Бугунги ҳаётимиз

Ҳозирги кунда фойдасиз ишларга исроф қилаётган пулларимизни илм аҳлига сарф қилганимизда эди маънавий муаммоларимиз камайган бўларди.

Агар исроф қилаётган пулларимизни фақирларга ажратганимизда қанча бева-бечора, етимларнинг ҳаёти яхшиланган бўларди.

Чойхоналарга сарфлаётган пулларимизнинг ҳисоби йўқ. Мода ҳам шундай. Мода амри сўзсиз бажарилади - « бу йил оқ либос кийилади» дейилса кучи етган, етмаган оппоқ либосли бўлиш ҳаракатига тушиб қолади.

Ваҳоланки, тузукроқ кўйлаги йўқлиги учун кўчага чиқишга уяладиган опа-сингилларимиз, мактаб формасига пул етмагани учун синфдошлари орасида изза бўлаётган укаларимиз, контракт пулини тўлаш учун соғлиғидан айрилаётган талабаларимиз бор. Уларга ёрдам бериш орқали жаннат соҳиби бўлишимиз мумкин.

Илгариги вақтларда тўйга кета туриб фақирлар ўксинмасин дея зийнатлар тақмаган, ҳавасланиб кўнгли тушмасин, харажатга қийналмасин деб ҳашамдор кийинмаган олийжаноб одамлар бўлган.

Энди эса ўзидан бошқани ўйламайдиган, барча фазилатни чўнтагидаги пулдангина иборат деб биладиган "бой"ларимиз бор.

Бундайларга Расулуллоҳ алайҳиссалом қизларида фақат бир либоси бўлганини  эслатинг.

Инсонлик шарафи ва фазилати қимматбаҳо кийимлар, қасрсимон иморатларда баҳслашишда эмас. Балки очларни тўйғизиш, кийинтириш, илм аҳлларини қўллаб-қувватлашда эканини тушунтиринг...

Сарфланаётган ҳар бир ҳалол пулнинг Аллоҳ ҳузурида ҳисоби, харом пулнинг эса жавоби борлигини ақлларга жойланг.

 

Бу матнни эртак ёки ҳикоя деб ўқиманг. Бу биз ва сиз яшаётган ҳаёт. Уйига ойда ёки ҳафтада бир гўшт кирмаган, иссиқ тансиқ таомни ҳафтада бир тўйиб ея олмаётган қанчалаб диндошимиз, миллатдошимиз бор...

Ўйлаб қарасак, дин ва ахлоқ жиҳатидан биздан кўп юксак, Аллоҳнинг ҳузурида биздан кўра шарафлироқ қанчалаб одамлар биз қорин тўқлигидан  овқатни ҳазм қилишга қийналаётган вақтда ҳаётини сиз билан бизга арзили бўлмаган ташвишлар ила қийналаётган бўладилар.

Айрилишни истамагимиз бу дунёдан ёлғиз кафан билан бирга айрилар эканмиз. Ёнимизда яхшиликларимиз, ибодатларимизгина жой олишини, охиратда бизга еганларимиз эмас, едирганларимиз; кийганларимиз эмас кийдирганларимиз фойда келтиришини унутмайлик!

Модомики эл эшигида тиланчи эмас эканмиз бунга шукрона ўлароқ  Аллоҳ йўлида яхшиликлар қилайлик.

Ўтин топа олмаётган, ҳолини бировга арз эта олмаганларни  йўқламасак, ёрдам бермасак Аллоҳнинг сўроқларига қандай жавоб берамиз?

Эртага қилган исрофларимизнинг гуноҳлари қаршисида тер тўкиб пушаймон бўлмасдан аввал ўзимизга келайлик. Ночорлик ва исрофгарчиликнинг олдини олайлик!

Сизнинг атрофингизда ночорлар йўқ бўлишлиги бошқа жойларда ҳам йўқ дегани эмас. Шунинг учун барчаларингиздан фаол бўлишингизни сўраймиз!

 

Саййид Шамсиддин,

Мир Араб ўрта махсус Ислом билим юрти  талабаси.

15 Апрель, 2021 йил | 922