Инсон ҳаёт экан синов дунёсида олиши мумкин бўлган катта савоб ва манфаатлардан бирини бошқаларга қиладиган яхшилиги эвазига қўлга киритиши мумкин. Бу дунёда яхшиликнинг турлари ниҳоятда кўп бўлсада, кишиларнинг бошқаларга эҳсон, ёрдам сифатида берадиган эзгулиги ўзига хос ажр ва савобга эгадир. Закот ва ушр, шунингдек, фитр садақалар, нафақалардан ислом шариатида миқдорлари, вақтлари, тартиблари аниқ белгилаб қўйилган. Шу билан бирга шариатда кишининг ўз ихтиёри билан савоб умидида амалга оширадиган эҳсонлари, садақалари ва мурувватлари учун алоҳида ажрлар ваъда қилинган. Шу ўринда закот, ушр кишининг мулки нисобга етганда адо этиши лозим бўлган амал ҳисобланади. Аммо баъзи бир тарих фанига оид китобларда кузатиш мумкинки, ўрта асрларда Ўрта Осиёдаги мавжуд давлатларда солиқ сиёсати ҳақида гап кетганда, закотни давлат хазинаси учун, ушрни эса идора ишлари учун олинган солиқ сифатида баҳолаб илм-фан учун янглиш тушунча ўртага ташланган. Аслида давлат томонидан тайинлаб қўйилган закотчилар кишиларнинг берадиган закотини ва зироатидан берадиган ушрларини йиғиб олиб, уларни олишга ҳақли бўлган одамларга тақсимлаш вазифасини бажарганлар. Бу ҳолат давлат томонидан фарз намозларни жамоат билан ўқиш учун масжидлар фаолиятини ёки кишиларнинг ҳаж ибодатини амалга ошириши учун тартиблар жорий этишига ўхшайди. Закот исломда Аллоҳ буюрган фарз ибодат эканлигини ва уни олувчиларни ҳам Яратганнинг Ўзи Қуръонда белгилаб қўйганлигини ҳар бир мусулмон фарзанди билиш лозим. Унинг моҳиятини тушунмасдан закот солиқ деб тушунтирилса тарихий воқелик бузиб талқин этилган бўлади.
Асрлар давомида инсоният тарихида бошқаларга қилинадиган молиявий ёрдам ижобий баҳолаб келинган. Аллоҳ таоло инсон фитратини шу хислат ва фазилат билан яратган. Одамнинг бу фазилати ўзи яшаб тарбия олаётган муҳит, жамият ва атрофидаги таъсирлар орқали шаклланиб ўз ҳолича камол топади ёки бошқа салбий таъсирлар орқали бузилиб боради. Шунинг учун ҳам аждодларимиз таълим тизимини тарбия билан бирга ўйғун тарзда олиб борганлар. Яъни, ёшларга илм-маърифат бериш билан бирга фитратида мавжуд инсоний фазилатларни қалбида сақлаб қолган ҳолда такомиллаштириш йўлидан боришган. Бугунги кунда ҳам ёшлар таълим-тарбия тизимини ривожлантиришда аждодларимиз тажрибасидан ўтган шундай тенденцияларни қўллаш ва таълим-тарбия муассасаларида тадбиқ этиш мақсадга мувофиқ ишлардан бўлиши шубҳасиз. Хусусан, ўзгаларга моддий жиҳатдан ёрдам бериш фазилати ва унинг инсон учун фойдали ҳикматларини ёшлигидан англатиб бориш уларнинг сахийлик хислатлари шакллантирилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Сизлардан иймон келтирганлар ва инфоқ қилганларга катта ажр бордир” (“Ҳадид” сураси, 7-оят) деган. Шу биргина оятнинг маъно-мазмунини ёшларга тушунтириш, англатиш орқали, уларнинг сахийлик фазилатларини такомиллаштириш мумкин. Бошқаларга моддий кўмак беришни Аллоҳ буюрган деган тушунчада улғайган кишида жамиятда саховат, ўзаро ёрдам кўрсатиш оддий вазифага айланиб боради.
Бу дунёда Аллоҳ берган мол-мулкидан бошқаларга эҳсон-инфоқ қилиш туфайли мулкка эга бўлган одам аввало ажр-савобга эга бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда “Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси садақанинг ажри улуғдир?”- деди. “Ўзинг соғ-саломат, ҳирс қилиб туриб, фақирликдан қўрқиб туриб ва бойликни умид қилиб туриб садақа қилмоғинг...” - дедилар. Демак, аввало ўзгаларга қилинадиган хайр-саховатдан ажр умидини кўзлаш муҳимдир. Бу тушунчани ёшлигидан англаб борган киши улғайиб бошқаларга яхшилик қўлини чўзганда бундан бирор нарсани таъма қилишни ўйламайди. Инсон ҳар бир ҳаракатининг мевасини, натижасини кўришни ҳоҳлагани каби эзгулигидан кўрадиган фойдаси аввало улкан ажр-савобга эга бўлишидир. Ҳасан розияллоҳу анҳу мурувватга “иффатли бўлиш, ўз нафсига эгалик қилиш, қийинчиликда ҳам фаровонликда ҳам эҳсон бериш”, деб таъриф берганлар.
Буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўлларига назар ташлаганда уларнинг нечоғлик саховатпеша бўлганликларига гувоҳ бўламиз. Жумладан, буюк бобокалонимиз Имом Бухорийнинг кўп садақа қилганлиги, аммо бу ишини ҳеч кимга билдирмаслик ҳаракатида бўлганлиги манбаларда келтирилган. У кишининг шогирдлари ва хизматида бўлганлар Бухорийни ниҳоятда қўли очиқ инсон бўлган деб таърифлашган. Имом Ғаззолий асарларида агар инфоқ қилинмасдан барча мол-мулк фарзандларга мерос қилиб қолдирилса, болаларга яхшилик, кишининг ўзи учун охиратга ёмонлик билан боришлиги келтирилган. Шу маънода киши топган мол-мулкини фарзандларига мерос қилиб қолдириши билан бирга, ундан маълум қисмини эҳсон-садақа қилиб туришлиги лозим бўлади. Имом Ғаззолий асарларида қўйидагини ривоят қилади: “Яҳё ибн Муоз: “Банда учун ўз молидан ажали етган вақтда аввалгилар ва охиргилар ўхшашини эшитмаган икки мусибат бор”, - деди. “Икки мусибат нима? – сўрашди. Яҳё ибн Муоз: “Ҳамма моли олиб қўйилиб, ҳаммаси ҳақида сўралади”, - деб жавоб берди”. Яъни, киши вафот этганда, инфоқ-садақа чиқармасдан йиққан мол-мулки бу дунёда қолиб кетиши битта мусибат ва Аллоҳ берган мол-мулкни тўғри сарфламагани учун охиратда жавоб беришлиги иккинчи мусибат сифатида таърифланмоқда. Демак, Аллоҳ берган молу-дунёни, унинг миқдори қанча бўлишлигидан қатъий назар, тўғри сарфлаш лозимлиги ва бу тўғри сарфлашнинг ичида молиявий ибодатлар билан бир қаторда ўзгаларга бериладиган эҳсон-садақалар ҳам борлигини нафақат ўзимиз тушунишимиз, балки ёшларга таълим-тарбия жараёни давомида ўргатишимиз керак. Шунда кишиларнинг фитратида мавжуд бўлган меҳр-оқибат, инсоний фазилатлар такомиллашиб жамиятда намоён бўлиб боради. Натижада аҳоли орасида хайр-садақага, инфоқ-эҳсонга рағбати бор кишилар кўпайиб боради. Буюк алломалардан бири Юсуф Ҳамадоний “Рутбал ул-ҳаёт” асарида ўзгаларга қилинадиган яхшиликка шундай таъриф беради: “Яхшилик ёмғири эҳсон булутидан ёғади. Унсият шаббодаси эҳсон ҳавосидан эсади”. Демак, бизнинг мол-мулкимиз миқдори муҳим эмас, балки ундан бошқаларга сарфлаб турадиган хайр-садақаларимиз, инфоқ-эҳсонларимиз бизга савоб беради. Шунинг учун ҳам хайр-эҳсонларни кўпайтиришимиз ва бунинг моҳиятини ёшларга тушунтириб бориш муҳим вазифаларимиздан бирига айланиши керак.
Обид Тангиров Эшмахматович
Тошкент ислом институти ўқитувчиси