Ҳаргиз яхшиликка етолмайсиз!

Ҳадиси шарифда

مَعْرُوفٍ صَدَقَةٌ كُل– “Ҳар бир яхшилик садақадир” дейилган.

  Мўмин киши ҳаёти давомида доим яхшиликни излайди. Яхшиликка етакловчи йўлларни ахтаради. Чунки  яхшилик бандани жаннатга олиб бориши Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда жуда кўп бора таъкидланган. Садақа қилиш эса яхшиликка олиб борувчи энг осон йўллардан биридир.

   Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўлолмайди”. (Бухорий ривояти) Ҳадис шарҳида уламолар “мўмин бўлолмайди” жумласини “чинакам мўмин бўлолмайди”ни диндан чиқиб, муртад бўлиб кетмайди деб шарҳлаганлар. “Ўзи яхши кўрган нарса” эса киши учун фойдали, ёқимли ва хайрли бўлган барча нарсадир. Яна ўзи ёмон кўрганини биродарига раво кўрмаслик ҳамдир. Буни яхши тушуниш учун аввало инсон нимани яхши кўриши ва нимани ёқтирмаслигини ўйлаб, тафаккур қилиши керак. Одам боласи соғ-саломат, тинч, фаровон  турмуш кечиришни, яхши касб-кор эгаллашни, обрў-мартабаси  улуғ бўлишини, фарзандлари камолини кўришни, турфа хил истакларига эришишни, вафотидан сўнг жаннат неъматига мушарраф бўлишни, жаҳаннамдан узоқ бўлишни орзу қилиб, шунга интилиб яшайди. Бу яхши албатта, лекин  қўни-қўшни, ёр-биродарларга ҳам биз хоҳлаган неъматлар етишида, биздан ёрдам, кўмак  лозим бўлганда “лаббай” дея жавоб бера оламизми? Бизнинг манфаатларимизга  зид бўлиб турган пайтларда бошқалар фойдасига рози бўла оламизми, кўнглимиз тусаб, ёқтириб турган нарсадан воз кеча олмизми? Энг яхши нарсамизни садақа, эҳсон қила оламизми? Агар шундай қила олсак чинакам мўмин бўламиз. Яхшиликка етамиз. Зеро қуйидаги ояти карима шунга далолат қилади:

لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

 

“Суйган нарсангиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка ета олмайсиз. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. (Оли Имрон, 92 оят)

    Ушбу оят тафсирида муфассирлар бир-биридан қизиқ ривоятларни келтирганлар. Ривоятларнинг барчаси ўзаро мувофиқ бўлиб, бир-бирини тўлдириб бораверади.

     Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бунда икки хил масала бордир:

 Биринчиси- Насоийнинг лафзлари ила Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Суйган  нарсангиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка ета олмайсиз”, ояти нозил бўлганда  Абу Толҳа айтди: “Роббимиз молимиздан сўрамоқда. Эй Расулуллоҳ сизни гувоҳ қиламанки, ўз еримни Аллоҳ учун атадим”. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошларинг Ҳассон ибн Собит, Убай ибн Каъбларга қил”, дедилар. Имом Моликнинг “Муватто”да келтирилишича, Абу Толҳанинг энг яхши кўрган моли “Байруҳо” деган боғи эди. Боғ масжидга юзланган, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга кирар, ширин сувидан ичар эдилар”. Саҳобалар оятнинг зоҳирий маъносини тўғридан-тўғри тушунганлар. Шу каби Зайд ибн Ҳорисанинг “Сабл” номли оти бор эди. Зайд айтди: “Аллоҳим, албатта, Сен мана шу отимдан кўра севимлироқ молим йўқлигини биласан”, деди-да, уни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келди. Шунда Росулуллоҳ саллолллоҳу алайҳи васаллам Усомага: “Буни олгин” дедилар. Худдики бу Зайднинг кўнглига ботгандай бўлди.

    Шунда  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам (Зайд ибн Ҳорисага): “Аллоҳ буни сендан қабул қилди”, дедилар.

    Суфён Саврийдан ривоят қилинади: “Робиъ ибн Хайсамнинг чўриси айтади: “Қачон Робиънинг олдига тиланчи келса, Эй фалончи, унга шакар бериб юбор. Чунки Робиъ шакарни яхши кўради, деб менга айтарди ”. Робиъ ибн Хайсам оятни шундай таъвил қиларди.

  Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олар ва уни садақа қилиб юборар эдилар.  У кишига одамлар: “Шакарнинг пулини садақа қилиб қўя қолсангиз бўлмайдими?” дейишди. “Шакар мен учун жуда севимлидир. Шунинг учун севимли бўлганини инфоқ қилишни хоҳладим”, дедилар. Ҳасан Басрий: “Ўзингиз яхши кўрган нарсага ўзингиз суйган нарсани тарк қилиш билан еришурсиз. Ўзингиз тааммул қилиб (ўйлаб юрган) нарсангизга фақат ёмон кўрган нарсангизга сабр қилиш билан етурсиз”,  деб айтадилар.

        Иккинчи – оятдаги “бирр” – яхшилик хусусида турли фикр билдирганлар. Яхшиликни “жаннат” деб тафсир ҳам қилганлар. Ибн Масъуд, Аъто, Мужоҳид, Умар ибн Маймунлар оят замирида “Ўзингиз яхши кўрган нарсани инфоқ қилмагаунингизча яхшилик савобига ета олмассиз”, деб келтирадилар. Яна “бирр”ни солиҳ амал ҳам дедилар. Чунки ҳадиси шарифда: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг. Чунки у яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди”, деб айтилган. Атийя Авфий: “Диннинг шарафига ва тақвога ўзингиз саломат, бойликни истаб, фақирликдан қўрқиб турган ҳолингизда садақа қилмагунингизча эришолмайсиз”, дедилар. Ҳасан Басрий эса инфоқни фарз қилинган закот деб айтганлар.  

     Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ўзингиз яхши кўриб, афзал билган нарсангизни инфоқ қилмагунингизча яхшиликнинг ҳақиқатига етолмайсиз, аброр бандалардан бўлолмайсиз” деганидир. Ўтган салаф уламолар ҳам бирор нарсани яхши кўрсалар, Аллоҳ учун бериб юборардилар.[1]

   Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарийга Кисронинг Мадоин шаҳри фатҳ бўлган куни асирлар ичидан бир жорияни  сотиб олишини ёзиб юбордилар. Чўри келтирилгач, Умар ушбу:  “Суйган нарсангиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка ета олмайсиз”, оятни ўқидилар ва жорияни озод қилиб юбордилар.


Н.Саидакбарова, Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

[1] Маҳмуд Замахшарий, “Кашшоф”, Байрут. 296 б.

21 Апрель, 2021 йил | 855