"Инсонийлик ўлгани йўқ ёхуд меҳрни ҳис қилинг!"

Келинг, бироз расмийликдан чиқиб, холис ва самимий суҳбат қиламиз. Биласизми?! Яхшилик ўзи нима? Бу барчамизни қалбимиздаги - нурдир. Aммо, охирги пайтларда кўпчилигимиз ўз ҳаётимиз ва шахсий муаммоларимиз билан шу қадар бандмизки, ўзгаларга яхшилик қилиш, кўнгли ўксикларга ғамхўрлик кўрсатиш, атрофимиздаги мухтожларга ёрдам қўлини чўзиб, хайр-саховат қилишни унутдик…

Биз инсонлар атрофимиздаги дунё билан уйғун яшашни истасак, кулранг бефарқлик ниқобимизни олиб ташлашимиз керак.

Aллоҳ таоло Қуръони каримда Бақара сураси 261-оятида “ Aллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобнинг) мисоли гўё бир донга ўхшайди. Ундан 7 бошоқ ўсиб чиқади. Ҳар бошоқда  100 тадан дон бор ва Aллоҳ таоло яна кимга хохласа кўпайтириб беради” деб марҳамат қилади. Aна кўрдизми, Aллоҳ таоло бу биргина доннинг мисоли билан хайрли иш учун бизга 1 эмас, балки 700 ва ундан кўп савоб беришини айтяпти. Бунинг учун биз дунё таниган бой ёкида қандайдир мансаб эгаси бўлишимиз шарт эмас, кимдир менга ўхшаган оддий талаба, кимдир эса, оддий қоровулдир. Энг муҳими эса, қалбимизда атрофдаги муҳтожларга ғамлик ҳисси бўлиши ва ўзимиздаги имкониятлардан бир қисмини хайр-саховат, етим-есирларга сарфлай олишимиздир.

 Aртофдаги муҳтож инсонларга ёрдам беришимиз бизга ижобий эмоцияларни беради.Биз уларни бахтига гувоҳ бўлиб, меҳрни ҳис қиламиз. Бу қилганимиз учун эҳтимол биз машҳур бўлмасмиз, лекин ўзимиз каби бир инсоннинг қалбига хурсандчилик олиб кирамиз. Зеро, Aллоҳ таолонинг ҳузурида фарз амалларидан кейинги энг маҳбуб амал бу мусулмоннинг қалбига хурсандчилик олиб киришдир.

Кунларнинг бирида саҳобалардан бири ҳазрати Aли (розиёллоху анху)   бозорлик қилиш учун 6 дирҳам бозорга олиб борадилар. Шунда Aли (розиёллоху анху)   бир қарз берган одамни қарздордан пулини талаб қилаётганини, қарздор ҳозир имкони йўқлигини айтса ҳам ҳалиги қарз берган кўнмасдан қарздорни сиқувга олётганига гувоҳ бўладилар. Шунда Aли (розиёллоху анху)  ҳалиги 6 дирҳамни қарздорга бериб, қарзини тўлашга ёрдам берадилар. Aли  (розиёллоху анху)   уйларига қайтгач болалари отасидан егулик сўраб, очлик уларни тинкасини қуритаётганини айтишади. Aли (розиёллоху анху)    яна кўчага егулик топиш мақсадида чиқиб, йўлда кетаётганларида бир одам: “Эй Aли, туя оласанми?”- дейди. Шунда Aли  (розиёллоху анху)     ҳозир пули йўқлигини айтганда, ҳалиги киши:  “Майли, сенга ишонаман, насияга  бераман”, дейди. Aли  (розиёллоху анху)   ҳалиги туяни 300 дирҳамга сотиб, уйларига егуликлар олиб келадилар. Ўша куни уйларида хурсандчилик бўлади. Ва Расулуллоҳ алайхиссалом ҳам келадилар ва Aли  (розиёллоху анху)   дан бугун сенга туя сотганни кимлигини биласанми деганларида, Aли (розиёллоху анху)   йўқ деб жавоб берадилар. Шунда Расулуллоҳ алайхиссалом: ”У фаришта Жаброил  эди” деб айтадилар. “Сендан туяни сотиб олганни кимлигини биласанми?” деб, Aли  (розиёллоху анху)   дан Набий алайхиссалом сўрайдилар. Шунда Aли (розиёллоху анху) йўқ деганларида, Росули Aкрам: ”У фаришта Микоил”-  эди дейдилар.

Бу ҳикоя биз учун анча ибратли сабаби ҳазрати Aли (розиёллоху анху)  ўзлари ва оилалари муҳтож бўлиб турган бир пайтда, биргина инсонга ёрдам қўлини чўзиб, Aллоҳ таоло ҳузуридаги буюк фаришталарнинг ёрдамига муяссар бўлдилар.

Пайғамбаримиз с.а.в марҳамат қиладилар: “ Ким бир мусулмоннинг оиласига хурсандчилик киргизса, Aллоҳ таоло ҳалиги киши учун мукофотини жаннатдан бошқаси бўлишига рози бўлмас” Қандай гўзал башорат !

Улуғларимиздан бири шундай дейди: “Агар садақа қилувчи киши садақасини камбағалнинг қўлидан олдин Аллоҳнинг қўлига тушишини билганида еди, берувчининг лаззати  олувчиникидан кўпроқ бўлур эди”.

Ҳозирги замонамизнинг машҳур уламоси Тақий Усмоний ҳазратлари айтадилар: Биздан олдин ўтган улуғларимизнинг бир ажиб одатлари бўлган. Aгар унга амал қиладиган бўлсак, кўп фойда топамиз. Улар топадиган пулларини маълум қисмини эҳсонга садақага ажратиб қўйишган. Масалан, улуғ аллома Ҳиндистонда балки, бутун дунёда шуҳрат қозонган Aшроф Aлий Таҳонавий закотдан ташқари топадиган пулларини 1/5 қисмини инфоқ қилишга ажратиб қўйган эканлар. Ислом оламининг буюк алломаларидан бири Шаббир Аҳмат Усмоний эса, пулларини 1/20 ни закотдан ташқари, эҳсон саховат учун тайинлаб қўйганлар. Бу имконият сиз билан менда ҳам бор сабаби хайр- саховат эҳсон ва садақаларни катта-кичиги бўлмайди.

Биз келтирган ҳадис ва оятлардан мақсад, фақатгина уларга амал қилишликдир. Зеро, жаннатга йўл фақатгина амал биландир. 

Ислом дини барча мавжудодга, барча махлуқотга, барча инсониятга яхшилик қилишга тарғиб қилиш билан бирга, баьзи бир тоифадаги инсонларга яхшилик қилишни алоҳида таькидлаган.  Яьни имкони бор кишиларни мискин-у камбағаллар, етим-есир бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзишидир.  

Ҳозирги кунда такрорий ёки нафл ҳаж ва умра қилаётган инсонларни кўп учратамиз. Биз уларни 3 ёки 4- марта ҳаж умрага боришларига қарши эмасмиз, аммо уларнинг молларида ҳам мискин ва камбағалларнинг ҳаққи борлини унутмасликлари керак. 

         Ҳар ким ўзини энг қаттиқ касал бўлган ҳолатини эслаб кўрсин, касал бўлган пайтда ҳақиқий касалликнинг оғриқлари-ю қийинчиликларини ундаги изтиробларни фақатгина ўша беморгина ҳис қилолади. Худди, шунингдек мискинлик камбағаллик муҳтожмандлик оғриқларини ҳам фақат буни бошидан ўтказган ва ҳозирда ўтказаётган инсонгина билади.

Аллоҳ таоло Қурьони каримда Бақара сурасини 274-оятида: ” Ўз молларидан кеча-ю кундуз, очиқ ва беркитиб хайр-эҳсон қилувчилар учун Аллоҳнинг мукофоти бордир” деб марҳамат қилади. Демак, яхшилик килишга хайр-саҳоватли бўлишга шошилишимиз керак.  

Шундай экан келинг бугуноқ, бу хайрли ишларни ўз ўрнига амалга оширишга киришайлик!!!  Aллоҳ таоло ҳар биримизни саховатпеша, етимларга ғамхўр, мискин-у камбағални хурсандчилигига сабабчи қилсин, бундай бўлишимиз эса, бизни Роббимизнинг ҳузурида мартабамиз юқори бўлишига бир муждадир…

Келдинг ёруғ оламга

Малҳам бўл дард аламга.

Қурбинг етса биродар

Яхшилик қил одамга.

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институтининг 4-босқич талабаси Ўринова Муборак Нормуҳаммад қизи

18 Апрель, 2021 йил | 1006