Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлаганлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмайдиган ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар. (Бақара сураси, 262-оят).

Аллоҳ йўлида сарфланган молнинг савобини тўлиқ олишнинг шарти ҳам бор, у ҳам бўлса, мол сарфловчи миннат қилмаслиги ва молни олганларга озор бермаслиги керак.

Миннат қилиш ёмон одат бўлиб, инсоннинг қалбида оғир яра қолдиради. Берганини миннат қилган кишининг мақсади манманлик, бошқаларни менсимаслик, ўзини кўрсатиш, одамлар ўртасида обрў қозониш бўлади. Мол сарфлаган киши миннат қилиши туфайли молни олувчига озор етказади. Одамлар ичида унинг обрўсини тўкади. Инсоний қадр-қимматини пастлатади. Ҳолбуки, Исломда мол-мулкни сарфлаб, нафақа қилишга тарғиб қилишдан мақсад камбағалларнинг кўнглини кўтариш, уларни хурсанд этиш, бой биродарлари уларни ҳурмат қилишларини сездиришдир. Шунинг учун ҳам бу ояти каримада:

«Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмайдиган ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир», – дейилмоқда.

Тириклик вақтида молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлаган кишилар келажакларидан қўрқмасалар ҳам бўлаверади:

«Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар».

Уларга ҳеч қандай хавф-хатар йўқ: фақирликнинг, ҳиқду ҳасаднинг, алданишнинг ва охират кунининг хавфи йўқ.

Яна улар молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлаганлари учун ҳеч хафа бўлмайдилар.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

10 Ноябрь, 2020 йил | 715