Румий ҳазратларининг “Ичингдаги ичингдадир” китобида агар Аллоҳ сени яхши кўрса, сени яхшиликка йўллаб қўяди деган фикрларни ўқигандим.
Ҳақиқиатдан ҳам агар Аллоҳ сизни яхши кўрса қалбингизни яхшиликлар билан тўлдириб қўяркан ва сизни қўлингиз орқали бандаларига ёрдам бераркан... Бунга ҳаётим давомида жуда- жуда кўп амин бўлганман.
Бу ҳикоя бошқалари каби ҳаётимда бўлиб ўтган ва мени энг таъсирлантирган ҳодисалардан бири. Уни риё ёки мақтанчоқлик бўлиб қолмасмикин деб ёзиш ёзмаслик ҳақида кўп ўйладим. Балки танлов орқали кўпчиликка етиб бориб, кимгадир ибрат бўлар деган ниятда ёзишга қарор қилдим.
Ўтган йилги рамазон ойи эди. Одатда кўпинча тунда уйқим бўлмасди. Кечаси билан ўқиб, ижод қилиб, бомдоддан кейин ухлашга ётардим.
Ана шундай кунларнинг бирида хаёлимга бирдан Оиша (исмини ўзгартирилган) исмли дугонам келди.
У қўли калтароқ оила қизи эди. Шаҳарда ижарада туришарди. Оиша ёлғиз фарзанд бўлиб, ота-онаси ҳеч қаерда ишламасди. Ўзи дорихонада ишлаб, оиласини боқарди. Айтмоқчи оиласидаги асосий боқувчи дугонам эди.
Биласиз, ўтган йили карантин рамазон ойига тўғри келганди. Ҳамма жойлар ёпилган фақат озиқ-овқат дўконларигина ишлаётган эди. Аввалроқ гаплашганимизда, у ишхонаси қандайдир сабабларга кўра ёпилиши мумкинлигини айтганди.
Хаёлимга келган фикрдан қўрқиб кетдим. “Вой, агар ишхонаси ёпилган бўлса, у нима қиляпти экан, озиқ-овқатлари, ижараси нима бўляптикин?
Рақамини топдим-да тахминан шундай смс ёздим.
“Гўзалим, аҳволларингиз яхшими? Ёрдам керак эмасми? Пластигингизнинг рақами неччи эди? J”
Аммо ундан ҳеч қандай жавоб келмади.
Кейин ўзимга ўзим “эҳ, Хонзода, соат неччи бўлди-ю, ухлаётган бўлса керак. Нима ҳамма сенга ўхшаб, лунатикмиди, кечаси ўтириб чиқадиган”, деб кулдим.
Аммо бироздан сўнг, ундан “Раббим қанчалар меҳрибон, альҳамдулиллаҳ” деган смс келди.
Хайрон бўлиб яна смс ёздим. Анча гаплашиб қолдик.
Унинг айтишича, дугонамнинг ишхонаси бир ой аввал ёпилган. Уй эгаси ижара пулини кейинроқ олишга рози бўлган, аммо озиқ-овқатга анча қийналиб қолишган экан. Айниқса рамазон ойи...
Дугонам ҳижобда, муслима қиз эди. Ўша куни уйида саҳарлик учун ҳеч вақо қолмай, таҳажжудга туриб, Аллоҳдан ёрдам сўраган.
“Юзимга фотиҳани тортиб, қарасам сиз ёзган экансиз. Аллоҳимнинг бандаларига шунчалик меҳрибонлигидан, яхшилигидан йиғлаб юбордим. Шунинг учун сизга кечроқ жавоб ёздим” деди.
Аллоҳнинг қудратини қарангки, йиғлаб, дуо қилаётгандаёқ, мен смс ёзган эканман. Қаранг, ҳали юзига фотиҳа тортмасидан Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилиб, ёрдам беришни мени дилимга солган экан.
Эшитиб ўзим ҳам анча пайт ўзимга келолмадим. Мени яхшилик қилишга қодир қилган, бандаларига яхшиликларни мени қўлим орқали қилган Меҳрибон Раббимга ҳамду санолар, пайғамбаримизга дуруду саловатлар айтдим.
Бироқ иш, ўқиш, дунё деб бошқаларни унутиб қўйган ҳолимдан уялдим. Чунки мен дугонамни оилавий аҳволини яхши билардим, билиб туриб, токи Раббим дилимга солмагунича ундан хабар олмабман.
Балки сизнинг ҳам ҳаётингизда ҳозир қийналиб, ёрдамга муҳтож бўлиб турган яқинингиз, дўстингиз бордир? Имкон борида уни йўқланг, ҳолидан хабар олинг, қодир бўлсангиз ёрдам беринг. Шубҳасиз, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни яхши кўради...
Муаллиф Хонзодабегим Аъзамова
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар
университети магистранти