ИСЛОМДА ВАҚФ ТУШУНЧАСИ ВА ТАРИХДАГИ ВАҚФ ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАҚИДА

Вақфнинг луғавий ва фиқҳий таърифи

«Вақф» бу «вақафа» (тўхтатди) феълининг иш-ҳаракат номи (масдари) бўлиб, луғатда «тўхтатиш», «тутиб қолиш» маъносини англатади. Кўпинча эса мазкур сўз билан масдар эмас балки, вақф қилинган нарса тушунилади.

«Тўхтатиш», «тутиб қолиш» сўзига қандай алоқаси бор, десангиз айтиш жоизки, одатда вақф қилинган нарса хоҳ у манқул (кўчар мулк) бўлсин, хоҳ ғайри манқул (кўчмас мулк) бўлсин, одатий ашёлар каби одамлар бемалол сотиб олиб, сўнг яна сотиб юбораверишларидан ва улар ўртасидаги муомалада бошқа товарлар каби айланиб юришидан тўсиб, тўхтатиб қўйилади. Аллоҳ учун вақф қилинган нарсаларга берилган умумий ном ушбу маънодан келиб чиққан.

Вақф сўзининг истилоҳий маъноси борасида фуқаҳолар тарафидан турли-хил таърифлар айтилган. Уларнинг хулосаси шуки, «вақф бу — бирор объектни Аллоҳнинг мулки бўлиши узра (олди-берди муомаласидан) тўсиб қўйиш ва ундан ҳосил бўладиган манфаатни эса муайян қатламга ёки барча эҳтиёжмандларга ёхуд омма мусулмонлар учун садақаи жория қилиб қилиб қўйишдир».

Мисол учун, бир инсоннинг боғи бор. У инсон ўша боғни ундан чиқадиган мевалар халққа тарқатилишига кўра Аллоҳ учун вақф қилдим, деса ёки шу ишни расмийлаштириб қўйса, унинг боғидан ҳосил бўлган мевалар мудом халқ учун хайр-эҳсон қилинади.

Вақф мулки шаръий ҳукмда мулк ўлароқ кимнинг номида қолади уни вақф қилган инсоннингми ёки мазкур шахснинг мулкидан чиқиб Аллоҳнинг мулки деб эътибор қилинадими(?), деган масала борасида ҳам фуқаҳолар ўртасида бироз ихтилоф мавжуд. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га кўра, вақф мулки гарчи ундан ҳосил бўладиган манфаат садақа қилинса ҳам аммо унинг асли вақф қилган инсоннинг мулкияти қолади, деганлар.

Ушбу қавлга кўра вақф мулкининг асли худди фойдаланишга бериб туриладиган буюм кабидир. Шунга биноан, у меросхўрларга қолиши, сотилиши ёхуд эгаси томонидан вақфдан чиқарилиши мумкин. Негаки, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) наздида вақф қилинган нарса шаръий жиҳатдан лозимлик касб этмайди ва ундан исталган пайт қайтилиши мумкин. Бу сўз эса имом Муҳаммаднинг мабсутида келгани каби имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг аслида вақф тушунчасини жоиз деб билмасликларига бориб тақалади. Бошқа ривоятларда эса вақф Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра жоиздир аммо, лозимлик касб этмайди.

Имом Абу Ҳанифага кўра фақат, бир ҳолатдагина вақф унинг эгасининг мулкидан чиқиб, лозимлик касб этади. У ҳам бўлса, давлат бошлиғи тайинлаган ҳоким шундай ҳукм қилса, яъни, вақф қилинган мазкур мулкни эгасининг тасарруфидан буткул чиқариш қарорини қилса, ана ўшанда вақф қилинган нарса эгасининг тасарруфидан чиқиб кетади.

Лекин, масжид масаласида у зот ҳам бошқа фуқаҳолар сингари масжид қуриб битказиб, у ерда ҳатто бир киши тарафидан бўлса ҳам намоз ўқилиши билан у уни қурган инсоннинг мулкидан чиқиб, Аллоҳнинг мулкига айланади дейдилар. Фақат, бу масжид ҳақиқий маънодаги масжид бўлиши керак. Қандайдир бино ичида намозхона қилиб қўйилган жой гарчи, намоз ўқиш жоиз бўлса-да фиқҳий маънодаги тўлақонли масжид ҳисобланмайди.

Бироқ, фуқаҳоларнинг аксари шу жумладан имом Аҳмад ва имом Шофеийларга кўра ҳамда мазҳабимиз асосчиларидан имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг икки буюк издоши имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар наздида вақф қилинган нарсанинг эгалиги вақф қилувчи шахс тасарруфидан чиқиб, Аллоҳнинг мулкига қайтади. Ушбу қараш жумҳур уламоларнинг фикри бўлиши билан бирга ҳанафий мазҳабида ҳам мухтор ва муфто биҳи саналган мўътамад қавллар жумласига киради.

Имом Муҳаммадга кўра вақф эгасининг тасарруфидан чиқиб кетиши учун тегишли объект мутаваллий яъни вақф ишлари учун тайинланган раҳбар шахсга топширилиши ва у эса уни қабул қилиб олиши шарт.

Имом Абу Юсуф наздида эса вақф кучга кириши учун бир оғиз сўз кифоядир. Яъни, фалон мулкимни вақф қилдим деб айтса, шунинг ўзи билан вақф қилинган ашё эгасининг мулкидан чиқиб, лузумият касб этади. Зеро, бу ҳам худди қул озод қилиш каби ўз мулкидан воз кечиш демакдир. Бунинг учун эса сўз кифоя қилади. Имом Шофеий дохил аксар аҳли илмнинг қавли ҳам шудир.

Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳамадга кўра, бирор мулк вақф қилинаётганда ундан чиқадиган манфаатнинг абадийян сарфланиш жиҳатини зикр қилиш вақфнинг дуруст бўлиши учун шартдир.

Аммо, имом Абу Юсуфга наздида вақф қилишда унинг манфаати учун абадий сарфланиш жиҳатини тилга олиш шарт эмас. Яъни, «абадий» сўзини айтиш шарт эмас. Балки, вақф қилувчи жисмоний шахслардан иборат бирор жиҳатни белгилайди. Агар мазкур жиҳат қачондир узилиб қолса, бояги вақф мулкидан чиқадиган манфаат фақирларга сарфланади.

Имом Абу Ҳанифага кўра китоб, Мусҳаф, рўзғор буюмлари, либос ва ҳоказолар каби манқул ашёларни вақф қилиш дуруст эмас. Чунки, бу нарсалар ишлатилиш оқибатида ейилиб, эскириши, ишдан чиқиши мумкинлиги эътиборидан уларга нисабатан абадийлик тушунчасини ишлатиб бўлмайди.

Абу Юсуфга кўра манқул мулкдан фақат ҳадиси шарифларда зикри келган от-улов ва қурол-аслаҳа каби нарсаларнигина вақф қилиш дуруст.

Имом Муҳаммад наздида эса одамлар орасида муомалада бўлган, сотилиб-сотиб олинувчи ёхуд ориятга бериладиган ҳар қандай буюмни вақф қилиш жоиз. Зеро, таомил бу қиёсдан ҳам кучли мавқега эга балки, у ижмо каби кучли далилдир.

Лекин, манқул деганда тезда истеъмол қилиб, йўқ қилиб юбориладиган маҳсулотлар тушунилмайди. Масалан егулигу ичимлик, ғалла ва бошқа истеъмол маҳсулотлари вақф қилинмайди. Чунки, вақф бирор объектнинг аслига оид тушунча бўлиб, ундан чиқадиган манфаатни садақа қилишни кўзда тутади. Масалан, юз гектар далани ундан чиқадиган мева, ғалла каби манфаатни эҳтиёжмандларга садақа қилиш йўлига кўра вақф қилишингиз мумкин. Аммо, бир қоп ун ёки бир коса овқат вақф қилинмайди. Чунки, буларнинг ўзи манфаатдир.

Вақф бу садақаи жориядир

Вақф ташкилотлари қадимда мусулмон мамлакатларида хилма-хил ва сон-саноқсиз бўлган. Мазкур муассасалар таъбир жоиз бўлса, ислом цивилизациясининг нечоғли олийжаноб ва ҳассослигини акс эттирувчи юзлаб рангда жилоланувчи инъикосидан бири эди.

Исломий вақфлар жамият аъзоларини ижтимоий бирдамлик соябони остида жамлаб турган. Бойлар ва эҳтиёжмандлар ўртасидаги дўст-биродарлик тушунчасини мустаҳкамлаш учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтаган.

Қадимдан бадавлат мусулмонлар дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритиш учун Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсонлар қилишда пешқадам бўлганлар. Вафотларидан сўнг ҳам қиёматга қадар савобидан баҳраманд бўлишлари учун ўз мулкларидан бир қисмини Аллоҳ йўлида вақф қилганлар. Зеро, вақф бу садақаи жориянинг бир туридир.

Вақфлар ижтимоий ҳимоянинг барча турини ўзида қамраб олган. Вақф шифохоналари, вақф мадрасалари, вақф меҳмонхоналар, работлар, масжидлар, йўллар, кўприклар, эҳтиёж соҳибларини таом билан таъминловчи вақфлар, қарздорларга ёрдам берувчи вақфлар, мусофирлар учун ажратилган вақфлар ва бошқа кўплаб йўналишда фаолият юритувчи вақф ташкилотлари бор эди.

Машҳур мусулмон саёҳатчиси Ибн Баттута саккизинчи ҳижрий юз йилликда Баҳрий Мамлуклар ҳукми остидаги Дамашқ шаҳрида кўрган ўнлаб турдаги, юзлаб вақф муассасаларини кўргандаги ҳайратини қуйидагича ифода этади: «Дамашқдаги вақфларнинг тури ва сафланиш жиҳатлари шу қадар кўплигидан, уларнинг саноғига етиб бўлмайди. Масалан, ҳажга боролмайдиганлар учун уларнинг номидан ҳаж қилувчиларни етарли маблағ билан таъминлайдиган вақфлар, қизларига сеп қилишга кучи етмайдиган оилаларнинг қизларига барча сеп ва жиҳозларини тайёрлаб, тўйини ўтказиб берадиган вақфлар, асирларни озод қилиш учун керакли маблағларни берувчи вақфлар, мусофир юртда пули тугаб қолганлиги туфайли уйига қайтиб кетолмаётган ибни сабиллар учун хосланган вақфлар бор. Бундай турдаги вақфлар мусофирларга таом, кийим-кечак ва юртларига қайтиш учун керакли нарсаларни тақдим этади. Шунингдек, йўлларни тўғрилаш ва уларга тош ётқазиш учун мўлжалланган вақфлар ҳам буларга мисол бўла олади. Чунки, Дамашқ кўчалари шундай тарздаки, унинг икки четида пиёдалар юрадиган йўлкалар бўлади, ўртасидаги (каттароқ) йўлкада эса отлиқлар юради. Яна, санаганларимиздан бошқа хайр ишлари учун очилган турли хил вақфлар бор» («Ибн Баттутанинг саёҳати»: 99-бет;).

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

3 Ноябрь, 2020 йил | 1839