Инсоннинг зиммасида ўз биродарига нисбаттан бажариши лозим бўлган бир неча масъулиятлари бор. Бу масъулиятни ҳамма ҳам ҳис қилиб бажаравермайди. Инсоннинг буюклиги ва азизлиги ўз биродари олдидаги масъулиятини бажариши билан белгиланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида: «Аллоҳ наздида дўстларнинг энг яхшиси, ўз дўстига яхшилик қиладиганидир», деб марҳамат қилганлар.
Имом Аҳмад ривоятлари.
Ўз дўсти ва ён атрофидаги биродарларининг ҳаққини тўла тўкис адо қилган инсон бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳисобланадилар. У зот ҳар доим уларга табассум, очиқ чеҳра билан қарар эдилар. Бошқалар у кишига бемалол мурожат қилиши ва дардини айтиши учун ўзларини улар билан яқин тутар эдилар. Ҳеч ҳам бировга қўпол муомалада бўлиб, дағаллик қилмас эдилар. Бақир-чақир қилиб юрмас эдилар. Оғизларидан ҳеч ҳам уят сўз чиқмаган. Баъзи инжиқ одамлардек ҳамма нарсадан айб қидирмас эдилар. Ҳеч қачон бировни таҳқирламас, жеркимас ва айбламас эдилар. Бировни камчилиги ва сирларини билишга қизиқмас, фақатгина савобли фойдали сўзларни гапирар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини саҳобалар билан худди дўстдай тутар, уларга қаттиққўллик билан муомалада бўлмас эдилар. Уларни ўзларидан нафратлантирмас, ҳол аҳвол сўраб илиқ муносабатда бўлар эдилар.
Агар бирга ўтириб қолишса, ҳар бирининг ҳурматини жойига қўйиб, эҳтиром кўрсатардилар. Агар бирор киши ҳожати чиқиб бирор нарса сўраб келса, ёнларида бўлса, унинг сўраганини бериб ҳожатини чиқарар эдилар. Агар у сўраб келган нарсани топа олмасалар, ширин сўз билан кўнглини кўтарар эдилар. У зотнинг саҳийликлари ва самимийликларидан ҳамма баҳраманд бўларди. Аллоҳ Оли Имрон сурасининг 159 оятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мулойим, меҳрибонликларини мақтаб марҳамат қилиб айтади:
«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар».
Тавба сурасининг 128 оятида эса:
«Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди», деб марҳамат қилган.
Саҳобаларга таълим тарбия беришлари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига таълим тарбия борасида ҳам алоҳида вақт ажратиб уларни илмли ва инсонларга манфаати тегадиган қилиб тарбиялар эдилар. У зотнинг ўзлари бу борада: «Мен сизларга таълим тарбия бериш борасида ота ўрнидаман», деганлар. Имом Аҳмад ривоятлари.
Агар саҳобаларидан бирортаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини яхши тушунмаганини сезиб қолсалар, унга ўша масалани қайта тушунтириб берар эдилар. Тушунтиришдан ҳеч ҳам малолланмас эдилар. Шуннг учун намозини хато ўқиган кишига намозни таълимини бергач ҳалиги саҳобий: «Аллоҳга қасамки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ҳалимроқ ва яхши муаллимни учратмаганман», деган экан.
Саҳобалари билан маслаҳатлашишлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларидан бири, бу у зотнинг бир ишни қилмоқчи бўлсалар, саҳобаларидан ўша иш хусусида маслаҳат сўрашлари эди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
Улар билан кенгашиб иш қилинг. (Оли имрон сураси, 159 оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек ўз саҳобалари билан бир иш борасида кўп маслаҳатлашган одамни кўрмадим», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи зодагонлардек инсонларни табақага ажратиб, фақатгина ўз табақасидаги бойлар билан ўтириш керак, деган тушунча нотўғри эканлигини ўз ҳаётларида амалий кўрсатиб бердилар. У зот камбағаллар билан бирга ўтириб, уларни эҳтиром қилар эдилар. Уйларидаги овқатни аҳли суффадаги камбағаллар билан бирга баҳам кўрар эдилар.
У зот ён атрофларидаги барча саҳобаларга эътиборли эдилар. Агар бирор саҳобаларини жамоатда кўрмай қолсалар, у ҳақида сўраб суриштирар, агар касал бўлиб қолган бўлса, уни кўргани борар эдилар.
Агар у зотнинг хислатларини гапирадиган бўлсак қалам сиёҳи тугаши мумкину, лекин у зотнинг хислатлари тугамайди. Шу ерда хулоса қилиб шуни айтамизки, ҳар бир инсон корхонадаги ҳамкасби, ёнидаги дўсти, маҳалласидаги қўшниси, уйидаги аёли ва бола чақасига эътиборли бўлса, улар олдидаги ўз вазифаларини масъулиятни ҳис қилган ҳолда бажарса, у инсон ўзидаги, оиласидаги ва бутун жамиятдаги муаммоларни осонлик билан ечиб, жамиятимизни гуллаб яшнашига хизмат қилган бўлади. Ахир бежизга Атоқли файласуф Шебол: «Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки, у зот уммий (ўқиш-ёзишни билмаган) бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз», демаган.
Абдулазиз Усмон
siyrat.uz