Луқмангга ҳам ажр бор

Ҳажжатул вадоъ йилида Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳу қаттиқ бетоб бўлди. Ҳатто шу касаллик билан ўлсам керак, деб ўйлади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани келдилар. Саъд деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Кўриб турибсиз, менга касаллик етди. Менинг молим бор. Менда фақатгина биттагина меросхўр қизим бор. Молимнинг учдан иккисини садақа қилсам бўладими?
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам:
-Йўқ, дедилар.
-Ярмини садақа қилсам бўладими?
-Йўқ.
-Учдан бирини садақа қилсам бўладими?
-Учдан бири ҳам кўп эй Саъд! Сен фарзандларингни бировлардан тиланиб юрадиган фақир қилиб қолдирганингдан, уларни бой қилиб қолдирганинг афзалдир. Аллоҳнинг ризоси учун қилган ҳар-бир нафақангга савоб оласан. Ҳаттоки, хотининг оғзига солган луқмангга ҳам!

Кишининг ўз меросхўрлари ҳақида ҳам қайғуриши Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламннинг кўрсатмаларидир. Уларга қийинчилик пайтида фойдаланадиган мол қолдириши машруъдир.
Дунё ўзгариб туради. Унинг кулфатларидан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Бу дегани, инсон фақат мол йиғсин, дегани эмас. У ўзини ҳам унутмаслиги лозим. Яхшилик қилиш, муносиб жойларга садақа эҳсонлар қилиш лозим. Жони ҳалқумга келганда меросхўрларига “буни менинг номимдан фалон жойга садақа қилинглар, мана буни менинг номимдан садақайи жория қилинглар” дейиши яхши эмас. Бу ишларни кўзи очиқлигида, соғ-саломат юрганида ўз қўллари билан қилиши матлубдир.
Саҳифангни ўзинг тўлдир. Ўзинг садақа қил. Аллоҳ томон У сенга берган нарсалар билан мусобақа қил. Мол жамлаб, уни болаларга қолдириб, сўнгра унинг ҳисобини ёлғиз ўзинг берма.
Ният одатларни ибодатга айлантиради. Ниятларингни доимо Аллоҳ учун қилгин. Оиланг учун сотиб оладиган озиқ-овқатингни кундалик зарурат деб эмас, бунда ажр бор деб қилгин. Ҳар бир ҳўл жигарда ажр бордир. Ота-онангга сарфлайдиган молингни кишиларнинг гапидан қўрқиб бурч тушунчаси билан боғлама. Унда яхшилик ҳис қил. У билан Аллоҳга яқинлаш. “Ота-онанггизга яхшилик қилинг!”, деган оятни хотиржам бўлиб тиловат қил.
Янги фарзанд кўрган синглинг зиёратини урф-одатга, ижтимоий муносабатларга боғлама. Бундаги силаи-раҳмни ҳис қил. Силаи-раҳм Аршга боғланганини, уни ким боғласа Аллоҳ уни боғлашини, уни ким узса Аллоҳ уни ҳам узишини эсла.
Қўшни билан алмашадиган бир товоқ овқатингни қадимги одатларимизга боғлама. Бу ишда Жаброил алайҳис саломнинг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга қўшни ҳақида кўп гапирганларини, Расулуллоҳ салоллоллоҳу алайҳи ва саллам бундан ҳатто қўшни мерос ҳам олса керак, деб ўйлаб қолганларини эсла.
Инсонларнинг амаллари бир-бирига ўхшайди. Аммо уларнинг ниятлари фарқлидир. Ниятингда доимо Аллоҳ бўлсин!

Абдулқодир Полвонов

muslim.uz

25 Ноябрь, 2020 йил | 762