Одамларнинг бир-бирига яхшилик қилишлари инсонийлик фазилатларнинг гултожидир. Яратгувчининг энг буюк кашфиётларидан бири бўлмиш Ҳазрати инсонни яратган экан, аввало, уларни яхшилик қилишга, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга, хайрли ишларни бажаришга даъват этади. Инсон бутун ҳаёти давомида яхшиликка дуч келади. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Яхшилик макон ва замон танламайди. Падари бузургворимиз ва волидаи муҳтарамаларимизга ғамхўрлик қилиш, уларни кифтимизга кўтариб юриш, қўли очиқ сахий инсон бўла олиш, ҳилмли бўлмоқлик, серқатнов катта йўлдаги кичик бир тошни олиб ташлаш, бағрикенг бўлиш, яшил чироқда қадди букилиб турган буви-буважонларнинг қўлидан тутиб йўлдан ўтказиш, катталарнинг қўлидаги оғир юкни кўтариш, ёр-у биродарларимизни қўллаб-қувватлаш, жамоат транспортларида ёши катталарга жой бериш, қушлар ва ҳайвонларга раҳм-шавқат қилмоқлик, муҳтож инсонларга саховат қўлини чўзиш, чақнаган одамга бир пиёла сув тутиш, мусофирга йўл кўрсатиш, биродарларимизга хушмуомалик қилиш, эҳсон қилмоқлик, етимнинг бошини силамоқ, самимий дўстона муносабатлар ўрнатиш, қариндош-уруғларнинг ҳолидан хабар олмоқлик, беморларнинг зиёратига бориб кўнглини кўтармоқлик ҳам эзгу амалларнинг гўзал кўринишларидандир. Яхшилик ва саховат – энг муҳим умумбашарий фазилатлардан бири бўлиб, инсон фаолиятининг асл ва азалий моҳиятини англатади. У инсонга кучли ҳузур-ҳаловат бағишлаши баробарида уни комил шахсга айлантирадиган ҳақиқий бахтга олиб боради. Яхшилик илоҳий иноятдир.
Қуръони Каримда “Агар эзгу иш қилсангиз – ўзларингизга эзгулик қилган бўлурсизлар. Агар ёвузлик қилсангиз ҳам ўзингиз учундир”. (Исро сураси, 7-оят). Қайси жамиятда яхшилик кўпайиб, ёмонлик камайиб борса, ўша жамият маънавий-ахлоқий юксакликка, фаровонликка, тараққиётга тезроқ эришади. Ёмон иллатлар аста-секин юқолиб хушхулқлик, ширинсуханлик, ҳалолик, бағрикенглик сингари фазилатлар кўпроқ ўрин эгаллайди. “Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга Аллоҳ мағфират (кечирим) ва улкан мукофот ваъда қилди” (Моида сураси, 9-оят). Мўъмин кишининг энг муҳим вазифаси ўзини ҳидоятга бошлаган Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. Иймондан кейинги энг муҳим вазифа эса одамларга фойда келтириш, яхшилик қилишдир.
Инсоннинг Яратгувчи ризолигини топиш йўлидаги барча солиҳ амаллари ибодатдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат этганлар: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки кишининг орасини ислоҳ қилишингиз, яъни яраштиришингиз яхшиликдир, эҳсондур. Бир кишига уловга чиқишга ёрдам қилишингиз ва юкини кўтариб уловга орттириб беришиз ҳам яхшиликдур. Одамларга азият берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлаш ҳам яхшиликдур”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Жобир (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз (с.а.в.): “Яхшилик қилишнинг барчаси садақадур”. Садақанинг энг кичик кўриниши бу –табассумдир. Биргина табассум орқали биз инсонларга кўтаринки кайфият, қувонч ва севинч ҳиссиётларини бағишлай оламиз. Мана шу биргина табассумнинг кучи орқали катта натижаларга эришиш мумкин. Юзи кулиб турган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Чунки унинг қалби ажойиб гўзалликларга лиммо-лимдир. Ҳаётимизда содир бўлувчи барча воқеликларни қаноат, сабр, шукроналик руҳиятида табассум билан қарши олмоқлик Парвардигор наздида ҳам мукофотлангайдир.
Ҳаётидан хурсанд бўлиб, шукроналик келтириб яшаган инсоннинг ҳам ишлари ҳам худди юзидек кулиб туради, муваффақиятга эришади, омад эса соядек эргашиб ҳамроҳига айланади. Табассум қилинг борлиққа, борлиқ ҳам сизга кулади. А.Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида яхшилик ҳақида қуйидагича айтиб ўтган: “Яхши одамдан ёмонлар ёмонлик кутмас; яхши одам ёмонлардан ҳам яхшилигини аямас. Яхшилик қила олмасанг – ёмонлик ҳам қилма. Яхшиликни ёмонликдан яхшироқ деб билмасанг, ёмонроқ деб ҳам билма. Яхшилик қилишни билмасанг, яхшиларга қўшил; яхшилик атрофида айлана олмасанг, яхшилар атрофида айлан”. Дарҳақиқат, яхшилик қилиш, инсонларга мадад бериш улуғ фазилатлардан биридир. Бу оламда яхшилик қилишни билмаган инсон ҳеч бўлмаганда яхши инсонларга қўшилиши, яхшилар атрофида ҳамроҳ бўлиши, улар сафида юришлигининг ҳам ҳикмати бор. Зеро, маълум муддатдан сўнг, унинг ҳам хатти-ҳаракатлари худди ҳамроҳлари каби шакллана бошлайди. Ҳеч бўлмаганда, унга яхшиликлардан эзгулик юқуши эътироф этилмоқда. Бобур Мирзо “Яхшилик” радифли ғазалида шундай эътироф этган:
Бори элга яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ,
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Ҳақиқатдан ҳам, агар имконингиз бўлса, халқ узра яхшилик қилинг. Яхшилик умрбод унутилмайди. Яхшилик ҳамиша мақтовга лойиқ. Яхши инсоннинг номи ҳар доим мақталади, мадҳ этилади. Ёмонлик қилган инсоннинг номи эл орасида доим ёмон хотиралар билан эсланади. Одамлар яхшилик йўлини ҳам, ёмонлик йўлини ўзлари танлайди. Энг муҳими, тўғри танловни қила олишда. Ёмонлик худди оловга ўхшайди. Бу олов инсонни ички оламини куйдиради. Оловни ўчиришнинг йўли эса ҳидоят йўлини танлашдадир. Яхшилик эса ям-яшил майсазорга ўхшайди. Бу майсазорда сайр қилган одам қалб ҳаловатига эришади, руҳан енгилликни ҳис этади, кўнгил хотиржамлиги ҳамроҳига айланади. Бир оғизгина меҳр-муҳаббат билан айтилган сўз ҳам яхшиликнинг дебочаси демакдир. Зеро, бир оғиз сўзнинг таъсир кучи туфайли миллионлаб одамларни ҳаётга қайтара олиши, узилган муносабатларнинг қайта тикланиши, янги ришталарнинг пайдо бўлиши сингари ажиб воқеликларга сабаб бўла олади. Алишер Навоий саховатни шундай таърифлайди: “Саховат - ҳосилдор дарахт, фойдали мева, мавж уриб турган денгиз, бебаҳо гавҳарга қиёслайди. Саховатсизлик эса ёғинсиз баҳор булути, ҳиди йўқ мушки анбар, ўтин, тутун, мевасиз дарахт, дурсиз садаф”га қиёслаган. Ибн Аббос (р.а.) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом У зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда айниқса, чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули одамларга яхшилик билан эсаётган шамолданда учқурроқ эдилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). У зотга ер юзининг хазиналари, мамлакатларнинг калитлари топширилган, ғаниматлар ҳалол қилинган эди. Шу билан бирга, У зотга дунёнинг турли мамлакатларидан хирож, закот моллари келтирилган, яқин йироқдаги подшоҳлар ҳад-ҳисобсиз совға-саломлар юборишган эди. Лекин У зот буларни шахсий мулк сифатида ўзлаштирмадилар. Бирортасини ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатмадилар. У зот: “Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, ундан Аллоҳ йўлида сарфлаш учун мўлжаллаганидан ташқари бирон динорни олиб қолиш мени хурсанд қилмайди”, деган эдилар. У зот шундай улуғ хайр-саховат эгаси бўлганлар. Ҳар доим У зотнинг босиб ўтган ҳаёт йўлларидан ибрат олишлик улуғ саодатдир. Инсоният тарихида мукаммалликнинг энг юқори чўққисида турган Ҳабибимиз (с.а.в.)га муносиб уммат бўлмоқлик сиз-у биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Уларнинг саховатпеша, бағрикенг, ҳилмли, барча одамларга яхшиликларни соғинувчи, самимийлик каби улуғвор хислатларини ўзимизда шакллантира билишлик мўъмин бандаларнинг эзгу амаллари сирасига киради. Гарчи сизга бошқалар ёмонлик қилсалар ҳам сиз яхшилик қилаверинг. Сизга ўзгалар бемеҳр бўлсалар ҳам сиз меҳрли бўлаверинг. Негаки, яхшилик қилиш ва меҳр улашиш хислатини айнан Аллоҳ айнан сизга берган. Яхшилик қилиш учун бой бўлиш шарт эмас. Яхшилик қилмоқ учун кучли ва соғлом бўлиш ҳам шарт эмас. Яхшилик қилмоқ учун юрак тўла меҳр кифоядир. Қадрли замондошим, атрофимиздаги инсонларга бефарқ бўлмайлик, инсонийликни тарғиб этувчи қадриятларимизни асраб-авайлайлик, миллий маънавиятимизни янада юксалтирайлик! Имконимиз бор ахир эзгуликлар улашишига. Имконимиз бор, саховатпеша инсон бўла олишга. Наҳотки, бир жойда тўхтаб турсак? Келинг, қўлимизни чўзиб одамларга кўмаклашайлик! Бу ҳаётдан биздан қоладиган биргина нарса бор: қилинган эзгу амаллар ва эзгулик йўлида яшаган умр абадийдир. Яхшиликлар сари қўйилган энг кичик қадамнинг ҳам мукофоти албатта яхшиликдир. Зеро, яхшилик қилишнинг эрта-кечи бўлмайди. Ҳар доим, ҳар лаҳзада, катта- кичик, ё соғлом, ё бемор, ёш-у қари, аёл-эркак умуман олганда, жамиятимизнинг барча аъзолари буни бажаришга қодир инсорлар. Донишмандлар сир сақлашни тавсия этган иккинчи нарса хайр-у саховатимиз ҳақида гапирмаслик. Саховат ноёб нарса бўлиб, уни кўз қорачиғимиздек асраш даркор. Қилган эзгу амалингиз билан ҳеч қачон мақтанманг. Кибр хайрли амалингиз ортидан келган яхшиликни тортиб олади. “Яхшилик қил, сувға отгил, Билса балиқ, билмаса Холиқ билур”. Қилинган барча эзгу, хайрли ишларнининг мезони Яратганга аёндир. Куни келиб сизга кутилмаган хайриётлар инъом этилишини Аллоҳдан деб билинг. Чунки бу сизнинг қачонлардир қилган яхшиликларингизга берилган мукофотнинг фоний дунёдаги кичик бир кўриниши ҳисобланади. Боқий оламда ҳали сизни интиқ бўлиб кутаётган қанчадан-қанча кўп мукофотлар ҳозирланганлиги фақатгина Ўзига аёндир. Сизнинг ўткинчи оламдаги солиҳ амаллариз учун бериладиган мукофотларга сазовор бўлиш учун камарбаста бўлмоқлик нақадар ажиб ва гўзал. Кечаги кунимиз ортда қолди. Бугун айни дамда яшамоқдамиз. Умр ғанимат. Ҳаёт ўткинчи. Бугуннинг ҳар бир лаҳзани мазмунли, қувончларга тўлдириб яшамоқ ўзимизнинг қўлимиздадир. Биз нафас олаяпмиз, ҳаракатдамиз, мақсадли фаолият юритамиз демакки, яшамоқдамиз. Умримизнинг ҳар бир дамини яхши ва эзгу амаллар, хайр-у саховат, инсонларга мадад қўлини чўзмоқликни вужудимизга сингдира олсак, бу бизга дастур амалимиз бўлиб қолажак. Эртанги кун учун мустаҳкам пойдеворни биз бугун қўйишимиз лозим. Порлоқ келажак бизни кутмоқда. Роббим, барчамизни ҳидоят йўлига бошласин! Яхшиликлар улашишда, адолатли жамият фуқароси бўлиб етишишимизда Ануширвони одилга, ҳимматли, қўли очиқ, саховатпеша бўлмоқликда Ҳотами Той каби даражаларга эришмоқлик ҳар биримизнинг қўлимиздан келади. Биз бу қаҳрамонларни ҳар доим эътироф этамиз ва шу нисонлар каби бўлишимиз лозим. Ўтмишимиздаги буюк сиймолар ибрат-намуна мактабини яратган. Биз толиби илмлар ундан пухта билим сирларини ўрганиб муносиб авлод сифатида миллий ва умумбашарий қадриятларимизни давом эттиражакмиз. Одамзот ўз умрининг боғини ўзи яратади. Бу боғдаги мусаффо осмон, чарақлаб нур сочаётган қуёш, хушнавоз булбуллар хониши, қушлар парвози, ота-оналаримизнинг борлиги, фарзандарларимизнинг буғубор кулгуси, оиламизнинг аҳиллиги, ўзаро меҳр-муҳаббат иқлими, дастархонларимиз тўкинлиги, тинчлик-хотиржамликдаги фаровон ва осуда ҳаёт барчамизга ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Қадрли замондошим! Умримизни мана шундай ажиб боғда эзгулик, хайр-у саховат амалларига тўлдириб, яшнатиб яшайлик! Барчамизни Аллоҳ ўз паноҳида сақласин! Омонат дунёда омон бўлайлик! “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз...” (Моида сураси, 2-оят) Рамазони Шарифнинг раҳмат ва мағфират, хайр-у эҳсон, барокат ва яхшиликларига етишайлик ИншаАллоҳ!!!
Саидова Парвина