Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Бакр уни Баҳрайнга юборганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга фарз қилган садақа ҳақида ёзиб берган мактубда: «Танга пулда ўндан бирнинг тўртдан бири. Агар бир юз тўқсон тангадан бошқа бўлмаса, унда ҳеч нарса йўқ. Магар эгаси хоҳласа, (ўзи билади)», дейилган эди. Бухорий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган. Бешовлари қилган ривоятда: «Танга пулнинг беш увқиясидан озида садақа йўқ», дейилган. Арабчада кумуш танга пулни «варақ», «риққа», деб аталади. Ушбу ҳадисда ўша кумуш танга пул ҳақида сўз кетмоқда. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар;
1. Кумуш танга пулдан фарз бўладиган Закот миқдори ўндан бирнинг тўртдан бири, бугунги кун истилоҳи билан айтилганда икки ярим фоизи экан. Демак, кимнинг кумуш тангалари нисобга етса, икки ярим фоизини Закот қилиб чиқариши керак бўлади.
2. Бир юз тўқсон танга кумуш пулга Закот фарз бўлмайди. Фақат эгаси ўз ихтиёри билан Закот бермоқчи бўлса, ўзи билади.
3. Кумуш танга пулнинг нисоби беш увқия. Бир увқия-қирқ дирҳамга тенг. Уни бешга кўпайтирсак, икки юз дирҳам бўлади. Икки юз дирҳам кумуш пул нисобга етган бўлади.
savollar.islom.uz сайтидан