8 минг евролик яхшилик

Бу воқеани менга бир неча йил олдин устозим айтиб берган эди. Келинг, яхшиси, унинг тилидан ҳикоя қиламан.

— Қизим немис тилини ўрганиб юрган пайтлар эди. Бир куни Фарғонага мастер-класс ўтиш учун Германиядан бир гуруҳ ўқитувчилар келди. Бир неча ой тилга қизиқувчи ёшларга дарслар ўтишди. Улар орасида қизим ҳам бор эди.

Бир куни қизим “ойи, ўқитувчиларим Германияга қайтиб кетяпти. Бир ўқитувчи менга жуда ёқиб қолди. Ўзбекистонни жуда яхши кўраркан. Шу аёлни уйимизга чақириб, меҳмон қилмаймизми”, деб қолди. Мен эса албатта, шунча пайт текинга ўқитишяпти. Шунча нарса ўрагандинг, майли, раҳмат тариқасида ош қилиб бераман деб рози бўлдим.

Аёл учун кичкинагина дастурхон ёзиб, меҳмон қилдик. Ўшанда турмуш ўртоғимнинг жаҳли чиқди.

­— Нима кераги бор эди, бировни уйга чақириш шартмиди?

— Майли, дадаси қўяверинг, меҳмон атойи Худо, эртага бизга ҳам бирор яхшилиги тегар.

— Бугун бор-у эртага кўрмайдиган одаминг бўлса, нима яхшилиги тегарди?

Суҳбатимиз шундай якунланди. У хонасига кириб кетди.

Ўзи турмуш ўртоғимнинг феъли шундай оғирроқ эди. Кейинроқ яна гаплашарман дедим-да, меҳмонга қарадим.

Хуллас, аёлни чиройли меҳмон қилиб кузатдик. Бизга раҳмат айтиб хурсанд бўлиб, ўз юртига қайтиб кетди.

Орадан йиллар ўтди. Қизим лицейни тамомлаш арафасида Берлиндаги университетга грант ютиб олди. Бошқа тарафдан эса фан олимпиадасининг республика босқичида ғолиб бўлиб, Ўзбекистондаги  (блокида немис тилиси бўлган) исталган олийгоҳда грант асосида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди.

Қизим болалигидан хорижда таҳсил олишни орзу қиларди. Табиийки, грант ютгани учун Германияни танлади. Аммо ўша пайт бир муаммо пайдо бўлди. Яъни Германияга виза олиши учун банкда ўша фуқаронинг ҳисоб рақамида 8 минг евро пули бўлиши керак экан. Усиз ҳеч қандай виза берилмас экан.

Биласиз, бу ўша пайтда (ҳатто ҳозир ҳам) кичкина пул эмасди. Таниш-билишлардан ёрдам сўрадик, лекин бунча пулни бирданига топиш амримаҳол эди. Қизимни эса яқин орада ўқиши бошланар, энди кетолмайманми, деб йиғлар эди. 

Бизни эса бошимиз қотганди. 8 минг еврони энди қаердан топамиз?

Ўша пайтлари Cobalt машинамиз бор эди. Дадасидан “келинг, шуни сотиб, банкдаги ҳисоб рақамга қўйиб турайлик, қизимиз кетганидан кейин ечиб олаверамиз”, деб сўрадим. Аммо хўжайиним “ана Ўзбекистонга ҳам грантга кирди-ку, шу ерда ўқиса бўлмайдими”, деб машинасини сотишга рози бўлмади.

Энди нима қиламиз деб Аллоҳдан ёрдам сўраб, ечим излардик. Яратганннинг меҳрибонлигини қарангки, ўша пайт бир янгиликдан хабар топдик. Яъни мамлакат қонунларига кўра Германияда яшайдиган ойлик маошга эга инсон бошқа мамлакатдан келадиган талабани ўз қарамоғига олса, ҳеч қандай ҳисоб рақамдаги маблағ талаб қилинмас экан. Айниқса у профессор бўлса...

Ўша аёлга бу ҳақда ёрдам сўраб ёзганимизда, у бажонидил рози бўлди ва бизга тилхат юборди. Биз эса ўша ҳужжат билан ҳеч қандай ортиқча маблағларсиз қизимни Германияга ўқишга юбордик...

Устозимнинг ҳикоясини эшитарканман, ичим тўлқинланиб кетди. Қаранг, бир инсонни кўнглини олиш, хурсанд қилиш бутун оилага қанча катта манфаат келтирди а?

Аслида ҳаётим давомида ҳам бунга кўп бора амин бўлдим. Яхшилик ҳеч қачон жавобсиз қолмас экан. Аллоҳ таоло Анъом суръасининг 160-оятида айтганидек, “Ким бир чиройли амал қилса, унга 10 баробар қилиб қайтарилур”. Мана оятда айтилганидек, 80—100 минг сўмга қилинган ош вақт ўтиб, 8 минг евро бўлиб қайтди. Аллоҳ қандай ваъдасига вафо қилгувчи меҳрибон зот аа?

Хонзодабегим Аъзамова

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар 

университети биринчи босқич магистранти

22 Апрель, 2021 йил | 844