Мукаммал яхшилик ва унинг соҳиблари

Аллоҳ таоло мўминлар учун ҳидоят ва эслатма бўлган Қуръони каримнинг бир оятида мукаммал яхшилик ҳамда яхшилик эгаларини зикр қилган:

لَيْسَ الْبِرَّ أَنْ تُوَلُّوا وُجُوهَكُمْ قِبَلَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ وَلَكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ وَآتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّائِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَالْمُوفُونَ بِعَهْدِهِمْ إِذَا عَاهَدُوا وَالصَّابِرِينَ فِي الْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ وَحِينَ الْبَأْسِ أُولَئِكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ

“Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”. (Бақара, 177 оят)

Ушбу мўжаз жумлалар мустаҳкам ақида ҳамда бандалар қила олиши мумкин бўлган жами яхшиликлар, яхшиликка ҳақдор инсонлар ва яхшилик аҳллари аслида кимлар эканлигини очиқ-ойдин ифодалаб берган.

Муфассирлардан Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ибн Абу Ҳотим айтади: “Менга отам, у кишига Убайд ибн Ҳишом Ҳалабий, у киши Убайдуллоҳ ибн Амрдан, у киши эса Омир ибн Шуфодан, у киши Абдулкаримдан, у киши Мужоҳиддан, у киши эса Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам имон нима эканлиги ҳақида қайта-қайта сўралганларида мана шу оятни охригача тиловат қилдилар. Яна сўралганларида: “ Агар бир яхши амал қилсанг, қалбинг яхши кўриб туради. Агар ёмон иш қиладиган бўлсанг, қалбинг нафратланади”, деб айтдилар.[1]

Ибн Касир айтадилар: “Қибла бир муддат Байтул Мақдисга, сўнг, Каъбага томонга ўзгартирилган. Шу бир муддат Аҳли китоблар ва баъзи мусулмонларнинг нафсларига оғир келган. Шунда Аллоҳ баён қилиб, аслида яхшилик Мағриб ва Машриққа юзланишингизда эмас, аксинча, Аллоҳнинг тоатига бўйин суниш, амрларига итоат этиш, унинг фарзларини адо қилиш яхшилик ва тақводан, Аллоҳ буюрмаган томонга юзланиб, У айтмаган ишни қилиш эса асло яхшилик бўла олмаслиги аниқ кўрсатиб ўтилган.

Аслида “мукаммал яхшилик” – “Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган” инсондир. Чунки бусиз имон мукаммал бўлмайди. Имон тақазо қилувчи барча шартлар шуни ичига кириб кетади.

“ўзи яхши кўрган молидан” берадиган – ўзи саломат, бой ва фақирликдан қўрқиб юрган кенгчиликдаги инсондир. Яъни молини суйиб, қизғаниб юрадиган пайитида ёки ўзи муҳтож бўлса ҳам бера оладиган кишидир.

“Қариндошларига” – чунки қариндош-уруғ силаи раҳм қилишга энг ҳақдор инсонлардир. Ҳадис шарифда мискинга қилинган садақа бир садақа бўлса, қариндошга қилингани икки яхшилик: садақа ва силаи раҳм савоби бўлиши айтилган.

“Етимларга” – оталари ўлган, заиф, кичкина, касб қилишга қудратсиз ҳамда балоғатга етмаган болалардир. Уларни бошини силаш, ўз қарамоғига олиш ва яхши тарбия қилиш эса жаннат сари қўйилган қадамдир. Аммо, сағиралар балоғат ёшига етгач етим дейилмайди.

“Мискинларга”- еб-ичиш ва кундалик харажатларига имкон қилолмайдиган, ҳеч нарсаси йўқ одамдир. Шундай одам бугунги кунимизда бўлса, айни яхшиликка ҳақлидирлар.

“Йўловчига” – пули ва нафақаси қолмаган мусофир. Ватанига етиб олиши учун унга ҳам ёрдам берилади. Шунингдек, бу тоифага меҳмонлар ҳам киради.

“Тиланчиларга” – инсонлардан сўраб, бирор нарса умид қилиб турадиган муҳтож кишилардир.

 “Қулларни озод қилиш”- яъни ўзини озод қилишга пул топа олмаётган қулга ҳам мусулмонлар ҳамиша катта кўмак кўрсатиб, ҳур бўлишлари учун ўз маблағларини сарфлаганлар.

Яхшилик қилинишга ҳақдор инсонлар тоифаси айтилгач, яхшилик эгалари намозни мукаммал адо қиладиган, закотини ўз вақтида тўлайдиган инсонлар зикр қилинган. Чунки, диннинг устуни бўлмиш намозни ўқимайдиган инсон – энг катта яхшиликдан маҳрум бўлган одамдир. Закотини бермайдиган киши бўлса – ўз нафсининг қули ва бойлигининг асиридир.

Оятнинг давомида “аҳдларига вафо қилувчилар”алоҳида айтилган бўлиб, мўмин одам ўз сўзи ва ваъдасига риоя қилади. Хиёнат ва алдов имонга зид экани огоҳлантирилади. Чунки, аҳд ва ваъдани бесабаб бузиш мунофиқнинг аломатидир.

“Оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар” эса турмушнинг оғир кунини ҳам, кенгчилик пайитини ҳам имтиҳон билиб, Аллоҳ истаган ва У рози бўладиган ҳолатда тура олган кишидир.

Юқоридаги оятда санаб ўтилганидек, имон келтирган ва солиҳ амал қилган инсонлар - яхшилик (аҳли)дир”. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”.

Аллоҳ барчамизга содиқлик ва тақводорликни насиб қилсин!


Н.Саидакбарова, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси 

 

 

 

29 Апрель, 2021 йил | 776