ТАНЛОВГА: ЭҲСОННИНГ ЭГАСИ КИМ?

ЭҲСОННИНГ ЭГАСИ КИМ?

Vaqf.uz сайтида ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтган бир ҳикматга кўзим тушди-ю, ақлимга ўрнашиб қолди. Ҳар дамда қулоғим тагида жаранглаб турибди, кун ўтгани сайин ҳаётимнинг шиорига айланиб бормоқда. Унда бундай дейилган эди: “Муҳтожга ёрдам беришни эртага. қолдирманг. Зеро, сизга ёки унга эртага нима бўлишини билмайсиз”.

Буни қаранг, инсон зотини яхшиликка даъват қилиш учун бундан ортиқ сўзни топиб айтиш мумкинми!

            Аммо, назаримда, ушбу ҳикматнинг замирида бизга маълум бўлганларидан бошқа ҳақиқатлар ҳам борга ўхшайди.

Хўп, бизга аён бўлганлари нима ўзи?

Хуллас, бир муҳтожга эҳсон қилсангиз, бунинг учун Аллоҳ таоло бирингизга ўн, балки ундан ҳам кўпроқ қилиб қайтаради ва ажру савоблар ато қилади. Ушбу мукофотларнинг сизга тақдир қилинганини ҳам дарҳол ҳис қиласиз: ўзидан-ўзи қалбингизда бир сурур пайдо бўлиб, руҳингиз енгил тортади. Яна шу эзгуликни қилгингиз келиб қолади. Руҳиятингизда юз берган ана шу ўзгариш – яхшилигингиз эвазига ато  қилинган ажру савоблар эпкинидир.

Маълум бўлмаганлари-чи?

Буни аниқлаш учун нисбатларга мурожаат қиламиз. Айтайлик, ёрдамга муҳтож, ночору нотавон кишининг бадавлат одамга иши тушиб қолса, бу вазиятда унинг учун ҳаётий заруратдан бошқа нима бор? Яъни унинг бу хатти-ҳаракатларида диний амаллардан бирортаси мавжудми?

Бойларнинг эса йўриғи бошқа. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики, «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба сураси, 60-оят).

Ушбу оятда жамиятда меҳр-мурувват янада зиёда бўлмоғи учун Раббимиз Ўзи молу давлат берган бандаларига Ўзи ато қилган неъматлардан фақирларга ва мискинларга садақа қилишни фарз қилиб қўйди.

Тасаввур қилинг, агар фақиру мискинлар бўлмаса, бадавлат бандалар закотини, эҳсонини, кимга беради. Олувчилар бўлмаса, берувчиларнинг аҳволи танг бўлиб қолмайдими?..

Тарихий китоблардан бирида ўқигандим. Аҳли ҳоллардан бўлган бир фақир сарватли бойларга хитоб қилиб, бундай деган экан: “Эй аркони давлатлар, бадавлат инсонлар жамоаси! Тананингизга яхшилаб ўйлаб кўринг, сиз бизга кераксизми ёки биз сизга керакмизми? Магар биз бўлмасак, динингиз бутун бўлармиди?..”

Шундай экан, қўлларимизни саховатга очайлик. Ҳар доим яхшилик қилиш хаёли билан яшайлик. Ана шунда динимиз бутун бўлади ҳамда ажру савобларга эришамиз. Яхшилик қилишнинг эса йўллари бисёр. Бу амални Хожа Аҳрор Валий, Алишер Навоий ҳазратлари ва бошқа бобокалонларимизга ўхшаб молу давлат билан  бажарсак ҳам, муҳтожларнинг ҳожатларини сўраш билан ҳам адо этсак бўлади. “Ахлоқи муҳсиний”да айтиладики, “Шайхи кабир Нажмиддин Кубро қуддиса сирриҳу тўғрисида маълумки, бир куни етмиш марта Азудуддавла ҳузурига мусулмонлар иши учун борган, лекин мақсадга эришмаган. Охирги келганда Азудуддавла деди:

– Эй шайх, қизиқ одам экансан, неча марта келдинг, ишинг битмади. Шунга қарамай яна келяпсан, аҳдингдан қайтмай!

Шайх деди:

– Эй подшоҳ, менинг ишим керагича битди, шунинг учунки, менинг ниятим бу ишда Худонинг розилигини олиш эди, биламанки, Аллоҳ таоло менинг бу келиб кетишимдан хурсанд бўлган. Аммо сенинг ишинг битмади, чунки бир мусулмоннинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилмадинг ва бир муҳтож одамни ноумид қилдинг. Билмадингки, аҳли давлат одам бир муҳтожнинг ишини битирмаса, унинг иши ҳам ҳеч қачон битмайди”.

Ушбу ҳикоятдан ҳам аён бўладики, бирор муҳтожга ёрдам қўлини чўзар эканмиз, зоҳирда унга ёрдам қилгандек кўринганимиз билан аслида ундан ёрдам истаган бўламиз. Модомики, аҳволимиз шундай экан, бирор киши биздан эҳтиёжини сўраса, ундан хафа бўлишнинг ўрнига севинайлик. Бирор нарса узатсак, очиқ юз билан, ҳурмат-эҳтиром билан узатайликки, у одам биздан ёрдам сўрагани учун хижолат бўлишига заррача ўрин қолмасин.

Аббос ЎРОЛОВ,

"Ziyo ta'lim maskani" ўқув маркази ўқитувчиси

ТАНЛОВГА: ЭҲСОННИНГ ЭГАСИ КИМ?
16 Апрель, 2021 йил | 787