бориб етганларидан хабардормиз. Жумладан, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳум ва бошқаларнинг Аллоҳ таоло йўлида ўз мол-мулкларидан вақф қилганликлари нақл қилинган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Аллоҳ таоло тарафидан масжид қуришга буюрилдилар. “Эй, Нажжор болалари! Мана бу боғингизни менга баҳолаб беринг”, деганларида улар: “Аллоҳга қасамки, йўқ! Биз унинг баҳосини фақатгина Аллоҳ таолодан талаб қиламиз”, деб жавоб бердилар”.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломга: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Саъднинг онаси вафот этди. Қандай садақа қилсам яхшироқ?” деганида у зот: “Сув (садақа қил)”, дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу одамлар учун битта қудуқ қазитиб, сув чиқариб берди ва: “Бу Саъднинг онаси учун”, деди[8].

Юқорида ўтганлардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон банда ҳар доим ўзи ва ўзгаларга яхшилик улашадиган, хайр-саховат кўрсатадиган, ҳатто вафот этиб кетганидан сўнг ҳам савоби етиб турадиган амаллар қиладиган инсон бўлиш ҳаракатида юриши динимиз талаби эканини билиб оламиз. Бахиллик, хасислик ва зиқналик каби маънавий иллатлардан йироқ юриш, мудом ўксик кўнгилларга шодлик улашиб яшаш динимизда чин инсонийлик фазилатларидан ҳисобланиши барчамизга маълум. Биз мўминлар “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганида ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Ё Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг моли ўрнини тўлдиргин”, деса, иккинчиси: “Ё Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талафот етказгин”, деб дуо қилади”[9], дея савобли ишларга тарғиб қилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муносиб уммат бўлиш учун мудом саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.

Алоуддин Ҳофий
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
3 Ноябрь, 2020 йил | 1464