Инсонни ўтган умри яхшилик бўлса ҳам, ёмонлик бўлса ҳам ўзининг фойдаси ёки зарари бўлади. Лекин умрни ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар бир инсон вафот этади. Инсоннинг вафот этиши билан унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарсадан инсоннинг аъмолномасига савоб бориб туради. Булардан бири садақаи жориядир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаъи аъмолига савоб ёзиб турилади” “Садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоннинг бу дунёдаги қандай яшаб ўтганлигини тош-у тарозисини айтиб бердилар. Бу ҳадисдан олинадиган фойдамиз мавзуимизга оид садақаи жория тўғрисида тўхталиб ўтамиз.
Садақаи жория нима дегани?
Савоби доимий оқиб турадиган хайрли амал, хайрли иш. Хайрли иш халқ учун хизмат қиладиган хайрли манфаатли иш. Манфаат келтирадиган халқнинг оғирини енгил қиладиган, доимий фойдаси тегиб турадиган фойдали ишдир. Масалан: йўлни яқинлаштирадиган кўприк, бирор ерга сув етиб бормаган жойларга сув қувурлари етказиш, ёки маҳалла йўллари талабга жавоб бермайдиган бўлса, уни тузатиш, масжидларга номозхонлар учун қулай таҳоратхоналар қуриш, камбағалларга уй-жой қуриб бериш, илм масканлари қуриш, тиббиёт масканлари қуриш ва ҳаказолар садақаи жориялар дейилади. Садақаи жория ишлари қанча кўпайса халқ мушкули осон булади.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳу дан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ул зот айтдилар: “Саҳийлик дарахтдир, унинг илдизи, жаннатда ва шохлари дунёга тушган, ким унинг шохларини, баргини ушласа жаннатга етказади. Бахиллик хам бир дарахтдир, илдизи дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг шохини ушласа дўзахга элтади” дебдилар.
Мана шу ҳадисда кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сахий бўлишликда инсон ўзига манфаат борлигини ҳис қилиши, халқга фойда келишлигини, оҳиратда захира борлигини таъкидлаб ўтганлар.
Садақа нима дегани?
Садақа сўзи “сиддиқ” сўзидан олинган бўлиб, яъни банда қилган яхшилик амали билан Аллоҳга бўлган садоқатини намоён этади. Бу дунёдаги берилган бойлик охиратдаги амалларимизни кўпайтириш учун берилган имкониятдир.
Инсон кўпроқ яхшиликка, садақаи жория қилишга, кўпроқ умри давомида яхши амалларни бажармоқлиги ҳамда хасис инсонларга наъмуна бўлмоқлиги, Аллоҳ таъоланинг берган бойликларини синов учун берилганлигини ҳис қилишлик, бу дунёда камбағал мискинларнинг, толиби илмларнинг ўша бойлигининг ичида ҳаққи борлигини англашлигини билиши лозим. Ўша бойликлар оҳиратда унинг фойдасига эмас зарарига юриб қолишлигини ҳис қилишлиги ва буларни билган ҳолда тан олмаслиги эса дўзах эшиклари унинг учун ланг очиқ ҳолда турганлигини билиши лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг ҳар бирингиз билан Аллоҳ албатта гаплашади. Ўнг томонга қараб фақат садақаларни кўради, сўнг чапга қарайди. У томонда ҳам фақат садақаларни кўради. Сўнг олдига қарайди дўзахни кўради. Дўзахдан яримта хурмо бериб бўлса ҳам сақланинглар” дейдилар.
Хулоса қилиб айтамизки, садақаи жория қилишлик фазилатли амаллардандир. Устига устак моҳи Рамазонда ва халқ бошига коронавиресдек вабо тарқалиб турган бугунги кунларда садақанинг фазли янада баланддир.
Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати