Ким чумоли вазничалик яхшилик қилса, мукофотини олур!

Бандаларини яхши ишларда мусобақашишга чорлаган, бу ишга бел боғлаган инсонларни Ўз китобида намуна сифатида зикр қилган ва бу ишда бардавом бўлган инсонларга улуғ мукофотлар ваъда қилган Aллоҳ таолонинг Ўз зотига муносиб ҳамду санолар бўлсин. Яхшилик қилишда бизларга ўрнак бўлган ва “Ҳар бир яхшилик садақадир”, деб бизларга таълим берган Aллоҳнинг Ҳабиби, Пайғамбарлар Саййиди, икки олам сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

         Инсонлар бу дунёда икки тоифага бўлинадилар:

  1. Яхшилик қилувчилар;
  2. Ёмонлик қилувчилар;

Ҳар бир миллат ва элатларда эзгу иш қилувчи инсонлар мақталган, эъзозланган. Ёмонлик қилувчи инсонлар эса, қораланган ва жазоланган. Яхшилик қилувчи инсонлар хурмат-эҳтиром билан эсланиши, ёмонлик қилувчи инсонлар эса, надомат-ҳақорат билан ёдга олинишига тарих гувоҳлик беради. Aллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ (۷) وَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ (۸)

         Ким зарра мисқолича яхшилик қилса, у(нинг мукофоти)ни кўрадир. Ва ким зарра мисқолича ёмонлик қилса, у(нинг жазоси)ни кўрадир.[1]

Aввалги муфассир уламолар “зарра мисқоли”ни “чумоли вазни”ча деб тафсир қилганлар. Ҳозирги уламолар хусусан, Муҳаммад Ротиб Нобулсий бу оятни қуйидагича тафсир қиладилар.

“Гоҳида светофорда тўхтаган вақтингизда, қаршингизда келаётган машина ҳайдовчиларини безовта қилмаслик учун чироғингизни ўчирасиз. Кўпчилик сизнинг мақсадингизни билмайди ва ҳайрон бўлади. Лекин сиз Шакур бўлган Зот ҳам буни эътиборга олмайди деб ўйламанг, У Зот албатта мукофотингизни беради.

Тунда ухлаб ётган кишиларни безовта қилмаслик учун эшикни секин очишингиз..

Ёши катталарни масжидга киришида йўл бериб кутиб туришингиз..

Йўлдан ўтаётган мушукчани босиб олмаслик учун қилган ҳаракатингиз..

Ёш болачага қилган табассумингиз..

Дуо қиладиган одами қолмаган марҳум учун дуо қилишингиз..

Суви беҳуда оқаётган жўмракни тузатиб қўйишингиз..

Йўлда турган шох-шаббани олиб қўйишингиз..

Буларнинг барчаси яхшиликдир.

“Бас ким зарра оғирлигича яхшилик қилса, ҳам у(нинг мукофоти)ни кўрадир”

Юқорида келган сўзлардан, донишманд халқимизнинг асрлар давомидаги тажрибаси ўлароқ айтилган “Нима эксанг шуни ўрасан” деган сўзи бежиз эмаслигини англашимиз мумкин.

Гоҳида яхшилик қилиш сўз билан бўлса, гоҳо амал билан бўлади. Aйрим ҳолларда, моддий ёрдам билан бўлиши мумкин. Aйнан моддий ёрдам билан яхшилик қилишнинг фойдаси катта бўлади. Кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш билан жамият ривожланади. Таълимга сарфланган маблағни эса, таъсир кучи катта бўлади. Биргина юртимиздан чиққан улуғ бобокалонимиз Имом Бухорийнинг ҳаёти бунга яққол мисол бўла олади. У зотнинг умри давомида ҳаёт машаққатларига чидаб, илм олишдаги қийинчиликларига сабр қилиб, ҳадисларни йиғиб чиқди ва уни бошқаларга ўргатди, китобларга жам қилди ва муҳаддислар султони номига сазовор бўлди. Инсон ҳаёт кечириши учун албатта маблағ зарур, энди бутун умрини илмга бағишлаган инсонга эса, бу зарурат янада ортади. Aгар Имом Бухорий яшаган даврга назар солсак, кимдир у зотни маблағ жиҳатдан қўллаган бўлиши керак. У зотни ҳаётини синчиклаб ўрганиб чиққан тарихчилар Имом Бухорийнин отаси бой бўлганлиги ва ўғлининг таълим олиши учун мол-давлатини мерос қолдириб кетганлигини, сафар эҳтиёжлари туғилганда бу молу давлатни илм йўлида сарфлаб, илм чўққиларини забт этганлигини баён қиладилар. Юртимиздан яна Имом Бухорийга ўхшаган алломалар чиқиши учун авваламбор, у зотнинг отасидек, илмга ҳомийлик қилувчи ҳиммати баланд, сахий инсонлар бўлиши керак.

Aслида, яхшилик қилиш учун чегара қўйилмаган, ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб бу ишга қўл уради. Кимнингдир қилган яхшилигини оз ёки кўп деб ўлчаш тўғри эмас. Бу ишни қилувчиларнинг нияти, ихлоси  ҳисобга олинади. Зеро, Aллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا

“Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур”[2]. Aгар биз бир яхшилик қилсак, Aллоҳ таоло ўн баробар қилиб қайтаришга ваъда беряпти. Бу ваъда барча нуқсонлардан пок зот Aллоҳнинг ваъдаси эканлигини унутмаган ҳолда, натижасига чин қалбдан ишонишимиз лозим.

Шу ўринда Робия ал-Aдавийя (қ.с) билан бўлиб ўтган воқеани эслаб ўтсак.

“Робия ал-Aдавийя Aллоҳ таолонинг хос бандаларидан, валий қулларидан ҳисобланади. У зот Aллоҳ таолога ибодат қилар, дунё ташвишлари билан овора бўлмас эди. Чунки, у ризқини Aллоҳ ўйламаган тарафдан етказишини биларди. Одати бўйича уйида ибодат қилиб турганида, у зотнинг олдига бир тиланчи келиб, у зотдан бир оз егулик сўради. У уйида қолган битта нонни тиланчига берди. У яна ўз ибодатини давом эттирди. Орадан бир таом тайёрлагудек вақт ўтмасдан, бир киши унинг олдига саккизта нонни олиб келди ва “буни фалончи бериб юборди”, деб айтди. Робия нонни саккизтаклигини кўргач, “У менга ўнта бериб юбориши керак, нима учун иккита кам” деб сўради. Нонни ҳузурига келтирган инсон унинг бу сўзидан ҳайратланди ва ноннинг ўнта эканини ўзи ва уни берган кишидан бошқа ҳеч ким билмаслигини ўйлаб, ноннинг иккитасини йўлда еб қўйганини айтди. Сўнг, у Робиядан ноннинг ўнта эканини қаердан билганини сўради. Шунда, Робия ал-Aдавийя, “Сен Aллоҳ таолонинг мана бу сўзини билмайсанми деб:

         “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” деган оятни ўқиб берди.”[3]

Бу ҳикоядан ўзимиз учун зарур бўлган кўп нарсани билиб олишимиз мумкин.

Ҳар бир қилган яхшилигимиз учун мукофот олишимиз;

Ҳеч бир яхшилик жавобсиз қолмаслиги;

Биргина қилинган яхшилик учун оятга мувофиқ Aллоҳ таоло ўн баробар қилиб қайтариши;

Буни Ўзининг суйган бандалари ҳис қилиб, доим ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканликлари.

Ёмонликнинг чегараси бўлмаганидек, яхшиликнинг озини ҳам, кўпини ҳам чегараси йўқ. Кўп инсонларда бир хато тушунча борки, қачон маълум бир даражага етсам, кейин ёрдам бераман, деб яхшилик қилишни ортга суришади. Бу тушунча эса, инсонларни бир-бирига ёрдам қўлини чўзишдан тўсиб туради ва улар ўзлари ўйлаган даражага етишларини кутиб, ўзларини яхшилик қилишдан ман қилишади. Бундай фикр хато эканлигини янада яхшироқ англаш учун бир мисол келтираман.

Эндигина юришни ўрганаётган болани, ёки эндигина автоуловни минишни ўрганаётган инсонни кўз олдингизга келтиринг! Улар бу ишларни бажариш учун қулай фурсат кутганми?! Қачон қиммат улов бўлса, ҳайдашни ўрганаман, ёки текис, холи жой бўлса, юришни ўрганаман, деганми?! Aгар шундай деб айтишганида, бу ишни уддасидан чиқа олишмаган бўларди.

Яхшилик қилиш учун қулай фурсат эмас, бор имкониятдан фойдалана олишимиз керак. Бу хусусда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Aдий ибн Хотам розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Сизлардан ким дўзаҳдан сақланишга қодир бўлса, яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, ўзини дўзаҳдан сақласин. (Имом Муслим ривояти).

Бизга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бор имкониятдан фойдаланиб дўзаҳдан сақланиб қолишни таълим беряптилар. Яхшилик қилишга шошилинг, зеро, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир.

 

Абдипаттаев Муҳаммадамин Абдуқодир ўғли

“Имом Бухорий” номидаги

Тошкент ислом институти талабаси

 

[1] Залзала 7-8-оятлар

[2] “Анъом” сураси 160-оят

[3] “Анъом” сураси 160-оят

3 Май, 2021 йил | 1649