«Сен бировга ёрдам берсанг, Аллоҳ сенга ёрдам беради», дейилади ҳадиси шарифларда. Фуқаролари бир-бирларини қўллаб қувватлаб яшайдиган жамият кучли бўлади, чунки ўзаро ёрдам одамлар орасидаги алоқаларни яхшилайди, уларни дўст-биродар қилади, турли қийинчиликларни бирга бартараф қилишни ўргатади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривояти;
Юқорида келтирилган ҳадисни шарҳлаб олимларимиз бир неча гаплар айтишган:
- Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмонларнинг бир-бирига зулм қилиши ҳаромдир. Мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. Мусулмон одам бирор сабабга кўра зулмга учраб қолса, биродари уни бу зулмдан қутқаришга қўлидан келганича ҳаракат қилиши керак;
- Бир биродарининг ҳожатини раво қилиш ҳам мусулмон кишининг фазилатларидан биридир. Бу фазилатнинг мукофоти эса, юқорида айтиб ўтилди. Биродарининг ҳожатини раво қилган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи раво қилади;
- Шунингдек, мусулмон одам биродарининг ғам-ташвишларини аритиш учун ҳам имкон қадар ҳаракат қилади. Чунки у мазкур ҳадисга амал қилади ва биродарининг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритишига ишонади;
- Мусулмон одам ўз биродарининг айбларини беркитишга интилади, уларни фош қилиб, уни хижолат қилмасликка ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича, биродарининг айбини яширган одамнинг айбини Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи яширади;
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир мўминдан бу дунёнинг ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг бир уйида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар (фаришталар) қаторида зикр қилади. Амали ортга сурган одамни насаби олдга сура олмайди», дедилар». Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини айтиб, улар учун бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар. Шу орқали сизу биз умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Улар қуйидагилар экан:
- Мўмин банда мўмин биродарининг бу дунёдаги бир ташвишини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади;
- Аллоҳ камбағалнинг ишини енгиллатган одамнининг дунёю охиратдаги ишларини енгиллатади. Жумладан, қамбағалга қарзини ўташ муддатини чўзиб бериш, қарзнинг бир қисми ёки ҳаммасини кечиб юбориш ҳам унинг ишини енгиллатиш ҳисобланади;
- Мусулмоннинг айбини беркитиб, уни хижолатчиликдан қутқариб қолса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитиши;
Уламоларимизнинг айтишича, айбни беркитиш моддий ва маънавий бўлади. Моддий камчиликларни беркитиш деганда, мисол учун, баданни беркитиш учун кийим олиб беришни назарда тутиш мумкин бўлса, маънавий беркитиш эса бир мусулмоннинг ёмон иш қилганини кўриб қолиб, уни ҳеч кимга айтмай, яширишдир.
Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қиляптими, демак, унда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очиш, ҳаммага ошкор қилиш дуруст эмас. Гуноҳ ва айб ишларни ошкора қиладиган одамдан эса яхшилик кутиб бўлмайди.
- Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлиши.
- Мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилишса, уни ўрганишса, Аллоҳ таоло уларнинг устига сакийнат, хотиржамлик нозил қилади, раҳмати билан ўраб олади. Уларни фаришталар қуршаб туришади. Аллоҳ таоло бундай бандаларини Ўз ҳузуридаги фаришталар қаторида зикр қилади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни муҳтожларга ва мусулмон биродарларига ёрдам берувчи муҳсин бандаларидан қилсин! Омин!
Ҳайтмурат Ережепов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси