Яхшилик қилиш деганда, одатда тасаввуримизда бирон-бир мискинга моддий ёрдам бериш гавдаланади. Aммо мискинларга ёрдам беришнинг ҳам ўз йўриғи бор. Илк масала уни кимга бериш кераклиги ҳақида. Тавба сураси, 60-оятда: «Фарз садақотлари камбағал ва мискинлардан бошқага эмас» дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа бойга, қудрат эгасига ва соғлом кишига ҳалол бўлмайди», деганлар. Демак, садақани камбағал, муҳтож, беморларга бериш лозим. Қариндошларга қилинган садақа эса садақа берувчига икки баравар савоб келтиради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мискинга қилинган садақа садақа (холос). Қариндошга қилинган садақа эса ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир», дея марҳамат қилганлар. Садақа деганда, мискин, бева-бечораларни ҳимоя қилиш ҳам тушунилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчи Аллоҳнинг йўлида жидди жаҳд қилувчи кабидир. Ёки тунни бедор ўтказувчи, кундузи рўза тутувчи кабидир», деганлар. Aфсуслар бўлсинки, атрофимизда ана шундай инсонларга қилинаётган инфоқнинг ҳам баъзи пасткаш одамлар томонидан ўзлаштирилиб олинаётганига гувоҳ бўляпмиз. Наҳотки улар Расулуллоҳнинг: «Мусулмоннинг бор-буди мусулмонга харомдир: қони ҳам, моли ҳам, обрўси ҳам» деганларини эштмаган бўлсалар?! Берганда миннат қилувчилар-чи? Аллоҳ таборак ва таоло сўзи бордир: «Агар ўз садақаларингизни фақирларга билдирмай берсангиз, бу сизлар учун энг яхши амалдур» [Бақара, 271-оят.] Демак, ўнг қўл қилган садақани чап қўл билмаслиги керак экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч укишига Аллоҳ Қиёмат куни назар солмас: ота-онасига оқ бўлганга, сурункали хамр ичувчига ва берганини миннат қилувчига», деганлар. Ўзингиз ўйлаб кўринг, берганимизни бу дунёда билдирмай дунё аҳлининг назаридан четда қолиш ёмонроқми ёки қиёмат куни Aллоҳнинг назаридан четда қолишми? Садақанинг яхшиси бу дунёда қилинганидир. Вафот этгач давом этадигани ҳақида ушбу ҳадисда ривоят қилинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. «Мўмин банданинг вафотидан кейин унинг барча амали тўхтаб қолади, лекин учта ишнинг савоби абадий тўхтамай, қиёматгача номаи аъмолига ёзилиб боради. Биринчидан, садақаи жория, иккинчидан, солиҳ фарзандлар тарбиялаш, учинчидан, тириклик вақтида мағфират сўраб қилган дуоси. Садақа қилиш Дўзахдан қутулишга сабаб бўлади», - деб марҳамат қилганлар.
Мусулмоннинг биродарига қилган яхшилигининг катта-кичиги бўлмайди. Закот, садақа қаторида қандай яхшиликлар қилишимиз мумкин, деган саволга жавоб излаб кўрайлик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликнинг ҳеч бирини паст санама, биродарингни очиқ юз билан қарши олишни бўлса ҳам», деганлар. Исро сурасининг 23-24-оятларда қуйдагича марҳамат қилинади: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Aгар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Роббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” Ҳадиси шарифда «Онангни лозим тут. Албатта жаннат унинг оёғи остидадир», дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса «Набий соллаллоҳу алайҳи васалам: «Сен хам молинг ҳам отангники», дейилган. Демак, энг катта яхшилигимиз ғанимат ота-оналаримиз учун бўлар экан. Яна қандай яхшиликлар қилсак?
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқий мусулмон - мусулмонлар тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир», дедилар». Демак, мусулмоннинг тили ва қўли орқали бошқаларга зарар бермаслиги ҳам бир яхшилик экан.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир», дедилар» Демак, мўмин одам биродарининг хатосини махфий тарзда ўзига билдириши, унинг қилаётган гуноҳлари олдида бепарво турмаслиги ҳам бир яхшилик экан.
«Меҳмон учун бир дирҳам харажат қилган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло йўлида минг дирҳам эҳсон қилганнинг савобини топади. Кимки меҳмонни яхши кўриб, эъзозласа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Жаннат эшигини унинг юзига очиб қўяди». Тасаввур қилясизми, инсоннинг меҳмонга қилган биргина яхшилигининг ўзи Жаннатга васила бўлса не ажаб?
«Ўз эрининг кийимини ювиб тозалаган ҳар бир аёлга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мингта ҳасанот ато этиб, мингта гуноҳини кечиради ва мингта яхшиликка эриштиради». Шу улкан ваъдадан кейин ҳам бирон опа-сингилларимиз оиладаги вазифасини оғриниб бажарармикан? Ҳар юмушни ният билан савобга, яхшиликка айлантириш мумкин.
Бировга ҳасад қилмай, ғийбат қилмай, чоҳ қазимай, айбини ковламай, чақимчилик қилмай, кибр-ҳавога берилмай, мол-мулкини талон-тарож қимай, обрўйини тўкмай, хижолатга қўймай, алдамай, чув туширмай, озор бермай, хусуматда юрмай, бўхтон тўқимай, айирмачилик қилмай, кўнглини оғритмай, шундай яхшиликлар қила олмасмиканмиз? «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратида ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади», деганларини эшитмадикми?
Ота-онангизга умрингизда бермаган бир кичик ҳадянгизни беринг, биродарингизга бир кулиб боқинг, укангизга, синглингизга Aллоҳнинг гўзал исмларини ёд олдиринг, меҳмонни шодон қаршиланг, юмушларни Aллоҳ ризоси учун бажаринг, илм ортидан юринг ва илм тарқатинг, битта дарахт экиб қўйинг, имконингиз бўлса садақа қилинг, инфоқнинг энг яхшиси ўзининг оиласи учун қилинган инфоқ эканлигини унутманг. Aллоҳнинг берган мол-мулки Сиздан олдин ҳам бўлган, Сиздан кейин ҳам қолади, шундай экан уни жамлашга эмас, тарқатишга урининг. Бу ишда саҳобалардан ўрнак олинг, ҳадисларга эргашинг. Шайтоннинг камбағалликдан қўрқитишларига учманг. Қалбингизни кенгроқ қилишини Aллоҳдан сўранг, ғазабланманг, ширинсўз бўлинг. Ва кейин Aллоҳнинг сизни қандай раҳматлар билан ўраб олишига гувоҳ бўласиз, тўлиқ ажрни эса охиратда кўрасиз иншааллоҳ.
Нилуфар Исроилова
Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси